УСТОЗЛАРГА ЭҲТИРОМ (Фото+Видео)

Туман янгиликлари

Илк бор қўлга қалам тутқазиб, ҳарфлар дунёсига олиб кирган, сирли бўлиб кўринган илм оламининг қулфини очган азиз ва муҳтарам устозларимизни доим ардоқлаб яшаймиз. Бу мўътабар инсонларни ёш авлодни камолга етказиш йўлидаги машаққатли меҳнати учун жуда қадрлаймиз ва эъзозлаймиз. Зеро, уларнинг бу беминнат хизматлари ҳар биримизнинг ҳаётимизда беқиёс ўрин тутади.

Мамлакатимизда "Ўқитувчи ва мураббийлар куни”нинг байрам сифатида кенг нишонланиб келинаётганлиги шарафли касб эгаларининг ҳурмат ва эътиборда эканлигидан далолатдир. Жумладан, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 27 сентябрдаги фармонига мувофиқ, мамлакатимиз таълим соҳасидаги катта тажрибага эга, фидойи ҳамда фаол ўқитувчи ва мураббийлардан бир гуруҳи байрам арафасида давлатимизнинг юксак мукофотлари ва унвонлари билан тақдирландилар.

Президентимиз Ш.Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган байрам табригида "Биз бугун замонавий билим ва касб эгалари, хорижий тилларни пухта эгаллаб, катта умид ва ишонч билан қадам қўяётган, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган минг-минглаб фарзандларимиз камолида ўқитувчи ва мураббийларнинг беқиёс ҳиссаси борлигини яхши биламиз ва сизларнинг бу улуғ хизматингизни юксак қадрлаймиз” дея алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Дарҳақиқат, маърифат фидойилари бўлган устоз ва мураббийларимиз чексиз эҳтиромга лойиқдир. Барча жойларда бўлгани каби туманимизда ҳам бу мўътабар инсонлар учун байрам тадбирлари, учрашувлар ўтказилди. Бўлиб ўтган тадбирларга фидойили ва жонкуяр ўқитувчи ҳамда мураббийлар, нафақадаги фахрий устозлар таклиф қилиниб, уларга эҳтиром кўрсатилди.

Туманимиздаги "Истиқлол” тўйхонасида ўтказилган байрам тадбирига халқ таълими фахрийлари, умумтаълим мактаблари директорлари, мактабгача таълим муассасалари мудиралари ҳамда таълим соҳасида фаоллик кўрсатиб келаётган фидойи ходимлар таклиф қилинди.

Тадбирда иштирок этган туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Алишер Йўлдошев ҳамда Хотин-қизлар қўмитаси раиси, туман ҳокими ўринбосари Марям Аҳмедовалар шарафли касб эгаларини байрам билан табриклаб, келажак ворисларини комил инсонлар қилиб вояга етказишдаги жонкуярлик ва фидойиликлари учун миннатдорчилик изҳор қилдилар.

Тадбида туман ХТМФМТТЭБ мудири Отабек Йўлдошов устоз, ўқитувчи ва мураббийларни касб байрами билан қутлади. Соҳадаги амалга оширилаётган улкан ўзгаришларга монанд равишда таълим сифатини янада яхшилашга эътиборни кучайтириш лозимлигини, эндиликда соҳа ходимларининг зиммасидаги масъулиятлари янада ортишини эътироф этиб ўтди.

Тадбирда халқ таълими соҳасида муносиб меҳнат қилиб келаётган 15 нафар фаол ходимларга "Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси”, "Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълим аълочиси” кўкрак нишонлари ва фахрий ёрлиқ ҳамда ташаккурномалар тақдим этилди.

Халқ таълими фахрийлари ва илғор ўқитувчи ҳамда мураббийлар ҳам сўзга чиқиб, барчани байрам билан муборакбод этдилар.

- Касбимиз машаққатли, масъулиятли шу билан бирга шарафли ҳамдир, – дейди фахр билан "Ўзбекистон Республикаси халқ таълим аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган 55-сонли мактаб директори Даврон Ариков. – Камтарона меҳнатим шу қадар юксак баҳолангани мени янада руҳлантирди, шу қаторда масъулиятимни ҳам оширди. Бундан кейин ҳам давлатимизнинг ишончини оқлаш учун янада кўпроқ меҳнат қиламиз.

Мамлакатимизда истиқлол йилларида бошқа соҳалар каби таълим тизими ҳам тубдан ислоҳ қилинди. Ёш авлодни баркамол, кенг тафаккурга эга, билимли ва ҳар томонлама етук инсонлар қилиб вояга етказиш давлат ва жамиятнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб келмоқда ҳамда бу ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда. "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да ҳам таълим тизимига алоҳида аҳамият берган.

Умумий ўрта таълим мактабларида шу ўқув йилидан бошлаб 10 синфларнинг ташкил этилгани ҳамда байрам арафасида мамлакатимизда Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилгани Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган ислоҳотларнинг амалий натижасидир.

Тадбир давомида туман Маданият бўлими хонандаларининг концерт дастури намойиш этилди.

Манба: amunews.uz

Мавзуга оид фотогалерея