ТУМАНИМИЗДА БЕПУЛ ХАЙPИЯ АКЦИЯЛАPИ ТАШКИЛ ЭТИЛМОҚДА

Туман янгиликлари

Инсоният қадим замонлардан жуда кўп юқумли касалликлар, эпидемияларни бошидан кечирган. Кўплаб элатларга қирғин келтирган офатлардан бири бўлган юқумли касалликларни барча халқлар сабр билан енгиб ўтиб, чора топишган. Коронавирус пандемияси ҳам дунё халқлари бошига келган жиддий ташвиш, синовга айланди.

Шу йил 15 март куни коронавирусга чалинган илк бемор юртимизда ҳам қайд этилди. Ўн кундан зиёд вақт оралиғида эса ушбу машъум вирусни юқтирганлар сони 75 нафарга етди. Касалликка чалинганлар асосан чет давлатларда бўлиб қайтган юртдошларимиз ва улар билан яқин мулоқотда бўлганлардир.

Кейинги кунларда касаллик қайд этилиш ҳолати ошаётгани муносабати билан бу чора-тадбирлар яна ҳам кучайтирилди. “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 23 март кунги Ҳукумат қарорига кўра, мамлакатимиз ҳудудида 2020 йил 24 мартдан бошлаб, коронавирус тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилди. Унга кўра, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига тарқалишининг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳрига автобус, микроавтобус, автотранспортлар, авиақатнов, темир йўл орқали кириш таъқиқланди. Мамлакат ҳудудида бозорлар, умумий овқатланиш шоҳобчалари, барча кўнгилочар масканлар фаолияти вақтинча тўхтатилди, деҳқон бозорлари, озиқ-овқат дўконлари бундан мустасно. Шунингдек, кўчада, ишхоналарда одамларга ниқоб тақиб юриш мажбурийлиги белгиланди.

Бу бўйича туман ҳокимлигининг ташаббуси билан маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, туман ички ишлар, тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида аҳолига коронавирус инфекциясини уй шароитида олдини олиш, гигиена қоидаларига риоя қилиш ва кўчада ниқобсиз юрганлар жаримага тортилиши ҳақида тарғибот тадбири ва тушунтириш ишлари олиб борилди.

Юртимиз аҳли учун синовли давр бошланган мана шу дамларда бепул тиббий ниқоблар акцияси ўтказилгани, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга бепул нон ва озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилаётгани жуда қувонарлидир.

Шундай кунларда тиббий ниқоб тикиш лицензия талаб этилмайдиган хизмат турига ўтказилганлиги муносабати ниқоб тикиб, хайрия акция доирасида юртдошларимизга текинга тарқатаётган сахий юртдошларимиз, карантин тартибини назорат қилаётган тиббиёт, ички ишлар, ҳарбий хизматчиларга бепул егуликлар улашаётганлар ҳам талай.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти туман бўлими ходимлари ҳам бунингдек хайрли ишлардан четда қолмадилар. Улар ўз ҳисобларидан аҳолига 3 минг донадан зиёд тиббий ниқоблар тарқатдилар. Тиббий ниқобларни бепул тарқатиш акцияси туманимиздаги “Жавоҳир” хусусий тиббий клиникаси томонидан давом эттирилди. Клиника тиббиёт ходимлари аҳолига карантин даврида жуда зарур бўлаётган тиббий ниқобларни бепул бериб чиқишди. Ундан ташқари, коронавирус инфекцияси ва унинг олдини олиш ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориб, барча фуқаролардан гигиена қоидаларига риоя қилишларини астойдил илтимос қилишди.

Ундан ташқари, туманимизда нон тайёрлаш цехини ташкил қилган якка тадбиркор Муҳайё Йўлдошева томонидан “Манғит деҳқон бозори” ҳудудида аҳолига бепул 1000 дона буханка нонлар тарқатилди. Шунингдек, “Аmudaryotex” хорижий корхонаси ҳам туманимиздаги кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож 50 та хонадонларга озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатдилар.

Инсон ҳаёти доим бир хил силлиқ кечмайди, баъзан турли  муаммолар туфайли оилалар ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлиб қолади.

Юртимизда коронавирус туфайли ўрнатилган карантин режими бундай оилаларга иқтисодий қийинчилик туғдирмаслиги учун уларга ёрдам берилиб, оғир кунларда халқимиз яна ҳам ҳамжиҳатлигини, бирдамлигини намойиш этмоқда.

“Аmudaryotex” хорижий корхонаси ана шундай оилалардан 50 тасига мадад бўлди. Уларга озиқ-овқат маҳсулотларини корхона директори ўринбосари Омонбой Юсупов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ аъзолари тарқатиб бердилар.

Моддий кўмак берилганлар орасида Манғит шаҳининг Навоий маҳалласидан Муборак Намозова, Ботир Сейитов, Бойовул маҳалласидан Манзура Pаҳимова, Нозимгул Юсупова, Дурунки маҳалласидан Наргиза Яржанова, Илҳом Оллабергановлар оилалари бор.

Бу каби хайрли ишлар юртимизда кўплаб амалга оширилмоқда. Ушбу синовли кунларни ўзларининг ақл-заковати, бирдамлиги ва аҳиллиги билан енгишга интилаётган халқимиз шифокорлар йўл-йўриқларига амал қилишмоқда, оиласи бағрида қолиб, фарзандлари тарбияси билан шуғулланишмоқда.

Биз ишонамизки, юрт бошига тушган бугунгидек синовли кунларни халқимиз бирдамлиги, юксак инсоний фазилатлари билан енгиб ўтади.

 
Ойгул PАЖАБОВА.