ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАP БЎЛИМИ ХОДИМЛАPИ ХАЛҚ САЛОМАТЛИГИ УЧУН ҲАP КУНИ ИШДА, СИЗ ЭСА УЙДА ҚОЛИБ ЎЗ-ЎЗИНГИЗНИ, ЯҚИНЛАPИНГИЗНИ АСPАНГ!

Туман янгиликлари

Инсоният тарихида бири-биридан аянчли оқибатлари  билан из қолдирган балои-офатлар кўп кузатилган. Урушлар, давлатлараро  низолар, қалбларни ларзага солувчи табиий офатлар ер юзи халқлари бошига мислсиз кулфатлар ёғдирганини биламиз. Лекин эпидемик офатлар айнан бир нуқтада бошланиб, уруш ёки табиий офат каби ўша ҳудудни зарарлаб қолмайди, балки қўлсиз, оёқсиз, шовқин-суронсиз, ҳеч қандай шарпасиз манзил ва макон танламай, инсониятга беадад хавф-хатар туғдириши билан ажралиб туради. Коронавирус пандемияси инсоният учун ана шундай хавфли “душман”дир.

Ер юзи аҳолиси бу каби “душман” билан ҳар юз йилда  бир бора дуч келаётганига тарих гувоҳ, хусусан, 1720 йилда – чумо (ўлат), 1820 йилда – холера (вабо), 1920 йилда – испан гриппи  инсоният бошига катта кулфатлар солган бўлса, 2020 йилда – коронавирус (COVID-19) пандемияга айланиб улгурди ва 2020 йилнинг 30 март санасигача коронавирус пандемияси кириб борган жами давлатлардан 33000 нафар киши ушбу вирусни юқтириб олиш оқибатида вафот этди. Мамлакатимизда ҳам вирусни юқтириб олган беморлар сони ортиб бормоқда. Бундан мустасно тарзда касалликка чалинганлар орасидан соғаяётганлар ҳам қайд этилмоқда.

Вирус тарқалишининг олдини олиш учун кундан-кунга чоралар қатъийлаштирилмоқда. 24 март куни Тошкент  шаҳрини вилоятлар билан боғловчи барча постлар ёпилди. Кейинчалик Самарқанд, Бухоро, Навоий ва Зарафшон шаҳарлари ҳам транспорт ҳаракати учун ёпилди. Бундан аввал водий вилоятлари ва Гулистон шаҳри ҳам транспорт йўлакларини ёпган эди. 30 мартдан эътиборан эса бир вилоятдан иккинчи вилоятга ўтиш, шунингдек, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларига автотранспорт воситалари кириш-чиқиши батамом тўхтатилиб, фақат белгиланган турдаги автомобиллар давлатнинг махсус стикери билан ҳаракатланишига рухсат берилди. Тўй-тантаналар, оилавий маросимларни ўтказиш вақтинча тўхтатилди. Ҳатто дафн маросимларини ўтказишда фақат оила аъзолари, туғишган қариндошларгина иштирок  этиши диний идоралар томонидан белгилаб қўйилди.

Ана шундай шароитда юртдошларимизнинг карантин қонун-қоидаларига қатъий амал қилиши талаб этилади ва бу талаб ўз навбатида халқимизнинг саломатлигини, тинч-осойишталигини таъминлайди.

Шуларни инобатга олган ҳолда туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан қарантин қоидаларига амал қилиш, туманимиз аҳолиси санитария-осойишталигини таъминлашга қаратилган кенг миқёсли  тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бўлим ходимлари аҳоли зич яшайдиган маҳаллаларда, озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи дўконларда, “Манғит деҳқон бозори” ҳудудида коронавирус инфекциясидан сақланиш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш билан бирга, озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш учун келган фуқароларга коронавирус пандемияси ва ундан сақланиш бўйича тавсиялардан иборат буклетлар тарқатишмоқда.

Коронавирус инфекцияси тарқалиб кетишининг олдини олиш бўйича туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ва Санитария эпидемиология осойишталик маркази ходимлари ҳамкорликда Исузу АЦ-50 ёнғин ўчириш автомобилида “Манғит деҳқон бозори” ва тумандаги барча жамоат транспортларида 47 та, “Амударётранс”га қарашли 42 та, жами 156 та жамоат автотранспортларида ҳар 4 соатда дезинфекция ишлари ўтказилмоқда. “Манғит деҳқон бозори” ҳудудидаги 1000 квадрат метр майдонга, бозор ҳудудидаги савдо мажмуаларида эса 550 квадрат метр майдонга, туман марказий автотураргоҳи ҳудудида 90 квадрат метр майдонга, шунингдек, туман Бандликка кўмаклашиш, Агробанк ҳамда туман ФВБ бинолари ва бозор атрофидаги кўчаларга, туман Халқ таълими бўлими биноси, 87 та мактаб ва мактабгача таълим муассасалари. оила ва маҳаллани қўллаб-қувватлаш маркази биноларида профилактик дезинфекция ишлари мунтазам равишда олиб борилмоқда.

Бутун дунё халқлари, хусусан, мамлакатимиз ва туманимиз аҳолиси ҳам синовли кунларни бошдан кечирмоқда. Ана шундай синовли дамларда фуқароларимиздан зарур бўлмаган ҳолатда кўчага чиқмасликларини, оралиқ масофани сақлаган ҳолатда сўзлашишни, кундалик ҳаётда оддий тозалик қоидаларига риоя қилишларини сўраб қоламиз.

Қатор соҳа ходимларининг “Халқ саломатлигини ўйлаб, биз ишда қолдик, ўз саломатлигингизни ўйлаб, сиз уйда қолинг!” деган шиорга амал қилган ҳолда фуқароларимизни ўйлаб, ишда қолиб қилаётган фидойи меҳнатларини қадрлайлик.

 
Б.ТАЖИБОЕВ, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ФВДТ ва ФМ

фаолиятини ташкил этиш хавфсизлик бўлинмаси бошлиғи, катта лейтенант.