Фахрийларга машина олиш учун сертификат топширилди

Туман янгиликлари

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 апрелдаги "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда "Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларининг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий кўмак берилмоқда.

13 апрель куни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Маҳмуд Содиқов ҳамда туманимиз ҳокими Султонбой Йўлдошевлар Иккинчи жаҳон уруши фахрийларининг уйларида бўлиб, уларга туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари ҳамда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган енгил автомашиналарни бир марталик навбатсиз сотиб олиш ҳамда уларга бепул техник хизмат кўрсатиш учун имтиёзли сертификатларни тантанали равишда топширди.

Айтиш керакки, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 45 нафар, туманимизда эса 8 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилмоқда. Қорақалпоғистонлик 1 минг 200 дан зиёд фронт орти меҳнат фахрийси ҳам давлат ва жамият эъзозида. Нуронийларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, турмуш шароитини янада яхшилаш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун барча шароит ва имкониятлар яратилмоқда.

Байрам олдидан туманимиздаги барча уруш қатнашчиларининг уйлари капитал таъмирланиб, уларнинг ҳовлиларида қўшимча қулайликлар, жумладан, ҳаммом ва бошқа кундалик зарур шароитлар хомийлар маблағлари ҳисобидан қуриб берилади.

Президентимизнинг юқоридаги Фармонида белгиланган 2 миллион сўм пул мукофотига қўшимча равишда ҳар бир уруш қатнашчиси учун Қорақалпоғистон Республикаси касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан 400 минг ва "Нуроний” жамғармаси ҳисобидан 100 минг сўмдан пул маблағлари ажратилди. Яқин кунлар ичида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг уй-жойларини таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари якунига етказилиб, пул мукофотлари 1 майга қадар ўз эгаларига топширилади.