УРУШ ФАХРИЙСИ ИМТИЁЗЛИ СЕРТИФИКАТ АСОСИДА АВТОМОБИЛЬ СОТИБ ОЛДИ

Туман янгиликлари

Мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни олдидан ўтказилаётган тадбирларда ёши улуғ инсонларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром ва ғамхўрлик кўрсатишдек халқимизга хос олижаноб фазилатлар янада яққол намоён бўлмоқда.

Президентимизнинг шу йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани кати туманимизда истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларига мамлакатимизда ишлаб чиқарилган замонавий автомобилларни бир марталик навбатсиз сотиб олиш ва уларга бепул техник хизмат кўрсатиш учун имтиёзли сертификатлар топширилган эди.

Яқинда туманимизнинг Қипчоқ овулида яшовчи Ўтамурод бобо Бозорбоев хонадонида қувончли воқеа содир бўлди. Отахон фарзандлари ва неваралари билан маслаҳатлашиб, давлатимиз томонидан берилган сертификатдан фойдаланган ҳолда ўзимизда ишлаб чиқарилган “Дамас” автомашинасини олишга қарор қилди. Махсус ҳисоб рақамига белгиланган пулларни тўлагач, бир неча кун ичида, навбат кутмасдан ушбу машинани олишга муваффақ бўлди.

Шу кунларда отахоннинг хонадони ҳар қачонгидан ҳам гавжум. Фарзанду набиралар, қариндош-уруғ, қўни-қўшни билан бирга ҳокимлик, жамоат ташкилотлари вакиллари келиб, Ўтамурод бобони байрам билан, янги машина харид қилгани билан табрикламоқда.

Туманимиз ҳокими Султонбой Йўлдошев туман прокурори, ички ишлар бўлими бошлиғи ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан уруш қатнашчиси Ўтамурод бобонинг хонадонида бўлиб, отахонни янги автомашина олгани билан самимий табриклади.

Бундан кўнгли тоғдек кўтарилган Ўтамурод бобо тинч-осойишта, фаровон ҳаётимиз барқарор бўлишини сўраб, дуо қилди. Кўпни кўрган, бой ҳаётий тажрибага эга инсонларнинг ўгитлари ёшлар учун ибрат. Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатли жанггоҳларидан омон чиқиб, юртга ғалаба билан қайтган отахон уйига йўқлаб келганларга ёшлигидаги суратларини кўрсатишни хуш кўради. Қуролдош дўстлари ҳақида эслайди, халқимизнинг бағрикенг ва самимийлиги хусусида тўлқинланиб гапиради. Ёшларга Президентимиз раҳнамолигида эришилаётган ютуқ ва марралар қадрига етишни уқтиради.

– Юртимиз тинч-осойишта бўлсин. Ёшу кексасини бирдай қадрлайдиган, фуқаролари саломатлиги, фарзандлари камолоти йўлида барча шароитларни яратиб бераётган давлатимиз раҳбарининг умрлари узоқ бўлсин, – дейди отахон қўлини дуога очиб.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда Ватанимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилган фахрийларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилаётгани мамлакатимизда инсон шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият даражасига кўтарилганининг далолатидир.

Мамлакатимизда кексаларга кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрлик эса ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.