ПРОКУРОР ЮҚОРИ ҚИШЛОҚ МАҲАЛЛАСИДА ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

Туман янгиликлари

Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан ислоҳ этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Навбатдаги лавҳамиз бу борада туман прокурори иштирокида ўтказилган ёшлар билан учрашув йиғилиши хусусида.

Жорий йилнинг 22 август куни туманимиздаги Юқори қишлоқ маҳалласида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, муаммо ва таклифларини ўрганиш қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга муносиб шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида ўтказилган ёшлар билан учрашув ўтказилди. Учрашувда 2-сектор раҳбари, туман прокурори Жавлон Муфтуллаев, туман ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Алишер Йўлдошев, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими бошлиғи Жасур Давлетовлар ҳамда фаол ёшлар иштирок этдилар.

Йиғилишни туман прокурори Жавлон Муфтуллаев очиб берди ҳамда иштирокчиларни кун тартибидаги масала билан таништириб ўтди. Прокурор ўз нутқида мамлакатимизда ўтган йиллар мобайнида инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани хусусида сўз юритди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида халқ ҳокимиятчилиги принципининг муҳим қоидаларидан бири сифатида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши белгиланганлиги, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлаш, молиявий қўллаб-қувватлаш ва замонавий хизматлар кўрсатиш кўлами кенгайиб бораётгани, мамлакатимиз ёшларининг билим ва салоҳиятлари, тадбиркорлик ва инновацион ғояларини амалга ошириш учун катта имкониятлар яратиб берилаётганини таъкидлаб ўтди.

Дарҳақиқат, юртимизда кейинги давр мобайнида ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим яратилиб, ўғил-қизларнинг жамият ҳаётидаги ижтимоий фаоллиги, Ватан ва халқ тақдирига дахлдорлик ҳисси кучайиб бормоқда. Келажаги буюк давлат барпо этишда навқирон авлод, яъни ёшлар муносиб иштирок этишмоқда.

Шу сабабли ҳам келажагимиз эгаларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг орзу-интилишлари, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш ёшларга оид давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши этиб белгиланиб, бу борада улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Туманимизнинг Юқори қишлоқ маҳалласида ўтказилган мазкур учрашувда иштирок этган фаол ёшлар барча соҳалар, айниқса, тадбиркорликка доир ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар. Мулоқот чоғида турли масалаларга оид 14 мурожаат келиб тушди, улардан 4 таси шу ернинг ўзида қаноатлантирилди, 10 таси эса тегишлилиги бўйича ҳал қилиниши мутасаддилар томонидан назоратга олинди. Мурожаатлардаги масалалар асосан ёшларнинг ўз бандлигини таъминлаш, тадбиркорликнинг турли йўналишлари билан шуғулланишлари учун имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам олиш мазмунида бўлди. Ушбу мурожаатларни ижобий ҳал қилиш бўйича тегишли ташкилотлар билан келишиб олинди.

Эркин мулоқот тарзида ўтган учрашув давомида ёш авлод вакилларнинг келгусидаги режалари, мақсад ва интилишлари билан ҳам танишилди.

Суҳбат сўнггида  мутасаддилар ёшларни жамият ҳаётида янада фаол бўлишга, ўз устида астойдил ишлаб, мақсад сари олға интилишга даъват қилдилар. Келажакда мамлакат равнақига муносиб ҳисса қўша оладиган даражада етук, комил инсон бўлиш учун фақат ўқиш ва изланиш, интилиш кераклиги ҳақида сўзладилар. Шу баробарида ўз ҳаётий тажрибаларидан келиб чиқиб, таклиф ва маслаҳатлар ҳам бердилар.

Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.