Кузги-қишки шўр ювишга бағишланган кўргазмали семинар ўтказилди

Туман янгиликлари

Амударё туманида 2021 йил ҳосили учун 13 минг гектар майдонда кузги шудгорлашни ўтказиш, бу муҳим тадбирни 25 октябрда бошлаб, 32 кун давомида тамомлаш белгиланган. Бунинг учун  40 та юқори унумли, 41 та оддий сурим техникаларидан фойдаланилади. Шунингдек, сурим олдидан 15 та лазерли ер текислагичлар ёрдамида 1035 гектар майдонда текислаш ишлари олиб борилди. Чунки ер текис бўлса, ўғит, сув бир текис таралади ва унумдорлиги ортади.

Туманимиз бўйича куз-қиш даврида 2021 йил ҳосили учун 740 гектар кучли шўрланган, 8614 гектар ўртача шўрланган 6550 гектар кам шўрланган майдонларда шўр ювиш ишлари режалаштирилган.

Шубҳасиз шудгорлаш ва шўр ювишдек агротехник тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли ўтказилиши келгуси йилда мўл қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилишига замин яратади.

Ушбу тадбирларнинг адо этилиши, аҳоли томорқаларидан фойдаланиш аҳволи билан танишиш мақсадида туманимизга ташриф  буюрган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг  аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниев, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Актам  Ҳаитов, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув масалалари бўйича ўринбосари Собир Хўжаметов, Қорақалпоғистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Қувончбой Нуримбетов, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Жалғас Узоқовлар шу йил 4 ноябрь куни фермер хўжаликларида олиб борилаётган ишлар, дала меҳнаткашларига яратилаётган шароитлар билан танишдилар.

Масъуллар иштирокида Куюк кўпир овулидаги “Сардор сувчи Собиров” фермер хўжалигининг дала майдонида куз-қиш мавсумида шўр ювишни сифатли ўтказиш, сув исрофгарчилигининг олдини олиш, экин майдонларини бир текис сувга қондириб суғоришга бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Кўргазмали семинарга туман ҳокими ва ўринбосарлари, қишлоқ хўжалиги бўлими масъуллари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, муқобил машина трактор парклари раислари иштирок этдилар.

Тадбирда дастлаб туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Актам Ҳаитов, Қорақалпоғистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Қувончбой Нуримбетовлар куз-қишки шўр ювишни қисқа кунларда ва сифатли ўтказиш йўл-йўриқлари хусусида маърузалар қилдилар. Шундан сўнг, далага сув очилди.

Масъуллар шўр ювиш меъёрлари ва унга амал қилишнинг афзалликлари хусусида тавсия ва кўрсатмалар бердилар.

Ойгул РАЖАБОВА.