ТАРҒИБОТ ГУРУҲИ АЪЗОЛАРИ ОВУЛ ВА МАҲАЛЛАЛАРДА КЕНГ МИҚЁСДАГИ ТАДБИРЛАРНИ ЎТКАЗИШМОҚДА

Туман янгиликлари

Таниқли давлат арбоблари, ижодкорлар, санъаткорлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ўз фаолиятида кўпгина ютуқларга эришган тадбиркор ёшлардан иборат тарғибот гуруҳи аъзолари 14 ноябрь куни Бўзёп овулидан 10-сонли мактабда, Намуна  маҳалласидаги 52-сонли мактабда, Ўзбекистон маҳалласидаги 44-сонли, Қизилчоли маҳалласидаги 9-сонли, Бобур номли овулдаги 86-сонли мактабларда, Жумуртов шаҳарчасидаги “Зилола” кафесида, Жумуровул маҳалласидаги 48-сонли мактабда, Оқ олтин овулидаги 7-сонли мактабда бўлишиб, аҳоли вакиллари, ўқувчи-ёшлар билан учрашдилар. Тарғибот гуруҳи аъзоларини ўқувчилар ўзларининг қўл меҳнати  маҳсули бўлмиш бичиш-тикиш, тўқиш намуналари, юртимизнинг бетакрор манзаралари акс эттирилган тасвирий  санъат намуналари жой олган кўргазмалар, концерт дастурлар, турли спорт машғулотлари намойишлари билан қарши олдилар.

Тадбирларда тарғибот гуруҳи  аъзолари мамлакатимизда инсон омилига  қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликлар, барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимизга етказиш билан бир қаторда аҳолининг кўнглини кўтаришга хизмат қилувчи чора-тадбирларни ҳам амалга оширишмоқда. Аҳоли таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқ, рақсларни мароқ билан томоша  қилиб, маданий ҳордиқ чиқармоқда. Шунингдек, китоб кўргазмалари ҳам иштирокчиларда улкан таассурот қолдириб, кўнгилларида китобхонликка рағбат уйғотаётир.

Тарғибот гуруҳи аъзолари томонидан ўтказилаётган тадбирларда маҳаллий аҳоли томонидан билдирилган ижтимоий-иқтисодий муаммолар ва таклифлар секторлар раҳбарлари иштирокида ўрганилиб, тезкор ҳал этиш юзасидан амалий ишлар қилинмоқда.

Тарғибот гуруҳининг туманимиз аҳолиси билан учрашувлари давом  этмоқда.

Ойгул Ражабова.