«АҚЧАХАН ҚАЛЪА» ҚАДИМИЙ СИРЛАРИНИ ОЧМОҚДА

Австралияли археолог олимлар чорак асрдан буён Ақчаханда

Мустақиллик йилларида халқимизнинг бой тарихи ва маданиятининг ажралмас бир қисмини ташкил қиладиган, маънавий ривожланишимиз учун ниҳоятда катта аҳамиятга молик қадимий қўлёзмаларни, бадиий асарларни, эски тарихий эсдаликларни сақлаш, уларни илмий жиҳатдан тадқиқ қилиш, мамлакатимиз ва дунё жамоатчилиги орасида тарғиб қилиш ҳамда шу асосда туризмни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада мамлакатимиздаги бизнинг бебаҳо меросларимизга катта қизиқиш билан қараётган сайёҳларнинг ва хорижий мутахассисларнинг оқими борган сари ошиб бормоқда.

Мана, шулардан бири – Сидней университети профессори, Қорақалпоғистон-Австралия экспедицияси ко-директори, археолог Алисон Беттсдир. Унинг мамлакатимизда Ўзбекистон Қаҳрамони, археолог Ғ.Хожаниязов билан Беруний туманидаги тарихий «Ақчахан қалъа» эсдалигида археологик тадқиқот ишларини олиб бораётганига йигирма беш йил тўлди…

Янгиликка интилувчан халқимизга маънавий завқ бағишлаш илинжида ва ўзимизнинг касбий қизиқишимизга кўра ушбу тарихий муқаддас заминда археологик янгиликлар топилаётганини эшитганимиз заҳоти улар билан яқиндан танишиш мақсадида жануб томон йўл олдик.

 

Ақчахандан 6 метрлик «одам» топилди

Фото: Ақчахандан топилган 6 метрлик «одам» расми

Бизни қизиқтирган биринчи янгилик шу бўлди ва Алисон Беттсни суҳбатга чорладик.

« – Ҳозир биз профессор Ғ.Хожаниязов билан Ақчахан қалъада археологик ишларни биргаликда олиб бормоқдамиз, – дейди у. – Қазиш жараёнида қалъа марказидаги шимол коридордан девор расмларини топдик. Бу расмлар ниҳоятда аҳамиятли бўлиб, унда ғоят катта ҳажмдаги (6 метр) Зороастризм худоларининг, боғ ва қушларнинг расми тасвирланган. Биз ҳозир ушбу бебаҳо топилмаларни тозалаш, реставрациялаш ишларини олиб бормоқдамиз. Фараз қилишимизча, бу жойда топилмаларнинг давоми бўлиши мумкин. Шунингдек, бу жойдан эр кишиларнинг ва отларнинг расмлари ҳам топилди. Биз бу каби янгиликлар қучоғида бу йилни муваффақиятли кечди, деб ҳисоблаймиз ва қазиш ишларини келгуси йилларда ҳам давом эттириш ниятимиз бор. Бу борадаги фаолиятимизни биз франциялик Микеле Минарди билан ҳамкорликда Султон Увайс тоғ тизмаларида ҳам олиб бормоқдамиз.»

 

Султон Увайс тоғидан топилган оссуарийлар фан учун муҳим янгилик

Фото: Ақчаханда «Буюк Хитой девори» топилди

– Мана, деярли етти йилдан буён ушбу экспедиция аъзосиман. Биз шу йил Султон Увайс тоғ тизмаларида қазиш ишларини олиб бордик, – дейди Франциянинг Бордо университети доценти, археолог Микеле Минарди. – Биз тоғ тизмаларида оссуарийларга дуч келдик. Ҳозир мана, шу оссуарийларнинг ичидан топилган одам суякларини, зороастризм дини давридаги урф-одатларни ўргонмоқдамиз. Бу топилмалар фақатгина Қорақалпоғистон учун эмас, балки бутун Марказий Осиё учун ҳам муҳим аҳамиятга эга хазина бўлиб топилади. Қазиш ишларини яна давом эттирамиз, сабаби бу ҳудудлар ғоят қизиқарли топилмаларга бой деб ўйлаймиз.

– Мен Францияда расм консерватори бўлиб ишлайман. Мазкур экспедиция лойиҳасида ҳамкорликда ишлаётганимдан бахтиёрман, – дейди парижлик реставратор Мелоди Банот. – Қадимий расмлар устида ишлаш жудаям мароқли ва қизиқарли, шунингдек машаққатлидир. Сабаби, бу жойда кўплаб фрагментлар мавжуд бўлиб, улар биздан машаққатли ва масъулиятли ишни талаб қилади. Қадимги расмларнинг кичкина бўлакларини қураштириб аввалги ҳолатига олиб келиш осон эмас. Бу жараён ғоят муҳим бўлиб, фрагментлар топилган «катта зал»нинг узунлиги 20 метрни, баландлиги 10 метрни ташкил қилади. Ҳозирча бизда 3та фигура бор, улар Авесто даврига тегишли. Бу жойда бундан ҳам кўп фигуралар бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Биз ушбу фигуралар билан шу жойдан топилган боғ расмлари ўртасидаги боғлиқликни тушуна олмаябмиз. Ишларни давом эттирамиз.

Ақчахан қалъанинг тарихи тўғрисида айтганда дастлаб 1937 йилда Москва Фанлар академияси ҳузурида Толстов экспедициясининг очилганлигини таъкидлаш жоиз. Мазкур экспедиция 1945 йилгача Хорезм археологик экспедицияси деб номланган бўлса, ундан буён мустақиллик йилларигача Жданконинг раҳбарлигидаги этнографик экспедиция деб номлана бошлади. Мазкур экспедиция шу йиллар мобайнида Қорақалпоғистон территориясида, жумладан, Ақчахан қалъанинг тарихи бўйича фаолият олиб борди. Шунингдек, қалъани Андриянов, Ғуломовлар ҳам ўрганиб, мазкур ёдгорлик тарихини милоддан аввалги II, III IV асрлардаги Кушан даври билан боғлайди.

 

Буюк Хитой девори Қорақалпоғистонда ҳам барпо қилинганми?

Бизни яна бир ҳайратлантирган маълумот бу Буюк Хитой деворига ухшаш деворларнинг Қорақалпоғистон ҳудудида, яъни Ақчахан қалъада топилгани бўлди.

Бу хусусида ва Ақчахан қалъадан топилаётган бошқа бебаҳо топилмалар ҳақида профессор Ғ.Хожаниязов шундай дейди:

«Шахсан ўзим 1982 йилда Қизил қалъани қазаётган пайтимда, шу ҳудудда истиқомат қилувчи Гузенбай оғанинг кўрсатмаси билан Ақчахан қалъага диққат қарата бошладим. 1992 йилда бу ерга Сидней университети профессори А.Беттснинг келиши қалъани янада батафсил ўрганишимизга сабаб бўлди.  Яъни, биз 1995 йилда унинг раҳбарлигида қалъада (В.Ягодин, И.Новицкий, А.Беттс ва мен) қазиш ишларини бошлаб юбордик. Ақчахан қалъанинг ҳудудини 1920-1930 йилларда Қозоғистонда очарчилик оқибати туфайли Устюртдан тушиб келган ақтобели қозоқ қариндошлар макон қилади ва бу жой «Қазақли ётган» деб номлана бошлайди. Улар марҳумларни ушбу тепаликдаги Ақчахан қалъага дафн қилган. Биз қазиш даврида шундай ўн етти қабрни учратдик.

Амударёнинг ўнг томонидаги бу катта қалъанинг номи тўғрисида эса қатор манбалар мавжуд. 1910-1912 йилларда шу ҳудудда тадқиқот ишларини олиб борган россиялик тўпроқшунос Н.А.Димонинг ёзма манбаларида у «Аёз қалъа билан Қизилқалъа ва Ақчахан қалъанинг ўртаси маданий-тарихий эсдаликларга жуда бой экан», деб бу муқаддас тўпроқни Ақчахан қалъа, деб атайди. Ўрта аср ёзма манбаларида Қадимги Хоразмнинг пайтахти «Даржас» бўлган деган ҳам маълумот бор. Демак, бул қалъа номи «Даржас» бўлиши ҳам мумкин.

Фото: Ақчаханда қазиш ишлари

Ақчахан қалъа 50 гектардан зиёд майдони, беткарор меъморий қурилиши (уч қават), ундаги ҳар хил катта дарвозалар, унинг ташқарисидаги «Буюк Хитой девори»га ухшаш қалинлиги уч метрга яқин, узунлиги беш километрдан ортиқ баланд деворлар, ундан бери томонидаги лой олинган теран ва энли хандак (душмандан беркиниш учун сув билан тўлдирилган чуқурлик)нинг жойлашиши, ҳаттоки, қалъадаги заҳ сувларнинг ташқарига чиқарилиши учун канализацияларнинг ҳам мавжудлиги  бу қалъанинг пойтахт шаҳар бўлганлигини исботлайди. Бу қалъа Ўрта Осиёда камдан-кам учрайдиган энг йирик қалъалардан бири.

Биз ҳозирги қазиш жараёнида қалъадан картиналар галереясини топдик. Бу дунё археологияси ва фанда муҳим янгиликдир. Мингдан ортиқ бу фрагментларда деворларга бир бирининг устига чизилган портретлар, отли пиёдали маросимга бораётган одамлар, ҳайвонлар, қушлар, боғлар, хуллас, зороастризм динига боғлиқ маросимлардаги ҳар хил кийим-кечаклардаги одамларнинг тасвири гавдаланган. Уларнинг кўпчилигининг тож билан тасвирланишига қараганда улар бирнеча династия вакиллари бўлиши мумкин, деб ўйлаймиз. Шунингдек, топилмалар ичида 6 метрлик одам тасвирланган расмлар ҳам бор.  Бу зороастризм дини худолари бўлиши мумкин. Яқинда Америка ва Канададан зороастризм  динига сиғинадиган туристларнинг бу маконни муқаддас санаб зиёратлаб кетгани ҳам бежиз эмас, балким.

Фото: Ақчахандан топилган қадимий картиналар

Микеле Минарди томонидан Султон Увайс, Қаратау тоғ тизмаларидан одам суяклари солинган ўнга яқин оссуарийлар топилди. Бизнинг фикримизча, шу ҳудуддаги Тўпроқ қалъа, Бурим қалъа каби қалъаларнинг аҳолиси марҳумларни махсус даҳмаларда суягини тозалаб, шу тоғга дафн қилган бўлиши мумкин.

Бу топилмалар тадқиқ қилишни талаб қилади, албатта. Бу бўйича Ирландиядан ҳам мутахассислар иштирок этмоқда.»

Ақчахан қалъа минглаб йиллардан буён боғрида сақлаб келган сирли хазиналарини бугун инсониятга инъом этмоқда. Бу ҳақида янада кўпроқ маълумотлар бериб борамиз.

Ч.Елмуратов

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги муҳбири

Манба: kknews.uz