Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан тадбир ўтказилди

Туман янгиликлари

Aзал азалдан халқимиз табиблик, шифокорлик касби билан шуғулланувчиларни эъзозлаб, уларга ҳурмат-эътибор кўрсатиб келади. Юртимизда ушбу соҳа жонкуярларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар йили ноябр ойининг иккинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходимлари куни” сифатида белгиланиб, ушбу сана шифокорлар байрами сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.

Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолига жаҳон андозалари даражасида, юқори тиббий технологиялар воситасида бирламчи тиббий-санитария ёрдамидан тортиб, ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатишгача бўлган бўғинни қамраб олувчи мукаммал тизим яратилгани туфайли ҳамда тиббиёт соҳаси ходимларининг машаққатли меҳнатлари самараси ўлароқ аҳолининг соғлом турмуш тарзи таъминланиб, ўртача умр кўриш кўрсаткичи узайди.

Ушбу сана муносабати билан 6 ноябрь куни Амударё тумани тиббиёт бирлашмасида тадбир ўтказилди. Унда туман ҳокими ўринбосари Маҳмуд Шерметов иштирок этиб, ҳокимлик номидан туман Тиббиёт бирлашмаси ходимларини касб байрамлари билан табриклади.

Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида тўхталиб, шифокорлик касби энг масъулиятли ва машаққатли касб эканлиги, айниқса, бутун дунёда кечаётган ҳозирги оғир пандемия шароитида тиббиёт фидойилари ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатаётганини алоҳида таъкидладилар.

Чиндан ҳам, мамлакатимизда бугунги кунда тиббиёт соҳаси вакилларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, уларга нисбатан халқимиз ҳурматини ошириш, муносиб меҳнат шароити яратиш ва даромадини кўпайтириш бўйича кўплаб амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Соҳа вакилларининг моддий манфаатдорлигини ошириш, самарали ишлаши учун муносиб шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 7 ноябрдаги “Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, соҳа ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари оширилганлиги ана шу эътибор самарасидир.

Қолаверса, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида, эндиликда тиббий хизматнинг асосий вазифаси касалликларни даволаш эмас, балки уларнинг олдини олишга, аҳолининг саломатлик кўрсаткичларини яхшилашга, узоқ умр кўришига ҳисса қўшишга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, соҳа ходимларининг меҳнатини муносиб қадрлаш, малакали кадрлар тайёрлаш, хорижий тиббиёт марказлари ва олийгоҳлари билан илмий-амалий ҳамкорликни кучайтириш масалалари давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиши таъкидладилар.

Ишонамизки, Абу Али ибн Синодек буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари, Ўзбекистон тиббиёт мактаби анъаналарининг давомчилари бўлган азизлар шифкорларимиз олижаноб бурчларини бундан буён ҳам шараф билан адо этажидар.

Тадбирда инсон саломатлиги учун масъул, ҳаётимиз мазмунли ва бардавом бўлиши учун жон куйдираётган, ўзини қўйиб, бошқаларга ҳаёт бахшида қилишга қасам ичган ва фидойи бир гуруҳ тиббиёт ходимлари туман ҳокимлиги томонидан муносиб рағбатлантирилди. Намунали тиббиёт ходимлари фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Фурсатдан фойдаланиб барча тиббиёт ходимларини касб байрамлари билан муборакбод этамиз.

Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.