АМУДАPЁДА ЁШЛАP ИШТИPОКИДА МАPАФОН-ЮГУPИШ МУСОБАҚАСИ ЎТКАЗИЛДИ

Туман янгиликлари

Кейинги йилларда мамлакатимизда спортни, хусусан, болалар спортини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2019-2023 йилларда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш концепцияси тасдиқланиб, мазкур ҳужжат асосида қатор спорт мусобақалари, беллашувлар ва тадбирлар ташкил қилинмоқда.

Қолверса, Президентимизнинг бешта муҳим ташаббуси ҳамда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида олис ҳудудларда ҳам спорт объектлари ишга туширилиб, ёшлар спортга фаол жалб этилмоқда. Мана шу каби ишлар натижасида спорт билан шуғулланаётган ёшлар сафи кун сайин ортиб бормоқда.

Амударё туманида ёшларни спортга жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Pеспублика ишчи гуруҳи аъзолари 16 январь куни туман Болалар ва ўсмирлар спорт мактабига ташриф буюрди.

Таъкидлаш керакки, туманда жисмоний тарбия ва омавий спортни ривожлантириш соҳасида олиб борилган ишлар натижасида бугунги кунда туманнинг барча ҳудудларида жами 15 та сунъий қопламали футбол майдончалари мавжуд.

Болалар-ўсмирлар спорт мактабида 133 та гуруҳда жами 1 минг 794 нафар ёшлар спорт сирларини ўрганмоқда. Уларнинг 314 нафари қизлардир. Спорт мактабида 21 та спорт тури бўйича тўгараклар ташкил қилинган бўлиб, шундан 15 таси олимпия, 2 таси миллий, 4 таси бошқа спорт турлари бўйича олиб борилади. Ёшларга 57 нафар мураббийлар спорт сирларини ўргатишмоқда.

2019 йил амударёлик спортчилар ҳаётида чуқур из қолдирди. Биргина туман Болалар-ўсмирлар спорт мактаби спортчилари 62 та медаль соҳиблари бўлишди. Ўзбекистон кубоги ва чемпионатларида 6 та олтин, 2 та кумуш, 11 та бронза медални қўлга киритдилар. Халқаро мусобақаларда эса спорт мактаби тарбияланувчилари 10 та олтин, 15 та кумуш, 18 та бронза медалга сазовор бўлди.

Ишчи гуруҳ аъзолари спорт тўгараклари фаолияти билан яқиндан танишиб, болалар ҳамда ўсмирлар билан мулоқот қилди. Спортчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишган ишчи гуруҳ аъзолари ёшларни спортга янада кўпроқ жалб қилиш, тўгараклар сонини кўпайтириш бўйича тавсиялар берди. Шунингдек, фаол спортчи ёшларга эсдалик совғалари топширилди.

Чиндан ҳам, спорт билан шуғулланган ёшлар нафақат бўш вақтини мазмунли ўтказади, балки жисмоний чиниқиб, соғлом бўлади. Энг муҳими, соғлом турмуш тарзи спорт билан шуғулланган инсоннинг ҳаётий қоидасига айланади.

Шу мақсадда Манғит шаҳрида ўтказилган марафонда 300 нафардан зиёд ёшлар иштирок этишди. Байрамона кайфиятда ташкил қилинган ушбу мусобақалар амударёлик ёшларни бирлаштиришда муҳим восита бўлди.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш борасидаги 5 та муҳим ташаббусидан бири ҳам айнан ёшларни спортга жалб қилиш орқали уларни соғлом ва баркамол қилиб вояга етказишдек эзгу мақсадга қаратилган.

Марафон ғолиб ва совриндорларига туман ҳокимлиги ва ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари, дипломлар топширилди. Спорт тадбирида фаол иштирок этган бир гуруҳ ёшлар турли номинациялар бўйича муносиб тақдирланди.

Бу каби спорт тадбирлари аҳоли, хусусан ёшлар ўртасида спортни оммавийлаштиришда муҳим ўрин тутади ҳамда спорт ривожига ҳисса қўшиш билан бирга келажагимиз эгаларининг соғлом ва баркамол бўлиб улғайишларида ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Ғ.Ешниёзов