Амударё тумани ҳокими Султонбой Йўлдашев “Ўзбекистон Pеспубликаси қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди

Туман янгиликлари

Амударё тумани миришкор деҳқонлар ва ишбилармон фермерлар юрти. Ўн йиллар мобайнида қишлоқ хўжалигида ўзига хос тизим шакллангани, соҳада ишнинг тўғри йўлга қўйилгани ва деҳқон ҳамда фермерларнинг заҳматли меҳнатлари натижасида Амударё тумани пахтачилик ва ғаллачилик соҳасида Ўзбекистон Pеспубликаси миқёсида етакчи туманлар сафида келмоқда.

Амударёлик фермерлар бу йил ҳам ушбу анъанага содиқ қолган ҳолда катта меҳнат зафарларини қўлга киритиб, навбатдаги қишлоқ хўжалиги йилини ёруғ юз билан якунламоқдалар.

Йилнинг дастлабки хирмонини пиллакорларимиз бунёд қилдилар. Туман бўйича 163,3 минг тонна пилла етиштирилиб, давлат буюртмаси 100 фоизга бажарилди. Амударёлик пиллакорлар топширган ҳосил Қорақалпоғистон Pеспубликасида етиштирилган пилланинг салкам учдан бир қисмини ташкил қилди.

Туманимиз ғаллакорлари шу йил 26 июнь куни меҳнат зафарини қўлга киритиб, давлат шартномавий режаларини Қорақалпоғистонда биринчилардан бўлиб бажардилар. Ялпи ҳосил хирмони 12,6 минг тоннадан, ғалла етиштиришдан олинган даромад эса 4 млрд. 147 млн. сўмдан ошди. Етиштирилган ҳосилнинг 6 минг 83 тоннаси давлат хазинасига топширилди, қолган қисми эса фермерлар ва хўжалик ишчилари оиласи ихтиёрида қолди. Туманимиздаги 180 та фермер хўжаликлари гектаридан 60-65 центнердан ҳосил олишга эришдилар.

Пахтакорларимиз эса 15 минг 550 гектар даладан 34 минг тоннадан ортиқ ҳосил олиб, давлат олдидаги йиллик шартномавий режаларини Ўзбекистонда биринчилар қатори ортиғи билан бажардилар. Ҳосилнинг асосий қисми биринчи навга топширилгани эса фермерларимизнинг юқори даромад олишини таъминлади.

Муҳтарам Президентимиз шу йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи давомида Pеспублика фаоллари билан учрашувида амударёликларни меҳнатдаги бу ютуқлари билан самимий табриклаб, туман раҳбариятининг хизматларини алоҳида эътироф этган эди.

Юртимиз бўйлаб Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни ва Ҳосил байрами кенг нишонланаётган шу кунларда бир гуруҳ амударёлик фаоллар, шу жумладан, 4 та сектор раҳбарлари Ўзбекистон Pеспубликаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан “Ўзбекистон Pеспубликаси қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони билан мукофотланиши бу эътирофларнинг амалий исботи бўлди.

Айтиш керакки, Амударё туманида барча соҳалар қаторида қишлоқ хўжалиги ҳам жадал суръатларда ривожланмоқда. Бугунги кунда туманда 548 та фермер хўжаликлари фаолият юритмоқда. Уларнинг 499 таси пахтачилик ва ғаллачилик, 15 таси чорвачилик, 5 таси паррандачилик,  19 таси боғдорчилик, 5 таси узумчилик ва 5 таси сабзавотчилик соҳаларга ихтисослаштирилган.

Туман ҳокими С.Йўлдашевнинг қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини оширишга қаратаётган эътибори натижасида ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича 2016-2018 йиллар давомида умумий қиймати 15 млрд. 829,8 млн. сўмлик узунлиги  524 км бўлган коллектор ва каналларда  таъмирлаш-тиклаш ва реконструкция ишлари амалга оширилди.

С.Йўлдашевнинг бевосита саъй-ҳаракатлари натижасида Хитой  Халқ Pеспубликасидан грант асосида 2 та земнасос, 1 та бульдозер ва 1 та экскаваторлар олиб келинди. Ушбу сув техникалари экин майдонларига сув етказиб берувчи “Шихжамол”, “Чиғир”, “Ерлан атау”, “Тошёп” насос станциялари жойлашган каналларни қазиш ишларида муҳим аҳамият касб этди ва туманда қишлоқ хўжалик экинларини кафолатли сув билан узлуксиз таъминлаш, ерлар ҳосилдорлигини ҳамда фермер хўжаликларининг даромадларини оширишга хизмат қилмоқда.

2016-2018 йилларда тумандаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ва фермерлари томонидан 111 минг тоннадан ортиқ пахта етиштирилиб, ҳосилдорлик гектаридан ўртача 23,5 центнерни ташкил қилди.

Ушбу давр мобайнида ялпи ғалла ишлаб чиқариш 38 минг 355 тоннани ташкил қилиб, ҳосилдорлик гектаридан ўртача 42,6 центнерга етди. Давлатга ғалла топшириш бўйича йиллик шартномавий режалар ҳар йили 150-160 фоизга бажарилиб, охирги 3 йил давомида 22 минг 210 тонна, яъни режадан 5 минг 620 тонна ортиқ ғалла етиштириб берилди.

Пиллачилик соҳаси ҳам изчил ривожланмоқда. 2016-2018 йилларда туманда 695,9 тонна пилла етиштирилди.

Чорвачилик маҳсулотларини етиштиришда ижобий натижалар қўлга киритилиб, 2016-2018 йилларда 31,2 минг тонна гўшт, 120,6 минг тонна сут маҳсулотлари, 111,9 млн. дона тухум етиштирилди.

2018 йилда тумандаги наслчиликкка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари томонидан боқиб кўпайтирилаётган  зотдор моллардан аҳолига кам фоизли кредитлари ҳисобига 250 бошдан кўпроқ наслли қорамоллар етказиб берилгани эса наслдор чорва молларини кўпайтириш, аҳолини етарли миқдорда гўш ва сут маҳсулотлари билан таъминлашда катта самара бермоқда.

Тумандаги фермер хўжаликларининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2016-2018 йилларда лизинг асосида  умумий қиймати 5,6 млрд сўмлик 108 та техникалар ва қишлоқ хўжалиги агрегатлари, кредит асосида умумий қиймати 5 млрд. 608 млн. сўмлик бўлган 30 та турли хилдаги техникалар ҳамда “Амударё МТП” МЧЖга фермер хўжаликларга техник хизмат кўрсатишни янада яхшилаш мақсадида 5 млрд. сўм банк кредити ҳисобига жами 14 та сурим ва ишлов бериш тракторлари олиб келинди.

С.Йўлдашевнинг саъйи-ҳарактлари билан тумандаги “Манғит Инвест плюс” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси томонидан Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳисобидан 487 минг АҚШ доллари миқдорида валютада кредит маблағи ажратилиб, 1 гектар майдонда замонавий иссиқхона ташкил этилди.

Туман аҳолисини сифатли ва арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 2400 тонна замонавий музлаткичли сиғимлар ташкил қилиниб, жорий йилга белгиланган 2435 тонна заҳира миқдорини, яъни 888 тонна  картошка, 639 тонна  пиёз, 291 тонна  сабзи ҳамда 617 тонна гуруч маҳсулотлари куз-қиш мавсумига ғамлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди.

Меҳнатсеварлиги, билими ва талабчанлиги билан туманимиз, шу билан бирга мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиб келаётган туманимиз ҳокими С.Йўлдашевни, амударёлик “Ўзбекистон Pеспубликаси қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони соҳибларини ва барча деҳқон-у фермерларни, томорқачи ва пудратчиларни, соҳага алоқадор барча юртдошларимизни Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни ҳамда Ҳосил байрами билан самимий табриклаймиз! Фидойи меҳнатларингиз натижасида қад кўтарилган хирмонларингиз каби мартабангиз ҳам баланд, юзингиз доимо ёруғ бўлсин, қадрли юртдошлар!

 

“Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти.