Жорий йилнинг 4 февраль санасида Ўрта қалъа овули ҳудудидаги “Эркин Расулов асаларичи” фермер хўжалигида янги интенсив боғлар яратиш, узумчиликни ривожлантириш ҳамда халқимизни тўрт фаслда ҳам сарҳил мева маҳсулотлари билан таъминлаш борасидаги ишларни янада такомиллаштиришга қаратилган кўргазмали семинар-кенгаш ўтказилди.
Кўргазмали семинар-кенгашда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, Қорақалпоғистон Республикаси Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Қуанишбай Нуримбетов, туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Илҳом Полвонов ҳамда туманимиздаги боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослашган фермер ва деҳқон хўжаликлари масъуллари, соҳа мутахассислари иштирок этишиб, туманимиздаги мавжуд мевазор боғлар, янгидан барпо этиладиган интенсив боғлар ва серҳосил навли узумзорлар хусусида тўхталиб, айни пайтда соҳибкор-боғбонлар олдида турган мавсум юмушлари, боғларда баҳорга тайёргарлик бўйича амалга ошириладиган долзарб вазифалар бўйича ўзаро тажриба алмашдилар. Нафақат қишлоқ хўжалиги корхоналари, балки томорқа хўжаликларида ҳам узумчиликни ривожлантириш, токзорларда мавсум юмушларини сифатли ўтказиш, айни пайтда кўмиб қўйилган узум токларини баҳор мавсумида очиш, зангиларга, сим бағазларга сифатли кўтариш ва боғлаш, озиқлантириш ишларини самарали ташкил этишга қаратилган ишлар юзасидан тушунчалар берилди.
Туманимизда қишлоқ хўжалигининг барча соҳаларини, шу жумладан узумчиликни жадал ривожлантириш, тупроқ унумдорлигини, узум токларининг ҳосилдорлигини ошириш, етиштирилган маҳсулот сифатини яхшилаш ҳамда уларни куз-қиш ойларида заҳирада сақлаш, ҳалқимизнинг мева ва узум маҳсулотларига бўлган талабини тўла қондириш мақсадида манзилли ишлар олиб борилмоқда.
Айни пайтда туманимиздаги қишлоқ хўжалик корхоналарида жами 693,6 гектар боғ ва 290,1 гектар узумзорлар мавжуд бўлиб, ушбу боғларда ўтган йилда жами 6687,3 тонна мева, 2949 тонна узум ҳосили етиштарилди ва мевалар яхшилаб сараланиб, совуткич ва музлаткичларга жойлаштирилди ҳамда арзонлаштирилган нархларда савдо ярмаркалари орқали халқимиз дастурхонига тортиқ қилинмоқда.
Бугунги кунда туманимизда боғдорчиликка ихтисослашган 35 та қишлоқ хўжалиги корхоналари ва 4 та узумчиликка ихтисослашган МЧЖлар мавжуд бўлиб. пакана ва ярим пакана (интенсив) янги мевали боғлар 154 гектарга етказилди.
Туманимизда мева экспорти ҳажмини кўпайтириш ҳамда юртимиз дастурхонига сифатли ва арзон мева маҳсулотларини етказиб бериш мақсадида 2021 йилда жахон стандартларига мос келадиган, Туркия технологиялари асосида, интенсив усулда яна 500 гектар майдонда янги боғлар барпо этиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан жами 413 минг дона кўчат етказиб бериш бўйича шартномалар тузилган.
Бундан ташқари, 2021 йилда туманимизда узумчиликни ривожлантириш мақсадида 1000 гектар майдонда, яъни 339 та қишлоқ хўжалиги корхоналарига қарашли ер майдонларида токзорлар барпо этиш ва янги, серҳосил навли кўчатлар етказиб бериш бўйича шартномалар тузиш ишлари бошлаб юборилди ҳамда токзорлар барпо қилинадиган майдонларда шўр ювиш, шудгорлаш, ер текислаш ишлари олиб борилмоқда.
Кўргазмали семинарда “Манғит Омад савдо” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Азимбой Жумамуродов ўзи раҳбарлик қилаётган агрофирмада амалга оширилаётган ишлар билан иштирокчиларни батафсил таништириб, янги ток кўчатларини ўтқазиш ҳамда илк озиқлантириш бўйича ўз тажрибаларини амалда кўрсатиб берди. Лазерли ускуна ёрдамида текисланган ерда ток кўчатларини жойлаштириш, йил давомида ёш ниҳолларни парваришлаш, агротехник тадбирларни тўғри ташкил этиш, шунингдек, узум меваларини турли зараркунанда ҳашоратлардан сақлаш бўйича ҳимоя тизимларини яратиш ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумотлар берди.
Кўргазмали семинар-кенгашда туманимиз боғдорчилик корхоналари раҳбарлари ҳамда боғбон ва ишчилари томонидан тушган саволларга тажрибали боғбон ва соҳа масъуллари батафсил жавоб бердилар.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.