Бугунги Амударё

Бугунги Амударё ҳар томонлама ривожланиб, тараққиё этиб бораётган, нафақат Қорақалпоғистонда, балки Ўзбекистонда ҳам ўз ўрнига эга туманлардан бири.

Туманда биргина 2016 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш суръати 118, 2 фоиз, халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш 115,6 фоиз, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш бўйича ўсиш суръати 109,1 фоизга етказилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда белгиланган бу режалар ортиғи билан уддаланди.

Тумандаги “Amudaryo tex” қўшма корхонаси, “Asia Silk” шўъба корхонаси, “Амударё пахта тозалаш” АЖ маҳсулотлари дунёнинг бир нечта давлатларига экспорт қилинмоқда.

Янги иш ўринларини яратиш, саноатни юксалтириш, қишлоқ хўжалигини, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш мақсадида киритилаётган инвестиция маблағлари ва кредит маблағлари ҳисобидан ҳар йили юзлаб иш ўринлари яратилиши натижасида аҳоли  бандлиги таъминланмоқда.

2016 йил учун туманда 5 та корхонага 2 млн. 622,1 минг АҚШ доллари миқдорида экспорт прогнози белгиланганининг ўзи Амударё туманида маҳсулотлар экспорти яхши йўлга қўйилганидан далолатдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 3 августдаги “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини янада кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ туманда қисқа давр ичида намунавий лойиҳалар асосида 362 та уй-жойлар барпо қилинди. Фақат 2016 йилнинг  ўзида туманнинг 3 та мавзесида 90 та намунавий уй-жойлар бунёд этилди. 2017 йилда яна 122 уй-жойлар қурилиши кўзда тутилган.

Туманда 528 та фермер хўжаликлари фаолият юритмоқда. Шундан 249 таси кўп тармоқли фермер хўжаликлари ҳисобланади. 507 та фермер хўжалиги эса пиллачилик ва пахтачиликка ихтисослашган бўлиб, Амударё тумани ҳар йили давлатга 254 тоннадан зиёд пилла, 7500 тонна ғалла, 40 минг тоннадан ортиқ юқори сифатли пахта етказиб беради.

Туманда фақат мустақиллик йилларида 25 гектар майдонда интенсив боғлар яратилган. Етиштирилган мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларини сифатли сақлаш учун сендвич панелли омборхона бунёд этилган.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни йил сайин кўпайтириш ва сифатини оширишда суғориладиган ер майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш муҳим аҳамиятга эга. Тумандаги 39584 гектар суғориладиган ер майдон бўли, мавжуд ер майдонларини суғоришда Қиличбой арна, Манғит арна, Қипчоқ арна, Бўз сув каналларидан фойдаланилади. Бундан ташқари, 1578,4 км. узунликдаги хўжаликлараро ва ички хўжалик коллекторлари ерларни зах сувлардан тозалаб, шўрини ювишга хизмат қилади.

Туман тараққиётида таълим тизимининг тутган ўрни ғоят муҳим. Бугунги кунда Амударё туманида 123 та таълим муассасалари мавжуд. Шундан 82 та умумтаълим мактаблари, 37 та мактабгача таълим муассасалари, 1 та “Баркамол авлод” маркази, 1 та Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 2 та мусиқа ва санъат мактаби фаолият кўрсатади. Таълим 5 та (ўзбек, қорақалпоқ, рус, қозоқ, туркман) тилда олиб борилади.

Барча таълим масканлари замонавий педтехнологиялар, компьютер техникалари билан жиҳозланган.

Бундан ташқари, туманда 1 та академик лицей, 1 та иқтидорли болалар Давлат умумтаълим мактаби, 8 та касб-ҳунар коллежи мавжуд бўлиб, бу таълим даргоҳларида ёшларнинг  касб-ҳунар эгаллашлари, ўз иқтидорларини намоён этишлари учун зарур шарт-шароитлар  яратилган.

Амударё туман тиббиёт тизими ҳам ўзига хос тараққиёт тамойилига эга. Бугунги кунда туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги шифохоналарда меҳнат қилаётган 297 нафар шифокорларнинг 152 нафари олий, 35 нафари биринчи ва 48 нафари иккинчи тоифали шифокорлардир. Ўрта тиббиёт ходимларининг 81 нафари олий, 63 нафари биринчи. 72 нафари иккинчи тоифага эга. Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида бу ерда барча шароитлар яратилган: кўп тармоқли поликлиника, шошилинч тиббий ёрдам бўлими, марказий касалхонанинг 4 та биноси ва маъмурият биноси замон талаблари даражасида реконструкция қилиниб, энг завонавий тиббий асбоб-ускуналар, ташхис ва лаборатория анжомлари билан жиҳозланган. Шошилинч тиббий ёрдам бўлими икки қаватли замонавий меъморий услубда қурилган янги бинода фаолият олиб бормоқда. Натижада аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати кескин ошиб, болалар ва аёллар саломатлиги бўйича юқори натижаларга эришилди. Аҳолининг ўртача умр кўриш даври 67-68 ёшдан 75-76 ёшга ўсди. Юқумли касалликларга чалиниш ҳолатлари камайди.

Амударё туманида маданият ва спорт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар янада салмоқли. Туманда марказий маданият уйи ва қишлоқ жойларда 12 та филиаллари фаолият юритади. 63 та спорт-соғломлаштириш иншоотларида спортнинг деярли барча турлари бўйича машғулотлар олиб борилади. Амударё тумани шарафини жаҳон спорт ареналарида муваффақиятли ҳимоя қилган 4 нафар спортчи жаҳон чемпиони мақомига эга. 25 нафар спортчи Ўзбекистон ва 250 нафардан зиёд спортчилар эса Қорақалпоғистон Республикаси чемпионларидир. Ҳозирги кунда туманда 286 та спорт майдончалари мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси ёш авлодни баркамол инсонлар қилиб тарбиялашга хизмат қилади.

Мавжланиб оқаётган Амударё бўйидаги жаннатмакон бу ўлка фидойи маҳнаткаш инсонлар юрти. Бу сўлим гўшадан етук илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт намоёндалари, давлат ва жамоат арбоблари етишиб чиққан. Хусусан, Меҳнат Қаҳрамонлари Рамат Эшжанов, Отажон Худойберганов, Ойим Камолова, Раҳим Еркаев, эл-юрт ҳурматини қозонган меҳнат фидойилари Йўлдош Ўрозбоев, Оллаберган Холимбетов, Йўлдош Дўсанов, Амат Тўраев, туманни  юксак тараққиёт босқичига олиб чиққан Ражаббой Йўлдошевларнинг номини нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни Республикаларда ҳам яхши билишади.

Ярим ўтказгичлар материалшунослиги бўйича ўзбек физика марказига асос солган, Беруний номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти соҳиби, физика-техника фанлари доктори, академик  Мухтор Саидов ва унинг укаси, физика-техника фанлари доктори, профессор Амин Саидовларнинг номини бугун бутун дунё билади. Манғитлик ака-ука физик олимлар яратган ихтиролар АҚШ, Япония, Ҳиндистон, Покистон давлатларида кенг қўлланилмоқда.

Ўзбек тилшунослиги даҳоларидан филология фанлари номзоди Аҳмад Имаев, адабиётшунос олим ва ижодкор-зиёлилар Исмоил Бегимов, Гулмирза Худойберганов, Пирмат Шермуҳаммедов, Норбой Худойберганов, Сафо Матчонов, Абдулла Дўсимбетов, Йўлдош Саидов, Қурбонбой Собиров, Эшонбой Қорақулов, Турхон Илёсов, Фрунзо Бижонов, Ҳайдар Бобожонов, Исмоил Умаров, Антолий Худойберганов, Саъдулла Авазбоев, Ўрозак Бекбаулиев, Худойберган Жумабеков, Турсунбой Султонов, Мадиёр Пирмонов, Турсунбой Давлатбоевлар олимлик мақомига эришдилар. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Чунки Амударё туманидан сўнгги 25-30 йил ичида яна ўнлаб фан номзодлари, докторлари, халқаро алоқалар бўйича етук мутахассислар, халқаро валюта жамғармаси етакчи мутахассислари, шоир-у ёзувчилар етишиб чиқдилар Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артистлари Жапақ Шомуродов, Орзигул Отамуродова, Тиловхон Аҳмедова, Қорақалпоғистонжа хизмат кўрсатган артист Назир қори Раҳимов, Қорақалпоғистон халқ шоири Музаффар Аҳмедов, шоир Мансур Аҳмедов, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Гулмирза Нурматов, Хонимжон Ражабова, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналистлар Саъдулла Хўжаниёзов, Гулнора Матёқубова, Робия Йўлдошева, ёзувчи Баҳодир Худойберганов, Алламберган Жуманиёзов, Ойгул Ражабова, шоир Аҳмад Нафасовлар ўзларининг фидойи меҳнатлари билан Амударё тумани шуҳратига шуҳрат қўшиб келишмоқда.

Гўзал ва мафтункор бу гўшанинг ўзига хос тарихи, тараққиёт мезонларини Амударё  туман матбуоти – “Тараққиёт кўзгугуси” газетаси ва “Менинг оилам” илова нашри, Амударё телевидениеси, www.amunews.uz веб сайти ва "Жайхун садоси" интернет-радоси орқали тарих солномаларига муҳрлаб бормоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон матбуоти тизимида ўзига хос нуфузга эга бўлган туман ОАВлари  ҳамиша халқ билан бирга, халқ орзу-умидлари, ҳаётда эришаётган мислсиз ютуқлари, ечимини кутаётган муаммоларини ёритишда, бу муаммоларни ҳал этишда ҳамиша фаол.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги Амударё тумани ҳар томонлама тараққий этган,  шаҳар-у қишлоқлари обод, халқи фаровон, ўзаро тотувликда яшаётган ва янада юксак тараққиёт поғоналари сари юксалиб бораётган гўша. Бу сўлим гўшани яқиндан билмоқ, аҳил ва иноқ халқи ҳаёт тарзи билан ҳамнафас бўлмоқ учун Амударё деб аталмиш жаннатмакон ўлкага қадам ранжида қилмоқ керак. Ана шундай азизлар, бир келиб кўринг, Аму элини! Кўринг ва бу гўзал юртни абадий севиб қоласиз.