Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 12-сессияси тўғрисида АХБОРОТ

Туман янгиликлари

Жорий йилнинг 19 август санасида туман ҳокимлигининг мажлислар залида Халқ депутатлари Aмударё туман кенгашининг навбатдаги 12-сессияси бўлиб ўтди. Сессия мажлисида Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари, ҳокимлик масъул ходимлари, ҳуқуқ-тартибот органлари, бўлимлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Сессия ишини туман ҳокими Султонбой Йўлдашев очди ҳамда олиб борди.

Сессия кун тартибида қатор масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, кун тартибидаги дастлабки масала туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг карантин талаблари босқичма-босқич юмшатиб борилиши муносабати билан фуқаролар санитария талабларига қатъий риоя этишлари зарурлиги, аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг ўз вақтида юқори ва сифатли кўрсатилиши юзасидан туман аҳолисига мурожаати тингланди.

Мурожаатда келтирилганидек, ўтган ойлар давомида туманимизда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиялогик вазиятни юмшатиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва даволаш жойларини керакли дори-дармонлар билан таъминлаш ҳамда бирламчи тиббий-санитария муассасаларининг иш фаолиятини яхшилаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Туманда инфекциядан зарарланган беморларнинг даволаниши учун 100 ўринли бўлимлар ташкил қилиниб, зарур дори-дармон, асбоб-ускунлари, тиббиёт ходимлари билан тўлиқ таъминланди. Шунингдек, туманимизда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони ошиб кетган ҳолатда, беморларга тегишли тиббий ёрдам кўрсатиш учун қўшимча 150 ўринли карантин муассасаси ташкил этилган. Халқимизга сифатли ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида 15 дона тез тиббий хизмат кўрсатиш автомашиналари ҳамда COVID-19 белгилари бўлган фуқароларни махсус шифохоналарга ётқизиш бўйича 13 та мобиль гуруҳ иш олиб бормоқда.

Мурожаат сўнггида жорий этилган карантин қоидаларига қатъий риоя қилишлари кераклиги аҳоли ўртасида доимий равишда тарғиб қилиб борилиши лозимлиги ҳамда пандемияни енгишга барча бирдек ҳисса қўшиши муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Сессия кун тартибидаги навбатдаги масала – ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати юзасидан туман Ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари, ҳуқуқбузарликлар  профилактикаси бўлинмаси бошлиғининг ҳисоботида таъкидланганидек, туманда сиёсий-ижтимоий муҳитни барқарорлаштириш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ҳуқуқ-тартибот ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, диний экстремизм ва унинг турли кўринишларига қарши кураш борасида самарали ишлар қилинмоқда.

Туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан давлат органлари, жамоат ташкилотлари билан биргаликда нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаш, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларни ҳамда репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги масала – кун тартибидаги навбатдаги масала бўлиб, у хусусда туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари сўз юритди.

Ҳисоботда келтирилишича, туманда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида, биринчи навбатда, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлган 17 нафар аёл-қизлар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган 2 нафар хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашиши бўйича якка тартибда иш олиб борилган. Шу даврга қадар чет давлатларга чиқиб кетган аёл-қизларнинг 296 нафари қайтиб келган бўлиб, улардан 143 нафарининг бандлиги таъминланган. Шунингдек, бўлим мутасаддилари томонидан Ички ишлар бўлимининг рўйхатига олинган 15 та оила билан тушунтириш ишлари ҳамда якка суҳбатлар ўтказилган. Натижада  ушбу оилалар аъзолари муросага келтирилган, 9 тасининг нотинчлигига барҳам берилган. Бўлим ходимларининг самаралали фаолияти туфайли тумандаги ажрим ёқасига келиб қолган 52 та оилаларнинг 36 таси яраштирилган.

Сессия мажлисида шундан сўнг, навбатдаги – туманда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан коронавирус пандемиясига доир қабул қилинган Фармон ва Қарорларда белгиланган вазифаларнинг ижроси хусусидаги масала муҳокамасига ўтилди. Ушбу масала юзасидан туман ҳокими ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғининг ҳисоботи тингланди.

Ҳоким ўринбосари ўз ҳисоботида туманда инвесторларни жалб қилиш, инвесторлар учун яратилаётган қулай шароитлар ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалиётга тадбиқ қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, инвестиция дастурларининг бажарилиш ҳолати, тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини етказиб бериш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар хусусида сўз юритди.

Сессия кун тартибига киритилган барча масалалар муҳокама қилиниб, кўриб чиқилди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.