ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕPИКЛИК АСОСИДА ЗАМОНАВИЙ МТМ ИШ БОШЛАДИ

Янгиликлар

Мавзуга оид фотогалерея

Мавзуга оид видео

Президентимизнинг 2017 йил 30 сентябрь кунги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Pеспубликаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори таълимнинг энг дастлабки ва асосий босқичи бўлган мактабгача таълим муассасаларига болажонларни қамраб олиш даражасининг ошиши, МТМлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мактабгача таълим соҳасида нодавлат тармоқ ҳиссасини оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Амударё туманида айни кунда мактаб ёшигача бўлган болажонларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш даражаси 30 фоиздан зиёдни ташкил қилади. Шунинг учун ҳам жорий йилда 10 та нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган ва бу борада амалий ишлар қилинмоқда.

28 ноябрь куни туманда навбатдаги давлат-хусусий шериклик асосидаги МТМ ўз фаолиятини бошлади. Манғит шаҳри марказида, Манғит деҳқон бозори ёнида жойлашган, илгари фойдаланилмай турган икки қаватли бино тадбиркор Манзура Жуманиёзовага “ноль” харид қийматида инвестиция киритиш шарти билан бепул берилди. “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг 1 млрд 183 млн сўмлик кредити ва тадбиркорнинг ўз маблағи ҳисобидан ушбу бино қайта реконструкция қилиниб, замонавий қиёфа касб этди.

“Аму қуёши” нодавлат МТМга қарашли мазкур бинонинг фойдаланишга топширилишига бағишланган тадбирда Қорақалпоғистон Pеспубликаси мактабгача таълим вазири Жумагул Уснатдинова, туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Бекман Аллаберганов, “Аму қуёши” нодавлат мактабгача таълим муассасаси мудираси Сайёра Жумамуродова, ота-оналардан Моҳира Худойбергановалар сўзга чиқишиб, болажонлар учун барча имкониятларга эга янги муассасанинг иш бошлаши билан барчани қизғин қутлади.

Байрамона безатилган бино олдида рамзий тасма кесилиб, 100 та ўринга эга мазкур муассаса шу кундан эътиборан расмий равишда иш бошлади.

Ойгул PАЖАБОВА.