Халқ депутатлари Aмударё туман кенгашининг 18-сессияси тўғрисида ахборот

Туман янгиликлари

Жорий йилнинг 23 октябрь куни Халқ депутатлари Aмударё туман кенгашининг навбатдаги 18-сессияси бўлиб ўтди. Сессия мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баходир Тажиев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси Улуғбек Жалменов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зафар Абдиримов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Зуҳра Рейимовалар, шунингдек, тумандаги сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, ҳокимлик масъул ходимлари, ҳуқуқ-тартибот органлари, бўлимлар, тижорат банклари раҳбарлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Сессия ишига туман ҳокими Султонбой Йўлдашев раислик қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида жорий йилнинг 16 октябрь куни ўтказилган видеоселектр йиғилишида белгилаб берилган  озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан муҳим вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокимининг “Амударё  туманида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Сессияда туманда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозордаги нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Сессия мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баходир Тажиев сўзга чиқиб, юртимизда пандемия шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича тўхталди.

Таъкидланганидек, озиқ-овқат маҳсулотларининг арзон ва етарлилиги халқ розилигининг асосий омилларидан бири саналади. Шу мақсадда сўнгги йилларда мамлакатимизда озиқ-овқат, чорвачилик, мева-сабзавотчилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларини ривожлантириш борасида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилди. Шунингдек, коронавирус пандемиясининг нарх-навога таъсири инобатга олиниб, жорий йил апрель ойидан бошлаб асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импорти божхона тўловларидан озод қилинди. Шунга қарамай, охирги вақтларда гўшт, тухум, ўсимлик ёғи ва шакар  маҳсулотларининг нархи кескин ошди. Жойларда ташкил қилинган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жамғармалари орқали, қолаверса, маҳаллий Кенгашлар томонидан тасдиқланадиган чора-тадбирлар орқали аҳолини шу ва бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш кўзда тутилган.

Сессия кун тартибидаги масалалар юзасидан сектор раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Ҳисоботларда таъкидланганидек, туман аҳолисини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, ички истеъмол бозорига маҳсулот етказиб берилишини тизимли мониторинг қилиш ҳамда назоратни йўлга қўйиш ва нарх-навонинг асоссиз ўсиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда.  Туман аҳолисини 11 та асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун жорий йилнинг ноябрь ойидан 2021 йил май ойига қадар зарур бўлган маҳсулотлар ҳажми аниқ ҳисоб-китоб қилиб олинди. Шунга асосан, 2 800 тонна гўшт, 1 400 тонна парранда гўшти, 715 тонна балиқ, 5 290 тонна картошка, 973 тонна гуруч, 21 млн. дона тухум, 660 тонна пиёз, 1 900 тонна сабзи, 7 800 тонна ун, 1 050 тонна шакар, 898 тонна ёғ маҳсулотларига эҳтиёж мавжудлиги аниқланди. Ушбу маҳсулотларни кафолатли таъминлаш ва нарх-навони барқарор сақлаш бўйича аниқ режалар белгилаб олинди.

Жумладан, етишмайдиган маҳсулотларни бошқа ҳудудлардан олиб келиш учун тадбиркорлик субъектларининг айланма маблағларини шакллантиришга жами 3,0 млрд.сўм миқдорида тижорат банк кредитлари ажратилиши белгилаб олинди. Бундан ташқари, туман ҳокимлиги ҳузурида Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жамғармаси ташкил қилиниб, маблағлар жалб қилиш чоралари кўрилмоқда. Ушбу жамғарма маблағлари мақсадли ишлатилиши юзасидан доимий назорат ўрнатилади.

Сессия кун тартибига киритилган масала атрофлича муҳокама қилиниб, муҳокамалардан кейин тегишли қарор қабул қилинди.

Сессия мажлисида иштирок этиш мақсадида туманимизга келган меҳмонлар “Ермонов Ўразбой” фермер хўжалиги далаларидаги пахта йиғим-терими ишларининг бориши, теримчиларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Ушбу фермер хўжалиги туманимиздаги энг илғор хўжаликларидан бири бўлиб, контрактация шартномаси шартларини муддатидан олдин ортиғи билан бажарди.

Ташриф чоғида мутасаддилар пахтакорлар билан суҳбат қуриб, ҳол-аҳвол сўрадилар. Шунингдек, илғор теримчиларни рағбатлантириш мақсадида совғалар топширдилар.

Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.