ТИЛ – МАЪНАВИЯТ КЎЗГУСИ, МАДАНИЯТИМИЗ ЎЗАГИ

Туман янгиликлари

Инсоннинг маънавий қиёфасини белгиловчи омиллардан энг муҳими унинг тилидир. Чунки ўзаро муносабатларда инсон билан инсон ўртасидаги муомала маданияти, халқларнинг бири-бирини англаши, миллат сифатида шаклланиши тил орқали ирода этилади. Демак, тил – миллат кўзгуси, тил – халқнинг маънавият сарчашмаси, миллат маданиятининг ўзаги. Ўз она тилини севган, ҳурмат қилган инсон учун тил – гўзал хулқ-атвор, чексиз ҳурмат, эъзоз ва эҳтиром омилидир.

Ҳали собиқ иттифоқнинг зирҳли давлат машинаси барча иттифоқдош Республикалар қатори Ўзбекистонда ҳам маънавий қадриятлар ва буюк маънавий меросимиз устидан тинимсиз янчиб ўтиш сиёсатини юргизаётган бир пайтда, 1989 йил 21 октябрда Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиб, “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Қарийб 100 йил давомида хўрланган, камситилган Ўзбек тилининг қадди кўтарилди. Ўзбекистон Мустақилликка эришгач, кетма-кет унинг байроғи, герби, мадҳияси қабул қилиниб, миллат қўшиғи илк марта ўз она тилимизда жаранглади. Мана, 31 йилдирки, Ўзбек тилимизнинг нуфузи, халқаро миқёсдаги обрў-эътибори тобора ошиб бормоқда. Бугунги кунда АҚШ, Япония, Германия, Жанубий Корея, Хитой, Россия, Туркия, Қозоғистон ва Тожикистон каби мамлакатларда ўзбек тили олий таълим муассасаларида ўқитилмоқда. Биргина Туркия давлатининг 70 дан зиёд ОТМларида талабалар катта қизиқиш билан Ўзбек тилини ўрганишмоқда.

Қадим аждодларимиз, хусусан, Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарида “Эрдам боши тилдир”, яъни, барча фазилатлар, эзгуликлар тилдан бошланади, дейилади. Буюк бобокалонимиз, ўзбек тилининг асосчиси А.Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида ўз замонасида шеърият ва бадиият тилига номутаносиб, камбағал, деб қаралган тилимизнинг кенг имкониятлари, жозибаси ўта назокат билан шарҳ этилган “Лайли ва Мажнун” асарида “тил айтган билан совимайдиган тарона”, – деб таъриф берганининг ўзи дилимизда фахр уйғотади:

Айтиб совумас таронасен сен,

Олиб қурумас хизонасен сен,

Қаранг, А.Навоий бобомиз тилимизни қанчалар эъзозлаган, ҳеч қачон қуримайдиган, олган билан тугамайдиган хазинага менгзаган эканлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо с.а.в Аббос разиоллоҳу анҳуга: “Гўзаллигингиз мени ажаблантиради”, – дедилар. У киши: “Инсоннинг гўзаллиги нима, эй Аллоҳ Расули?” – дедилар. Пайғамбар (с.а.в): “Унинг тили”, – дедилар.

Тилимизни том маънода бадиий адабиёт тили даражасига кўтарган, унинг бой тасвирий восита эканлигини ўз асарлари орқали тўлиқ исботлаб берган, ўзбек халқи учун, унинг маданияти учун, келгуси авлодлар учун катта, шарафли ишларни амалга оширган А.Навоий ўз даврида тилимизни, ҳатто халқаро тил, дипломатия воситаси даражасига кўтара олди.

Турк тилида чу тортиб мен алам,

Айладим ул мамлакатни якқалам

Навоийнинг бу буюк жасорати ва ўзбек миллати олдидаги шарафли хизматига устози Абдураҳмон Жомий юксак баҳо берди:

Кечирсинлар форси тилда дур терганлар,

Дари тилда назм инжусин келтирганлар.

Агар ул (Навоий) назмин ёзса дари тилда,

Қолмас эди сўз айтишга куч ҳеч элда.

Ана шундай шараф тожини кийган улуғ тилда сўзлашамиз биз! Дунёда тил кўп, миллатлар ва элатлар кўп. Лекин барча тиллар ҳам, бирдай яшаб кетишга қодир эмас. Нима учун? Жавоб битта: миллат сифатида ўз тилига эътиборсизликдан! Худди шундай, азизлар. Сўз – тил орқали ифода этиларкан, демак, сўз – инсоннинг қиймати қадар улуғ ва қадрли. Сўзни тилимиз орқали ифода этишдан аввал ўз қадр-қимматимиз қадар эътибор қилишимиз, аввало, миллатга, халқимиз маънавий меросига ҳурматимизни билдиради.

Шундай деймиз-у, Навоий ва Мирзо Бобурлар замонида ўз жилвалари билан аҳли жаҳонни лол этган, ҳайратлантирган тилимизни бугунга келиб, айрим маънавий қашшоқ кимсалар “ўзбек тили камбағал тил”, дейишгача боргани дилларни хира қилади. Бундай дегувчиларга салкам бир аср аввал А.Қодирий бобомиз билдирган фикрлар ила зарба бермоқни лозим топдик: “ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағалдирлар. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар!”

Тилимизни камбағал деган нодонларга жавобларимиз тайин:

Яқинда, БМТ Ассамблеясининг 75-сессиясида Президентимиз ўзбек тилида нутқ сўзлади, аҳли жаҳонга она тилимизда эзгу тилаклар тилади. Тинчлик, дўстлик, халқаро ҳамжиҳатликни тараннум этувчи таклиф ва истакларини ўзбек тилида баён этганида катта издиҳом қалқиб кетмадими?! Турли тилларда гаплашувчи жаҳоннинг менман деган олим-у арбоблари, сиёсатчилари ўзбек миллатини, унинг халқпарвар етакчисини олқишларга кўмиб ташламадими?! Ўша лаҳзаларда ўзбекларга бутун жаҳон ҳавас қилди. Шахсан мен ўзбек эканлигимдан фахрландим, кўзларимга ёш қалқди! Севинч ёшлари эди бу!

Ҳар йили куз фасли келиши билан мен бир нарсадан ҳайрон қолавераман: 21 октябрь санаси яқинлашган сари ОАВ, босма ва интернет нашрлари зўр бериб тилимизга эътибор ва эътиборсизлик, бу борадаги ютуқлар ва ноқисликлар ҳақида сўз юритишни бошлашади. Гўё миллий тилимиз нуфузини ошириш масаласи мавсумий тус олгандек... 21 октябрь санасидан кейин бу каби ёзишмалар пасаяди, то янаги йилги куз фаслигача. Ахир биз она тилимизга кундалик ҳаётимизда ҳар лаҳзада эҳтиёж сезамиз-ку! Кўча-кўйдаги, дўконлар ва идора-ташкилотлар, тадбиркорлик шохобчалари пештоқидаги ранг-баранг атамалар, пешлавҳаларга бирров аҳамият бергандай бўламиз-у, сўнг яна унутамиз. Танқидий чиқишларимизга мутасаддилар етарли аҳамият бермагани учунми?!

Аслида она тилимиздан фойдаланишдаги нуқсонларни тўғрилаб қўйиш, бу борада хатога йўл қўйганларга чора кўриш масаласига эътиборсизлик туфайли она тилимиздаги бузилишлар урчиб бораётгани ҳақиқат. Эътибор берган бўлсангиз, “Тараққиёт кўзгуси” газетаси,  amunews.uz интернет нашри ва Амударё телевидениеси орқали ҳар йили Манғит шаҳридаги айрим тадбиркорлик субъектлари, дўконларга илиб қўйилган пешлавҳалардаги нуқсонлар тилга олиниб, тилимизга ҳурматсизлик, эътиборсизлик ҳолатлари танқид этилади. Лекин бу танқидий чиқишлардан сўнг биронта тадбиркор ёки она тилимизга фидойи инсон чиқиб: “келинг, шу нуқсонларни бартараф этайлик”, дея ташаббус кўрсатмайди. Бир неча йилдан бери ОАВнинг танқидий чиқишларидан сўнг ҳам “беляши”, “шашлык”, “Мы открылись”, “Ремонт телефонов”, “Мега салон”, “Магазин лучшая косметика”, “Аптека” сингари русча пешлавҳалар билан бирга “Forus, оптом бахада”, “Moxira saloni” каби сўзларни бузиб, хато ва аралаш-қуралаш қўллаш ҳолатларига барҳам берилмаётир. Туманимиз марказидаги тадбиркорлик субъектлари пештоқини “безаб” турган бу каби она тилимизга эътиборсизликлар хусусида бир неча ой муқаддам Амударё телевидениесининг “Ташриф” кўрсатуви орқали чиқиш қилиниб, бу борадаги камчиликларга барҳам бериш масаласини муҳокама қилган эдик. Мазкур кўрсатувдан сўнг ҳам бу борада умуман бирон ўзгариш сезилмаганидан аёнки, туманимизда фаолият юритаётган тегишли ташкилотларнинг давлат тилига бирров эътибор қаратишга “вақтлари йўқ”.

Тил – маданиятимизнинг ўзаги. Моҳиятан олиб қарайдиган бўлсак, миллий маданиятимизнинг равнақ топишида миллий тилимизнинг ўрни жуда катта. Демак, масъуллар ҳар куни неча бора ўзлари дуч келаётган тил билан боғлиқ муаммолар хусусида бош қотириб кўрсалар ёмон бўлмасди. Тарғибот-ташвиқот пешлаҳвалари (реклама баннерлари) тайёрлаб берувчи тадбиркорлар буюртмачилар билан ишлашишда тилимизнинг софлигига аҳамият қаратишлари зарур. Бу каби пешлаҳалардаги хато-камчиликлар учун буюртмани бажарувчи субъектлар жавобгарликни зиммасига олиб, бехато, соф ўзбек тилида тайёрласалар, ҳамма учун тушунарли бўлар эди.

ХХ аср ўзбек адабиётининг дарғаларидан бири А.Қаҳҳор куюнчаклик билан: “Йўл қоидасини бузган ҳайдовчига ҳуштак чалинади, жаримага тортилади-ю, она тилимиз қоидаларига амал қилмаганларга ҳеч қандай чора кўрилмайди”, деган эдилар.

Ҳақиқатан ҳам, мана 31 йилдирки, она тилимизга эътиборсизлик масаласи ҳамон долзарблигича қолаётир. Турли хил ажнабий атамалар, пешлавҳалар, ҳатто фарзандларимиз эгнидаги либосларгача тилимизга бегона сўзлар билан бежаб ташланган. “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун талабларига риоя этилмаётган ҳолатлар кўп. Нега? Нима учун Қонунга зид юқоридаги каби ҳолатларга барҳам беришга шошилмаймиз? Бу – лоқайдлик эмасми? Ахир лоқайдлик – маънавий ҳалокатга етакловчи иллат-ку!

Ўтган куз фаслида, 21 октябрь арафасида, қалбларимизни нурлантирган қувончли хабардан бошимиз кўкка етди – Ўзбекистонда 21 октябрь она тили байрами этиб белгиланди. Президентимиз куюнчаклик билан тилимизнинг нуфузини ошириш йўлида фидойиликлар, ташаббуслар кўрсатаётир. Халқаро минбардан туриб, ўзбекча нутқ сўзлаётир.

2019 йилнинг август ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган медиа-ҳафталикда кореялик профессор Сонг Юнг О, Япон мусиқачиси Мацуа Кавасаки, венгриялик шарқшунос олим Бенедес Перилар минбарга чиқиб, соф ўзбек тилида гапирдилар. Озар шоири Халил Ризо Улутурк ўзбек тилининг ибораларга ўта бойлиги, гўзаллигини эътироф этиб, тилимизни мадҳ этувчи қуйидаги мисраларни битди:

Қай бир кунда учиб келдинг, самолардан ўзбек тили,

Қанот олдинг энг муқаддас садолардан ўзбек тили.

Бешик тутган келинларнинг аллаларин тинглабмидинг,

Яралгансан шу илоҳий нидолардан ўзбек тили!

Биз эса... Ўзимиз ўзбек бўлатуриб, ўзбек  тилида сўзлай туриб, муқаддас ва мўътабар она тилимизга бегоналардай муносабатда бўлаётган лоқайд миллатдошларимизни хатолардан қайтара олмаётирмиз.

Азизлар, сўзим мухтасарида такрор ва такрор айтаман:

– Тил – бизнинг борлиғимиз, тил – маънавият кўзгуси маданият ўзаги. Алишер Навоий бобомиз бекорга “тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз” деган ҳикматли иборани яратмаган. Бас, шундай экан, ўзликни англашнинг бетимсол воситаси – тилимиз қадрини ўз қадр-қийматимиз билан баробар тутайлик ва эл қадрини, миллат қадрини ҳар недан баланд қўяйликки, токи ЎЗБЕКнинг қадри, ЎЗБЕК тилимизнинг қадди ҳамиша юксак бўлсин!

Робия ЙЎЛДОШЕВА.