Амударё туманида замонавий болалар сув спорти саройи фойдаланишга топширилди

Туман янгиликлари

Мавзуга оид фотогалерея

Мамлакатимизда аҳоли, айниқса ёшларни спортга фаол жалб қилиш, иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш масалаларига доимий эътибор қаратиб келинмоқда.  Спорт мажмуалари, замонавий шароитларга эга спорт иншоотларини барпо қилиш, чекка ҳудудларда яшовчи ёшларнинг ҳам спорт билан шуғулланишларига имконият яратиш масаласи давлатимиз ва ҳукуматимизнинг доимий эътиборида. Pеспубликамизнинг турли ҳудудларида қад ростлаган иншоотларда бугун ёшларимиз спортнинг ўнлаб турлари билан мунтазам шуғулланмоқда. Улар орасида мамлакат ва жаҳон миқёсидаги мусобақаларнинг ғолиблари, чемпионлар етишиб чиқаётгани соҳага қаратилаётган эътиборнинг маҳсулидир.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, сувда сузиш, айниқса, ўсмир организми учун жуда фойдали. Сабаби, бу жараёнда танадаги барча мушаклар фаол ҳаракат қилиб, чиниқади. Натижада қон айланиш тизими яхшиланади, ўпка, юрак фаолияти яхшиланади. Сузиш ёш организмга қувват беради, иммунитетини мустаҳкамлайди. Сувда сузган кишининг асаблари тинчланиб, кайфияти кўтарилади. Шу сабабли ҳам 2017-2021 йилларда биргина Қорақалпоғистон Pеспубликасининг 11 та туманларидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари қошида ёпиқ сув ҳавзаларини янгидан қуриш режалаштирилган.

Ушбу дастур асосида биринчилардан бўлиб Амударё туманида 2018 йилнинг иккинчи ярмида ёпиқ сув ҳавзаси қурилиши бошлаб юборилган эди. “Амударё сув қурилиш бошқармаси” масъулияти чекланган жамиятининг илғор қурувчилари 6 ой ичида қурилиш ишларини сифатли якунлаб, иншоотни муддатидан олдин фойдаланишга топширишга эришдилар.

2019 йилнинг 6 январь куни туман Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби қошида янгидан қад ростлаган замонавий кўринишдаги ёпиқ сув ҳавзасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси раисининг ўринбосари Атажан Ҳамраев, Ўзбекистон Pеспубликаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, туман ҳокими Султонбой Йўлдошев ва бошқалар сўзга чиқиб, спортчилар ва мураббийларни, туманимиз аҳлини янги спорт иншооти ишга туширилиши билан қутлади.

Маълумки, Президентимизнинг “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Pеспубликаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларини ташкил этилган эди. Мазкур жамғарма маблағлари эвазига бунёд этилган ёпиқ сув ҳавзасида сузиш билан шуғулланиш учун барча шароитлар яратилган.

– Мазкур сузиш ҳавзасининг фойдаланишга топширилиши туманимиз ёшлари учун қувончли воқеа бўлди. Эндиликда Болалар ва ўсмирлар спорт мактабимизда сузиш тўгарагини ташкил этиб, туманимизда сув спорти турларини оммалаштириш, ўсмирлар ва ёшларининг соғлом ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши учун қўлган келганча ҳаракат қиламиз. Умид қиламизки, мазкур иншоотда сув спорти турлари билан шуғулланган ёшларимиз орасидан Ўзбекистон, жаҳон ва Олимпия чемпионлари етишиб чиқади, – дейди Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Чоршам Тожимуротов.

Смета баҳоси 4 млрд 876 млн сўмни ташкил қилган ушбу объектда 11х25 метр ўлчамдаги сузиш ҳавзаси, мураббий ва шуғулланувчилар учун ювиниш, кийиниш, дам олиш хоналари ҳамда томошабинлар учун ўриндиқлар мавжуд. Ишонамизки, ушбу иншоотда мушғулотларга қатнашган ёшларимиз кураш, бокс, гимнастика ва бошқа спорт турлари билан шуғулланувчи тенгдошлари каби туманимиз, Қорақалпоғистон Pеспубликаси ва мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилувчи спортчилар бўлиб етишади.

Ғ.Ешниёзов