Тил - миллат кўзгуси

Туман янгиликлари

 

Тил инсонларнинг ўзаро алоқа воситаси бўлиб, яратувчининг инсонга берган бебаҳо неъматидир. Дунёда ҳар бир халқнинг ўз она тили унинг бебаҳо бойлиги, ифтихори ҳисобланади. Ҳикматли сўзлар, шеъру достонлар, қўшиқлар, аввало миллатнинг она тилида дунёга келади. Миллат бор экан, унинг тили ҳам яшайди, тили яшар экан у миллат бошқа миллатлар орасида ўз нуфузи, обрўсига эга бўлади.

  • 1989 йил 21 октяръ Ўзбекистон тарихига, ўзбек миллати йилномасига зарҳал ҳарфлар билан битилди. “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинди. У Мустақиллигимиз сари қўйилган энг дадил қадам эди. Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлиб, халқимиз руҳини кўтарди. Ўзбек тили ўзбек миллатининг узоқ тарихий илдизларига, ўз сиёсий-ҳуқуқий асосларига эга муқаддас қадрияти, улкан маънавий ютуғидир.

Тил – миллат қиёфасининг бир бўлаги, айнан тил туфайли халқ ва элатларнинг маданияти, урф-одатлари сақланиб қолади.

Тил инсоннинг бирламчи эҳтиёжи, англаш, билиш, сўзлаш, алоқа-муносабат воситаси бўлгани боис ҳамиша жамият равнақининг асосий мезонларидан бири бўлиб келган.

Тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзаги, у халқ тараққиёти ва келажагини белгилайдиган, бирлаштирадиган, тарбиялайдиган, ўқитадиган, урф-одат, ананаларини сақлайдиган асосий восита эканлигини ҳар биримиз чуқур англаб, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-еътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда чуқур ҳурмат билан ёндашимиз керак. Чунки тилсиз ҳеч бир миллат тўлақонли халқ бўла олмайди.  Давлатимиз раҳбарининг “Она тилимиз — миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиз” эканлигини такидлаб, бу қутлуғ санани энг юксак даражада нишонлаш бўйича берган кўрсатмалари ўзбек тилининг нуфузини, унинг аҳамиятини янада оширади, деб ўйлайман.

21 октябръ Ўзбек тили байрами муносабати билан туманимиздаги барча таълим муассасалари, ташкилотларда, она тилимизга бағишланган бадиий кечалар, учрашувлар, давра сухбатлари,  анжуманлар юқори савияда ташкил қилиниб, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Ушбу тадбирлардан тилимизни эъзозлаш, унинг давлат тили сифатидаги мақомини, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш асосий мақсадимиздир.

Миллатимизнинг қутлуғ ўзбек тили байрами ҳаммамизга муборак бўлсин.

Махмуд Эшманов, Республика маънавият ва маърифат маркази Амударё туман бўлинмаси бош мутахассиси