КОРРУПЦИЯ ВА ПОРАХЎРЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ – ДОЛЗАРБ ВАЗИФА

Туман янгиликлари

Инсониятнинг азалий муаммоларидан бири бу коррупция. Коррупция мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий соҳаларига таъсир этиб, иқтисодий соҳада мамлакатнинг назорат қилиш функциясининг сусайиши, рақобат механизмлари ишламаслиги, мулк ҳуқуқининг поймол қилинишига, товар ва хизматлар баҳоларининг ошишига олиб келиши, ижтимоий соҳада халқнинг социал табақаланишига, қонун устуворлиги принципининг обрўсизланиши, сиёсий соҳада эса халқнинг ҳукуматга ишончи йўқолишига олиб келади.

Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарали амалга ошишига замин яратувчи ва коррупцияга қарши курашиш механизмларини ўзида акс эттирган, Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 24 ноябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2016 йил 13 декабрда маъқулланган ва Президент томонидан 2017 йил 3 январь куни имзоланган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” ги Қонуни амалга киритилди.

Мазкур Қонун 34 моддадан иборат бўлиб, унда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш кўзда тутилган.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсати давлат дастурлари ва бошқа дастурлар асосида амалга оширилиши мумкинлиги кўрсатилиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари Ўзбекистон Республикасида Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти масъул ҳисобланади. Ундан ташқари, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, коррупция келиб чиқишига йўл қўймаслик, қонунларнинг ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш, коррупцияни келтириб чиқарувчи ҳолатларнинг олдин олиш чораларини кўриш ҳар бир давлат органининг раҳбар шахслари ва фуқароларнинг вазифаси бўлиши керак.

Қ.Атамуродов, Фуқаролик ишлари бўйича Амударё туман суди раиси.