Хитой ўзининг биринчи юк космик кемасини учирди

Хориж янгиликлари

Хитой пайшанба куни биринчи миллий юк космик кемаси "Тяньчжоу-1" ("Осмон кемаси-1")ни учирди.

Парвоз маҳаллий вақт билан соат 19.41да (Тошкент вақти билан 16.41да) "Чанчжэн-7" ракета-ташувчиси ёрдамида Хайнань вилоятидаги Вэньчан космодромидан амалга оширилган. Хитой Марказий телевидениеси (CCTV) ҳодисани тўғридан-тўғри эфирга узатди.

Кема орбитага олти тоннадан ортиқ юкни етказиб берди, улар орасида ёқилғи ва “Тяньгун-2” (“Самовий қаср-2”) фазовий лабораториясига бошқа захиралар бор.

"Тяньчжоу-1" парвоздан сўнг орбитада “Тяньгун-2” фазовий лабораторияси билан унга ёқилғи қуйиш ва тажриба ҳамда синовларни ўтказиш учун уч бора туташади. У ўз орбитасида тахминан уч ой, шунингдек лаборатория билан туташганидан сўнг икки ой вақт давомида бўлади.

Хитой ўз космик станциясининг асосий модулини 2018 йилда учириш ниятида, бу керакли технологияларни синовдан ўтказиш учун амалга оширилади. Режага кўра, станция 2022 йилдан тўлақонли фаолият олиб бора бошлайди.

Хитой фазовий кемалар дастури бош лойиҳачиси Чжан Байнаннинг хабар беришича, Хитой 2018 йилдан сўнг ўзининг бўлажак фазовий станцияси асосий модулига навбатдаги “Тяньчжоу-2” юк космик кемасини учиради.