ФҲДЁ бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди

Туман янгиликлари

Мавзуга оид фотогалерея

1 декабрь куни туманимизда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимининг янги биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Замонавий ва миллий архитектура уйғунлигида барпо этилган "Бахт уйи” мажмуасининг кўркам ва шинам биноси "Қурилиш хизмат” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан 6 ой муддат ичида қуриб битказилди. Қурилиш ишларига 1 млрд. 254 млн. сўм маблағ сарфланди. Мажмуанинг муҳташам биносида никоҳ маросимларини қайд этиш зали, "Оила дорилфунуни”, ҳужжатларни сақлаш ва шу каби бошқа хоналар, шунингдек, давлат Нотариал идораси хонаси зарур жиҳозлар билан таъминланган.

Янги бинонинг очилиши маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмитаси бошлиғи Сағиндиқ Турманов, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия Вазири Жангабай Содиқов, туман ҳокими Султонбой Йўлдашев ҳамда бошқалар иштирок этдилар. Очилиш маросимида сўзга чиққанлар мамлакатимизда адлия тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳага қарашлимуассасаларнинг моддий-техника базасини яхшилаш бўйича қилинаётган ишларга кенг тўхталдилар.

– Жойлардаги каби туманимизда ҳам инсон манфаатларини таъминлаш мақсадида "Бахт уйи” учун замонавий ва муҳташам бино бунёд этилди, - дейди туман ФҲДЁ бўлими мудираси Санобар Холбоева. – Бу аҳолига тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Янги бинода яратилган шароит ва имкониятлар бизни астойдил ва масъулият билан ишлашга руҳлантирмоқда.

Шу куни "Бахт уйи”да дастлабки ёш оиланинг никоҳини қайд этиш маросими бўлиб ўтди.

Манба: amunews.uz