Вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари ёшлар билан учрашди

Туман янгиликлари

Мамлакатимизда ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом баркамол авлодни вояга етказиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, соҳадаги вазият ва амалга оширилган тадбирлар таҳлили ёшларнинг кенг қатламларига дахлдор бўлган долзарб масалалар, айниқса, уюшмаган ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантириш борасидаги ишларни янада такомиллаштиришни талаб қилмоқда.

Шу сабабли мутасаддилар ёшлар билан учрашувлар ўтказиб, уларнинг таклифлари, фикр-мулоҳазаларини тинглаб, муаммоларини ўрганмоқда ҳамда ижобий ҳал қилишга ҳаракат қилмоқда. Шу мақсадда 11 январь куни Амударё туманидаги 9-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг фаоллар залида ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Амударё тумани ҳокими Султонбой Йўлдошев, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Қурилиш вазири Жалғасбай Бердиханов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси Қорақалпоғистон Pеспубликаси Кенгаши раиси Шарапат Отемисов, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси бошлиғи Алишер Якубовлар иштирок этди.

Учрашув очиқ мулоқот тарзида бўлиб ўтди. Меҳмонлар ёшларга ўзларининг ҳаёт йўлларида эришган муваффақиятларининг сабаблари, инсонинг шаклланишида билим ва меҳнатнинг ўрни ҳақида ҳаётий мисоллар орқали ҳикоя қилдилар.

Учрашувда сўзга чиққанлар таъкидлаганларидек, жисмонан соғлом, маънан етук, мустақил фикрлайдиган ва интеллектуал салоҳиятли авлодни вояга етказиш амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидандир. Ватанимиз келажаги, халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаши фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига, қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб боришига боғлиқ.

Юртимизда айни вақтда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнини, яъни кучли фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий демократик давлат қуришдек эзгу мақсадимизни аҳолининг асосий қисмини ташкил этувчи ёшлар иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, юртимизда мазкур соҳадаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Pеспубликасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни давр талабларига мос равишда ҳар томонлама баркамол, мустақил фикрлайдиган, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, халқ манфаати йўлида бор салоҳиятини сафарбар қиладиган, шижоатли ёшларни тарбиялаш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратди.

Шунингдек, ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб қилиш, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилди. Президентимиз томонидан имзоланган “Yoshlar - kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони эса бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган энг муҳим ҳужжат бўлди. Ҳозирда ушбу дастур доирасида кўплаб ёшларимиз хусусий тадбиркорлик фаолиятларини олиб бормоқдалар. Бу орқали эса янги иш ўринлари яратилиб, ёшларимизнинг бандлиги таъминланмоқда.

Қолаверса, Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти томонидан илгари сурилган, ёшларнинг таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган 5 та ташаббус ёшларимизга янги имкониятлар яратди. Ушбу 5 ташаббусни аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш юзасидан салмоқли ишлар қилинмоқда.

Учрашувда иштирок этган ёшлар меҳмонларга саволлар билан мурожаат қилиб, тегишли жавоблар олди.

Туман ҳокимлигининг ахборот хизмати.