СЕМИНАРДА ТАЪЛИМ ТИЗИМИДА АКТДАН ФОЙДАЛАНИШНИНГ АҲАМИЯТИ ТУШУНТИРИЛДИ

Туман янгиликлари

Жорий йилнинг 30 октябрь куни туман Халқ таълими бўлимига қарашли 82-сонли умумий ўрта таълим мактабида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Aхборот-технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларни IT-индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда “Электрон кундалик” ва “Электрон журнал” тизимларини, “Бир миллион ўзбек дастурчилари” лойиҳасини кенг татбиқ қилиш бўйича амалий ўқув-семинар бўлиб ўтди. Семинарда туман Халқ таълими бўлимининг Aхборот коммуникация технологиялари бўлими мутахассислари, мактабларнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари ва информатика фани ўқитувчилари иштирок этишди.


Семинарда Халқ таълими бўлимининг Aхборот коммуникация технологиялари бўлими мутахассиси Жаҳонгир Иброҳимов ҳамда 55-сонли умумтаълим мактабининг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Рустам Раҳматуллаевлар сўзга чиқиб, таълим соҳасида ахборот-технологияларнинг ўрни ва аҳамияти, ўқитувчиларнинг AКТ саводхонлигини ошириш, мактабларда босқичма-босқич жорий этилаётган “Электрон кундалик” тизими ва айни пайда кенг тарғиб қилинаётган “Бир миллион ўзбек дастурчилари” лойиҳаси хусусида тўхталиб ўтдилар.  
Aйтиш керакки, бугунги кунда ахборот технологиялари соҳасидаги кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясини муваффақиятли амалга ошириш, рақамли технологияларни ривожлантириш ва аҳолининг кундалик ҳаётига кенг жорий этишни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Республиканинг меҳнат бозорида малакали кадрлар етишмовчилиги ахборот технологиялари соҳасидаги ўқув дастурлари ва услубларини такомиллаштириш, таълим муассасаларининг IT-компаниялар билан ўзаро ҳамкорлигини ахборот технологияларининг ўқитилишини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, меҳнат бозорининг малакали IT-мутахассисларга бўлган талабини қониқтириш мақсадида қабул қилинган “Aхборот-технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларни IT-индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори бу борадаги ишларни амалга оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Семинарда таъкидланишича, “Электрон кундалик” kundalik.com сайти орқали юритилади. Сайт TAS-IX зонасида жойлашган бўлиб, платформа билан ишлаганда барча операторлар, жумладан, мобиль операторлар томонидан интернет трафиги сафланмайди. “Электрон кундалик” онлайн режимда мактабдаги барча воқеалар ва баҳолардан хабардор бўлиш, синф раҳбарлари ва бошқа ўқитувчилар билан алоқани ушлаб туриш ва дарс жараёнида қўйиладиган баҳоларнинг ҳаққонийлигини таъминлашга ёрдам беради.
Шунингдек, kundalik.com тизимига обуна бўлиш баҳоси қоғоз кундаликнинг ўртача баҳосига тенг. Дастлабки ой давомида ота-оналар тизимдан синов тариқасида фойдаланиш имконияти мавжуд. Ушбу қулайлик ҳамда имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадида тумандаги 30-,40-,55-,87-сонли умумтаълим мактабларида “Электрон кундалик” тизими жорий қилинган ҳамда ушбу мактабларда қоғоз кундалик ва журналлардан фойдаланиш бекор қилинган.
Семинарда “Бир миллий ўзбек дастурчилари” лойиҳаси ихтисослаштирилган онлайн портал орқали аҳолига бепул масофавий таълим олиш имкониятини бериши билан аҳамиятли эканлиги қайд этиб ўтилди. Қолаверса, лойиҳада иштирок этишни хоҳловчилар лойиҳа ишга туширилиши биланоқ иштирок этиш учун ариза топшириши мумкинлиги, дастурнинг асосий мақсади – рақамли технологиялар бўйича мутахассислар авлодини тайёрлаш ва дастурлаш бўйича уларга керакли билим ва кўникмаларни бериш эканлиги ҳақида сўз юритилиб, рўйхатдан ўтиш ва фойдаланишда зарур бўладиган тавсиялар берилди.  

Чарос Aрслонова, туман ҳокимлигининг Aхборот хизмати раҳбари.