Тошлоқлик отахон имтиёзли сертификат асосида “Damas” автомобилини сотиб олди

“Бу хонадонда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Рустамжон Акбаров яшайди”.

Бу пешлавҳани ўқиган кишини ажиб бир туйғу чулғаб олади. Кўчадан ўтаётган ёшу қари бу уйга ҳавас билан қарайди. Дарҳақиқат, бугунги тинч-осойишта ҳаётимиз учун жанггоҳларда ҳар куни, ҳар лаҳза ажал билан юзма-юз келган бундай инсонлар барчамизнинг фахримиз. Уларга эъзоз-эҳтиром кўрсатиш, кўнглини олиш фарзандлик бурчимиз.

Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб жойларда ўтказилаётган тадбирларда ёши улуғ инсонларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром ва ғамхўрлик кўрсатишдек халқимизга хос олижаноб фазилатлар янада яққол намоён бўлмоқда.

Фарғона вилоятида ҳам байрам муносабати билан турли тадбирлар, кекса авлод вакиллари билан учрашувлар ўтказилаётир. Давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳомийлар томонидан уруш ва меҳнат фронти фахрийларига совғалар, зарур дори-дармонлар топширилмоқда. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари, ўқувчи-талабалар нуронийларнинг уй юмушларига, турар жойларини таъмирлашга кўмаклашаётир.

Президентимизнинг шу йил 4 апрелдаги "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармони ҳамда "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларига 2 миллион сўмдан пул мукофоти, “GM Uzbekistan” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган замонавий автомобилларни бир марталик навбатсиз сотиб олиш ва уларга бепул техник хизмат кўрсатиш учун имтиёзли сертификатлар топширилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари Тошлоқ туманидаги Қумқишлоқ маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Рустамжон Акбаров хонадонида бўлиб, Президентимиз номидан отахонга пул мукофоти ва совғалар топширди. Имтиёзли сертификат асосида отахон “Damas” автомобилини харид қилди.

Бундан кўнгли тоғдек кўтарилган Рустамжон ота тинч-осойишта, фаровон ҳаётимиз барқарор бўлишини сўраб, дуо қилди.

Кўпни кўрган, бой ҳаётий тажрибага эга инсонларнинг ўгитлари ёшлар учун ибрат. Рустамжон ота уйига йўқлаб келганларга ёшлигидаги суратларини кўрсатишни хуш кўради. Қуролдош дўстлари ҳақида эслайди, халқимизнинг бағрикенг ва самимийлиги хусусида тўлқинланиб гапиради. Ёшларга Президентимиз раҳнамолигида эришилаётган ютуқ ва марралар қадрига етишни уқтиради.

Урушдан қайтгач, қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқ йиллар меҳнат қилган Рустамжон ота уч ўғил, беш қизни тарбиялаб, вояга етказди. Бугун набира келинлар, чеваралар ардоғида. Тўй-ҳашамларда доимо бош-қош. Отахон меҳнатни яхши кўради. 91 баҳорни қаршилаган бўлса-да, бир дақиқа бўш турмайди. Томорқада 50 йилдан буён қовун етиштиради.

– Бу киши етиштирган қовунларнинг донғи вилоятга кетган, – дейди "Қумқишлоқ" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шаҳодат Ўсарова. – Ҳозир ҳам қовун уруғини ерга қадаб, парвариш қилмоқда. Отахоннинг тетик ва бардамлиги меҳнатнинг орқасидан. Рустамжон ота каби боболаримизнинг ҳаёти ёшлар учун ибратдир.

Р.Акбаровнинг акаси Иккинчи жаҳон урушида бедарак кетган. Шунинг учун у Фарғона шаҳридаги Хотира майдонига тез-тез боради, бугунги осуда ва тўкин ҳаётимиз учун мардона курашган юртдошларимиз ҳақига дуо қилади. 2008 йилда отахон ҳаж сафарига бориб келди.

– Юртимиз тинч-осойишта бўлсин. Ёшу кексасини бирдай қадрлайдиган, фуқаролари саломатлиги, фарзандлари камолоти йўлида барча шароитларни яратиб бераётган давлатимиз раҳбарининг умрлари узоқ бўлсин, – дейди отахон қўлини дуога очиб. – Сизлар ҳам доимо соғ бўлинглар. Қовун пишиғида албатта келинглар, ўз қўлим билан қовун сўйиб бераман.
 

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА

(Манба: ЎзА)