Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгашининг ташкилий йиғилиши бўлиб ўтди

Туман янгиликлари

Шу йилнинг 28 июль куни туман ҳокимлиги биносида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Д.Қурбониёзов, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси А.Даниёров, туман ҳокими С.Йўлдашев ва бошқалар сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи қилиб қайта тузилгани, қолаверса, шу йил 5 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинган ёшларнинг интилишлари, хоҳиш ва истакларини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Йиғилишда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раисини сайлаш масаласи муҳокама қилинди ва бу лавозимга Шерметов Маҳмуд Жаббарбергановичнинг номзоди таклиф қилинди. Туманимизнинг фаол ёшлари Маҳмуд Шерметовнинг номзодини бир овоздан қўллаб-қувватладилар ва тасдиқладилар.

Шундан кейин Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси Маҳмуд Шерметов, ташкилот аъзолари бўлмиш фаол ёшлар сўзга чиқиб, Президентимизнинг ташаббуслари билан ёшларга, Ёшлар иттифоқи аъзоларига берилаётган имтиёзлар ҳақида тўхталиб ўтди. Жумладан, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида «ёшлар етакчиси» вазифаси юклатилган ходимга ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан олий маълумотли ўқитувчи базавий тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама белгиланади. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура босқичлари талабаларига ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиз ва ундан юқори бўлган тақдирда таълим бўйича тўлов контракти миқдорининг 35 фоизи Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида уч йил ва ундан кўп муддат давомида фаол ишлаб келаётган ходимларга уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитининг бошланғич тўлови Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.

Мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш мақсадида 2018-2021 йилларга мўлжалланган Ёшлар уйларини барпо этиш дастури ишлаб чиқилади. Ушбу дастурда барча йирик шаҳарларда – кўп қаватли, қишлоқ туманларида – 1-2 қаватли намунавий лойиҳалар асосида арзон уйлар ёшларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб қурилиши назарда тутилган.

Албатта, рағбат ва эътибор ёшларимизни бундан ҳам баланд чўққиларни забт этишга ундайди. Ёшлар бу эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимизга, давлатимизга чуқур миннатдорчиликларини изҳор этдилар.

Йиғилишда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ижроия қўмитаси таркиби тасдиқланди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 30 июнь куни ёшлар билан ўтказилган учрашувда белгилаб берилган вазифалар ижросини ташкил этиш бўйича Иттифоқ туман Кенгаши ва ёшлар масалалари бўйича туман идоралараро кенгаши олдида турган вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ташкилий  йиғилишидан фотогалерея.

Туман ҳокимлигининг ахборот хизмати.