ТУМАНИМИЗГА КОPОНАВИPУС КИPИБ КЕЛИШИ ВА ТАPҚАЛИШИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШГА ҚАPАТИЛГАН ЧОPАЛАP КУЧАЙТИPИЛМОҚДА

Туман янгиликлари

Дунёнинг 180 дан зиёд мамлакатига тарқалган коронавирус кун сайин кўпроқ ҳудудларни қамраб олмоқда. дунё бўйича коронавирусга чалинганлар, ушбу касаллик туфайли оламдан ўтганлар сони ортиб бормоқда. Аммо тузалаётганлар, касалликдан талофатсиз чиқаётган давлатлар ҳам бор.

Мамлакатимизда ушбу инфекция юқтирган илк бемор 15 мартда аниқланган бўлса, бугунга келиб, коронавирусга чалинганлар сони анча ортди. Ўта юқувчан бу инфекциянинг кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш бўйича давлатимиз тезкор чора-тадбирлар кўрмоқда. Карантин ҳолати жорий қилиниб, аҳолидан зарурат бўлмаган ҳолларда кўчага чиқмаслик, шунингдек ваҳимага тушмасдан ҳамма биргаликда касалликка қарши курашиш сўралмоқда, кўпгина идора ташкилотлар масофадан туриб ишлашга ўтди, озиқ-овқат дўконлари ва деҳқон бозорларидан ташқари барча савдо шохобчалари фаолияти тўхтатилди, 30 мартдан бошлаб умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари учун телевизион дарслар ўтиш йўлга қўйилди, кўчада тиббий ниқобсиз юришга қарши жазо чоралари кучайтирилди.

Мана шундай шароитда туманимиз Тиббиёт бирлашмасида ҳам коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича кўпгина чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар жорий йилимизнинг январь ойидан, яъни, юртимизда ушбу касаллик қайд этилмаган вақтданоқ бошланди. Бу бўйича маъмуриятнинг махсус иш режаси тузилиб, унга кўра, аввал шифокорлар, кейин ўрта тиббиёт ходимлари, санитаркалар касалликка қарши курашиш бўйича махсус ўқитилди. Малакаси оширилган шифокорлар, ҳамширалар иштирокида туманимиздаги барча мактабгача таълим ташкилотларида, мактабларда, овул ва маҳаллаларда коронавирус инфекциясини юқтириб олишдан сақланиш қоидалари тарғиб этилди. Шунингдек, туманимиздан кетиб, турли хорижий давлатларда бўлиб келган меҳнат мигрантлари уй карантинига олиниб, улардан ҳудуд шифокори, патронаж ҳамширалар, маҳалла профилактика инспектори ҳамроҳлигида кунига икки маҳал хабар олиб, соғлиғини мунтазам назорат қилиб бориш йўлга қўйилди.

Шу кунгача туман Тиббиёт бирлашмаси, кўптармоқли марказий поликлиника, қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари шифокорлари ва ўрта тиббиёт ходимлари учун 25 марта коронавирус этиологияси, клиникаси ва профилактикаси бўйича семинарлар ўтказилди.

Тиббиётда касалликни даволагандан кўра, олдини олган афзал деган қоида бор. Бугунги кунда тиббиёт ходимлари туманимизга коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олиш борасида тарғибот ишларини олиб боришаяпти. Кўчаларга, корхона, ташкилотлар биноларига ушбу инфекцияни юқтириб олишдан сақланиш қоидалари акс эттирилган плакатлар осилди.

Кўрилаётган бунингдек чоралар хотиржамликка асло асос бўлолмайди. Туман тиббиёт бирлашмасида агар касаллик қайд этилса, беморни дарҳол изоляцияга олиш ва тезкор даво муолоажаларини бошлаш учун юқумли касалликлар шифохонасида махсус хоналар ва дори-дармонлар заҳираси тайёрлаб қўйилди.

Амалга оширилаётган бунингдек саъй-ҳаракатлар халқимизнинг соғлиғини сақлашга, уларни ўта юқумли касаллик – коронавирусдан ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

О.PАЖАБОВА.