Туман Халқ қабулхонаси мудири: Халқ қабулхонасига фуқаролар томонидан 611 та мурожаат келиб тушди

Туман янгиликлари

Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддаси.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Амударё туманида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва холисона ҳал этишга хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида туманимиздаги Халқ қабулхонасига фуқаролар томонидан 611 та мурожаат келиб тушди. Шундан 165 та мурожаат Халқ қабулхонаси томонидан кўриб чиқилди. 387 таси  туман ҳудудидаги идора ва ташкилотларга, 59 таси юқори ташкилотларга ўрганиш ва муаммоларни бартараф этиш учун юборилди.

Ўтган 9 ой давомида 239 та мурожаат тўла қаноатлантирилди, 80 таси ҳуқуқий маслаҳат ва маълумот бериш орқали ҳал этилди. 188 та мурожаат асосли  деб топилиб, улар ҳал этилиши учун қўшимча ҳужжат, муддат ва ўрганиш талаб этиладиган мурожаатлар қаторига киритилди ҳамда 80 нафар фуқаронинг мурожаати атрофлича ўрганилиб, улар бўйича зарур тушунтиришлар берилди.

2017 йилнинг ўтган 9 ойи давомида тумандаги Халқ қабулхонаси томонидан 390 та турли мавзудаги тадбирлар ўтказилиб, халқнинг мурожаат ва таклифлари қабул қилинди. Туман ҳокими Султонбой Йўлдашев халқ орасига кириб, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида 47 марта сайёр қабуллар ўтказди. Туман прокурори томонидан ўтказилган 45 та, ички ишлар  бўлими бошлиғи томонидан ўтказилган 44 та очиқдан-очиқ мулоқотлар, бошқа идора ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида 247 марта уюштирилган юзма-юз учрашувлар жараёнида туманимиз аҳолиси ҳаётига оид ечимини кутаётган муаммоларга барҳам берилганининг ўзи давлат идоралари билан оддий халқ ўртасида самимий муносабатларнинг мустаҳкамланишида муҳим омил бўлди.

Ҳар ҳафтанинг шанба куни туман ҳокими раҳбарлигида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, давлат идоралари раҳбарлари билан биргаликда туманимизнинг битта маҳалласи ва битта давлат идорасига бориб, шу ҳудудда яшовчи аҳоли ва шу идорада ишловчи ходимлар билан учрашиб, аниқланган долзарб муаммоларни жойида бартараф этиш юзасидан аниқ чоралар кўриб бормоқдамиз.

Туманимизда фаолият кўрсатаётган Халқ қабулхонаси аҳоли билан бевосита мулоқот қилиб, ҳаётий муаммоларни тезкорлик билан, шу ернинг ўзида ҳал этишга кенг имконият яратмоқда ва кишиларнинг оғирини енгил қилиб, уларнинг ҳукумат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.

Мен фурсатдан фойдаланиб, туманимиз аҳолисини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги билан муборакбод этаман. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз фаровонлиги абадий бўлсин!

Эркин РАЖАБОВ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги Халқ қабулхонаси мудири.

Манба: amunews.uz