Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 февралдаги «Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-2750-сон (Халқ сўзи, 2017й., 24 (6718)-сон) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 06.02.2017 йил 51-сонли қарори ижросини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш механизмларини янада такомиллаштириш, давлат хизматлари кўрсатишнинг сифати ва ошкоралигини, улардан фойдаланиш имкониятларини янада ошириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, «ягона дарча» марказларини самарали бошқариш ҳамда жойларда халқ билан бевосита мулоқотнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 9-сон, 320-модда) мувофиқ

Қ А Р О Р    Қ И Л А М А Н :

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 февралдаги ПҚ-2750-сонли ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 06.02.2017 йил 51-сонли қарорлари маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори билан қуйидагилар:

Амударё тумани «Ягона дарча» маркази туман ҳокимлиги тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилганлиги;

тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси тузилганлиги;

2017 йилда фақат «ягона дарча» марказлари орқали кўрсатиладиган қўшимча давлат хизматларини жорий этиш жадвали;

2018 — 2020 йилларда босқичма-босқич жорий этиладиган, фақат «ягона дарча» марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхати тасдиқланганлиги;

берилган, тўхтатиб қўйилган, қайта тикланган, қайта расмийлаштирилган, бекор қилинган, шунингдек амал қилиши тугатилган рухсатнома ва лицензиялар тўғрисидаги маълумотларни «Лицензия» ахборот тизимлари комплекси доирасида олиш имкониятини яратиш йўли билан «ягона дарча» марказлари орқали қоғоз шаклида бериладиган махсус бланкалардаги рухсатнома ва лицензияларни мажбурий расмийлаштириш талаби 2018 йил 1 январдан бошлаб бекор қилиниши;

тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи сифатида олинадиган барча маблағлар ҳамда «ягона дарча» марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари учун тўланадиган давлат божлари ва йиғимлар ҳажмининг 10 фоизи миқдоридаги маблағлар «ягона дарча» маркази фаолиятини молиялаштириш манбаи сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги номига очилган махсус шахсий ҳисобрақамга ўтказилиши ҳамда келиб тушаётган маблағлар «ягона дарча» марказларини сақлаш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни рағбатлантиришга йўналтирилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Ҳудудий комиссия (бундан буён — ҳудудий комиссия) иловага мувофиқ таркибда тузилсин.

Ҳудудий комиссияга туман прокурори раҳбарлик қилиши кўрсатиб ўтилсин.

Қуйидагилар Ҳудудий комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

давлат хизматлари, шу жумладан «ягона дарча» марказлари орқали кўрсатилаётган хизматлар сифати ва ошкоралигини, улардан фойдаланиш имкониятларини оширишга қаратилган ташкилий, ҳуқуқий ва бошқа чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;

давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ишлар ҳолатини тизимли таҳлил қилиш;

соҳадаги муаммоларни аниқлаш, давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш ва амалий чора-тадбирлар кўриш, шу жумладан бундай чора-тадбирларни жойларда халқ билан бевосита мулоқот ўрнатиш орқали кўриш.

4. Туман “ягона дарча” маркази Ҳудудий комиссиянинг ишчи органи этиб белгилансин.

5. Туман ҳокимлиги балансидаги «ягона дарча» марказининг давлат мулки бўлган қурилиш майдони 254,7 кв.м, фойдаланиш майдони 224,3  кв.м. бўлган биноси, барча тегишли асбоб-ускуналар, ҳужжатлар ва бошқа мулклар иловага мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигига белгиланган тартибда текин тақдим этилсин.

6. «Ягона дарча» марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматларини жорий этишга доир тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти ва тегишли ташкилот раҳбарлари зиммасига шахсий жавобгарлик юклатилсин.

7. Ушбу қарор «Тараққиёт кўзгуси» газетасида эълон қилинсин ҳамда тегишли тартибда ҳокимликнинг – www.Amudaryo.RK.uz расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.

8. Туман Ҳокимлиги бош ҳисобчиси (Ч.Тажимуратов) баланс хужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритиш топширилсин.

9. Туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси (У.Юлдашев) кадастр хужжатларини тайёрлаш ва тегишли ўзгартиришлар киритиш топширилсин.

10. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари У.Палванов ва туман прокурори Ф.Алламбергенов зиммасига юклатилсин.

 

 

Амударё тумани ҳокими: С.Йўлдашев

Манғит шаҳри, 2017 йил 9 февраль , № 81-сон