Қорақалпоғистонга, унинг барча шаҳар ва туманларига бошқа ҳудудлардан кириш ва чиқиш тўхтатилди

2020 йил 27 март санасидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикасига, шунингдек, унинг барча шаҳар ва туманларига бошқа ҳудудлардан ҳар қандай транспорт воситаларида (автобус, микроавтобус ва енгил автотранспорт) кириш ва чиқиш тўхтатилди. 

Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикасида коронавирус инфекциясига чалинганлар аниқланмаган. Аммо, бошқа давлатлардан юртимизга кириб келган 550 дан ортиқ фуқаролар карантинда сақланмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан маҳаллий аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳудудга ҳар қандай транспорт воситаларида кириш ва чиқиш тўхтатилмоқда.

Мазкур ҳудудларга кириш ва чиқишдаги чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолларга, шунингдек, шаҳар ва туманларда доимий яшовчи шахсларга, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши топшириғига асосан шаҳар ва туманларига бириктирилган маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилот (нодавлат ташкилот)ларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган раҳбар ва ходимлар, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳамда масъул ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Ахборот хизмати.