Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 35-сессияси тўғрисида АХБОРОТ

Туман янгиликлари

2017 йил 29 июль куни халқ депутатлари туман Кенгашининг ўттиз бешинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари, ҳокимлик масъул ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, ҳокимлик бўлимлари, тижорат банклари, касб-ҳунар коллежлари, жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Сессияни туман Кенгаши раиси, туман ҳокими С.Йўлдашев очди ва олиб борди. Сессия котиблигига 21-Ўзбекистон сайлов округидан депутат Р.Ерлапасов сайланди.

Сессия кун тартибига "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” туман ҳудудий дастурининг 2017 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисида”ги, "Амударё туманида 2017 йил иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг ижроси тўғрисида”ги, "Тумандаги тижорат банклари томонидан тадбиркорликни ривожлантириш ва иш ўринларини ташкил қилиш мақсадида кредит маблағларининг ажратилиши тўғрисида туман ҳокими биринчи ўринбосарининг ҳисоботи тўғрисида”ги, "Амударё тумани маҳаллий бюджетининг 2017 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисида”ги ҳамда "Халқ депутатлари туман Кенгашининг Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича доимий комиссияси фаолияти юзасидан комиссия раисининг ҳисоботи тўғрисида”ги ва бошқа масалалар ҳавола қилинди.

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Аҳмедова ахборот берди. Ахборотда2017 — 2021 йиллардаЎзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид туман дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.

Жумладан, биргина ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурлари ва Аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида саноат соҳасида 39 та лойиҳа амалга оширилиб, 526 та иш ўрни яратилиши, қишлоқ хўжалиги соҳасида 105 та лойиҳа амалга оширилиб, 291 та иш ўрни яратилиши, хизмат кўрсатиш соҳасида эса 107 та лойиҳа амалга оширилиб, 268 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган ва бу бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Кун тартибидаги иккинчи ва учинчи масалалар юзасидан туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари М.Темирбоев сўзга чиқиб, туманида 2017 йил иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг ижроси ҳамда тижорат банклари томонидан тадбиркорликни ривожлантириш ва иш ўринларини ташкил қилиш мақсадида кредит маблағларининг ажратилиши тўғрисида ахборот берди.

Ахборотда қайд қилинганидек, 2017 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури бўйича 3030 та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган бўлиб, жорий йилнинг 6 ойи давомида амалда 1186 та янги иш ўринлари яратилиб, ярим йиллик режаси 101,7 фоизга бажарилган. Ҳисобот даврида тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари томонидан умумий қиймати 44 млрд. 404,4 млн. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган.

Кун тартибидаги тўртинчи масала бўйича туман молия бўлими мудири вазифасини вақтинча бажарувчи Б.Камолов ахборот берди. Ахборотда 2017 йилнинг биринчи ярми учун туман маҳаллий бюджетининг даромадлар қисми режаси 16 млрд 997 млн 548 минг сўмга белгиланган бўлиб, ҳақиқатда 18 млрд 491 млн 904 минг сўмга, яъни 108,8 фоизга бажарилгани, харажатлар қисми режаси эса 52 млрд 652 млн 441 минг сўмга белгиланган бўлиб, ушбу маблағлар асосан ижтимоий-маданий ва аҳолини қўллаб-қувватлаш харажатларига, иқтисодиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар талабларини амалга ошириш тадбирларига сарфлангани қайд этилди.

Кун тартибидаги бешинчи масала бўйича Кенгашнинг Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича доимий комиссияси раиси М.Садуллаев сўзга чиқиб, доимий комиссия фаолияти юзасидан ҳисобот берди. Ҳисоботда доимий комиссия мажлислари, доимий комиссия аъзолари томонидан сайловчилар билан ўтказилган учрашувлар, депутатлар томонидан ташкил қилинган фуқаролар қабули, ташкилотлар ва муассасаларнинг раҳбарларига, мансабдор шахсларга юборилган депутат сўровлари бўйича батафсил маълумотлар берилди.

Сессияда Амударё академик лицейи директори лавозимида ишлаб келаётган Йўлдошов Отабек Йўлдош ўғли туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири лавозимига тайинлангани муносабати билан "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ О.Йўлдошовни ушбу лавозимга тасдиқлаш масаласи муҳокама қилиниб, бу масала бўйича қарор лойиҳаси депутатлар томонидан бир овоздан тасдиқланди.

Шунингдек, сессияда туман Кенгаши ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди. Кун тартибидаги барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди ва шунинг билан сессия ўз ишини якунлади.

Туман ҳокимлигининг ахборот хизмати.