ТУМАН ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ МАРКАЗИДА ЙИЛНИНГ ШУ КУНИГАЧА 42 МИНГДАН ОРТИҚ ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИЛДИ

Туман янгиликлари

Ҳозирги карантин шароитида аҳолининг соғлиғини ва тинчлигини таъминлаш мақсадида туман Давлат хизматлари марказида қулай шароитлар яратилган. Марказда фуқаролар оралиқ масофани сақлаган ҳамда антисептик воситалардан фойдаланган ҳолда қабул қилинмоқда.
Коронавирус, карантин сабаб, фуқаролар кўплаб давлат хизматларидан фойдаланиш учун масофадан туриб мурожаат қилишга одатландилар. Лекин айрим кечиктириб бўлмайдиган хизмат турлари борки, уни марказга келмай туриб амалга ошириб бўлмайди. Ана шундай паллаларда ўз жонини хатарга қўйиб, аҳолига давлат хизматларини кўрсатиб келаётган давлат хизматлари маркази ходимларининг кўрсатаётган хизматларини ҳар қанча эътироф этсак арзийди.
Давлатимиз раҳбари томонидан давлат хизматлари маркази фаолияти йўлга қўйилганига кўп вақт бўлмай, туманимизда ҳам ушбу марказ учун ҳар жиҳатда қулай бўлган замонавий бино қурилиб фойдаланишга топширилган эди. Туман Давлат хизматлари марказида бугунга келиб, аҳолига 100 дан ортиқ турдаги давлат хизмати кўрсатиб келинмоқда.


Марказнинг кириш қисмида жойлаштирилган электрон навбат аппарати одамларнинг бир жойда кўплаб тўпланиб қолиши, тартибсизликлар келиб чиқишининг олдини олишга хизмат қилмоқда. Чунки пандемия даврида инсонларнинг хавфсизлиги ва соғлиғини асраш жуда муҳим.
Амударё тумани Давлат хизматлари маркази томонидан жорий йил бошидан 42 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган бўлиб, шу жумладан, 800дан зиёд тадбиркорлик субьектлари давлат рўйхатидан ўтказилган, 150 га яқин тадбиркорлик субъектлари қайта давлат рўйхатидан ўтказилган.
Бундан ташқари аҳолига қулай муҳит яратиш мақсадида туман Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан тумандаги олис ҳудудларда сайёр давлат хизматларини кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилган бўлиб, жорий йил бошидан 1700га яқин давлат хизматлари сайёр тартибда кўрсатилган бўлиб, 40 га яқин тадбиркорлик субъектлари сайёр тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган.
Халқимизга янада қулайлик яратиш мақсадида марказ ҳафтанинг шанба кунида ҳам иш фаолиятини давом эттириши туфайли фуқароларнинг шу куни ҳам давлат хизматларидан фойдаланишига имкон яратилди.
Шунингдек, Давлат хизматлари марказларида кўрсатилаётган давлат хизматлари сони кун сайин ошиб бормоқда. Жумладан,  фуқароларнинг ижтимоий соҳадаги давлат хизматларидан фойдаланишини янада такомиллаштириш мақсадида уларнинг пенсия хисобида туриши ёки турмаслиги, пенсия миқдори ҳақидаги маълумотномаларни бериш йўлга қўйилди.
Марказ томонидан болаларни давлат мактабгача таълим муассасасида навбатга қўйиш, кўчмас мулк соҳасида кадастр хизматлари, архитектура ва қурилиш соҳасидаги, ижтимоий соҳа бўйича пенсия хисобида туриши ёки турмаслиги, пенсия миқдори ҳақидаги маълумотномалар ва шу каби бошқа турдаги давлат хизматлари кўрсатилиб келинмоқда. Амалга оширилаётган бунингдек чора-тадбирлар фуқароларнинг давлат хизматларидан фойдаланишларида ҳар жиҳатдан қулай шароитлар яратишга қаратилган.

Ойгул РАЖАБОВА.