Коронавирус пандемияси даврида туман Дезинфекция станцияси барча ҳудудларда дезинфекция чора-тадбирлари тўлиқ бажарилишини таъминламоқда

Туман янгиликлари

Мамлакатимизда сўнгги йилларда санитария-эпидемиологик осойишталикни сақлаш, яшаш муҳити хавфсизлигини ва инсон соғлиғини муҳофаза қилишни таъминлаш, санитария-эпидемиология назорати хизмати тизимини такомиллаштириш, ушбу соҳада малакали кадрларни тайёрлашга йўналтирилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Мазкур соҳада таъсирчан мониторинг ва назоратни йўлга қўйиш мақсадида “Aҳолининг санитария-эпидемиология осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Pеспубликаси Қонуни қабул қилинди. Қонунга мувофиқ аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, Ўзбекистон Pеспубликаси санитария-эпидемиология хизмати фаолиятини бошқариш ва мувофиқлаштиришнинг самарали механизмларини жорий этиш, унинг институционал салоҳиятини ошириш, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилиши кабилар бўйича тегишли чора-тадбирлар йўлга қўйилди.

Мазкур қонунга биноан бутун мамлакатимизда Дезинфекция станциялари ташкил этилди. Қонуннинг 34-моддасига мувофиқ юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлиши, тарқалишининг олдини олиш, уларнинг доирасини камайтириш ҳамда уларни бартараф этиш мақсадида эпидемик кўрсаткичлар бўйича дезинфекция тадбирлари амалга оширилади. Давлат санитария назоратини амалга оширувчи органлар томонидан бажариладиган ушбу профилактик дезинфекция тадбирлари эса юридик ва жисмоний шахслар билан тузилган шартномалар асосида дезинфекция станцияси томонидан ўтказилади.

Маълумот тариқасида айтиш керакки, карантин эълон қилинган кундан бошлаб, бугунги кунга қадар бутун республикадаги 91,5 фоиз, яъни 9210 та халқ таълими тизимидаги таълим муассасаларида дезинфекция ишлари амалга оширилди. Ўзбекистонда 100дан ортиқ дезинфекцияловчи восита турлари рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг барчаси ишлатилишига рухсат берилганлиги сабабли барча ҳудудларда дезинфекция чора-тадбирлари тўлиқ бажарилишига қатъий амал қилинмоқда.

Туман Дезинфекция станцияси ҳам хўжалик ҳисобида иш олиб борувчи давлат корхонаси сифатида ташкил қилинган бўлиб, Ўзбекистон Pеспубликаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1999 йил 12 декабрда тасдиқланган буйруғи асосидаги  Уставга кўра фаолият кўрсатиб келмоқда.

Дезинфекция станцияси томонидан ҳозирги вазиятда аҳоли орасида коронавирус, қизамиқ ва бошқа юқумли касалликларнинг келиб чиқиши, тарқалишининг олдини олиш, уларни камайтириш ҳамда касалликни тарқатувчи омилларга қарши курашишга қаратилган профилактик дезинфекция, дезинсекция, дератизация ишларини мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Бундай тадбирлар карантин бошланганидан буён туманимиздаги барча мактаблар, мактабгача таълим муассасалари ҳамда жамоат жойларида мунтазам равишда амалга оширилмоқда.

Aйни вақтда ҳам туманимизда транспорт воситалари ва бозорлар доимий дезинфекция қилинмоқда. Бозорлар, савдо ўринларида одамлар камайган пайтда дезинфекция ишлари ташкил этилмоқда. Ҳаракатланишига рухсат берилган транспорт воситалари, савдо комплексларида корхона ходимлари томонидан дезинфекция тадбирлари тўлиқ бажарилмоқда.

Дезинфекция – вирус тарқалишининг олдини олишда самарали воситадир. Туман Дезинфекция станцияси мутахассислари шу боисдан ҳудудда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, юқумли касалликларнинг олдини олиш, бугунги кунда дунёни саросимага солаётган коронавирус инфекцияси тарқалишига тўсқинлик қилишда ўзларининг самарали ҳиссасини қўшишмоқда.

Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.