ТЎЛҚИНЛИКЛАP КАPАНТИН ДАВPИНИ ТОМОPҚАСИДА, ҚИЗҒИН МЕҲНАТ ЖАPАЁНИДА ЎТКАЗИШМОҚДА

Туман янгиликлари

Тўлқин овули туманимизнинг ери энг унумдор, одамлари меҳнаткаш, тилсиз замин бағридан мўл-кўл ҳосил олишда кўпчиликка ибрат бўлгулик омилкорлар яшайдиган ҳудудидир.

Қадим Амударё соҳилида жойлашган овул аҳолиси ўз томорқаларини ҳақиқий даромад манбаига айлантиришган. Бу ерда томорқа, чорва, паррандаси йўқ хонадоннинг ўзи йўқ. Ҳозирги кунда ҳудудда 1360 та хонадонда 7660 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг томорқа ерлари 270 гектарни ташкил қилади. Шу кунгача мазкур майдонларнинг эртаги экинлар экиладиган қисмига картошка, пиёз, беда каби экинлар экиб бўлиниб, айримлари униб чиқа бошлади.

Овулда томорқасида иссиқхона ташкил этиб, қишда ҳам сархил сабзавотлар етиштириб, бозорларимиз тўкинлигига ҳисса қўшаётган оилалар бор. Иссиқхоналарда эртаги экинлар кўчатларини етиштириб, ўз томорқасига кўчиришдан ташқари, овулдошларининг ҳам томорқаларига зарур кўчатларни етказиб бераётганлар кўпчилик.

Жами 19 та иссиқхоналарда етиштирилган эртаги карам, булғор қалампири, помидор, бодринг, бақлажон кўчатларини очиқ томорқа ерларга экиш ишлари бошланиб кетди.

Ҳайитбой Йўлдошевнинг 16 сотихлик томорқаси оиласини сабзавот, полиз маҳсулотлари ва мевалар билан таъминлабгина қолмай, қўшимча даромад ҳам келтиради. Унинг оила аъзолари кўмагида эккан эртаги пиёз, картошкалари униб чиқа бошлади, эртаги карам, қулупнай кўчатлари ривожи яхши. Шунингдек, ўтган йилнинг кузида экилган саримсоқпиёз барглари ҳозир истеъмолга яраб қолди.

Излаган имкон топади, дейди халқимиз. Юртимизга тарқалган коронавирус  инфекциясига қарши кураш кун сайин авж олиб, шифокорлар учун ғоят масъулиятли даврлар кечаётган бўлса-да, шифокор Бахтиёр Мухторов “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастур асосида кредит олиб ташкил этган иссиқхонасидаги ишларини ҳам ўз ҳолига ташлаб қўймади. Ҳозир унинг иссиқхонасида экилган бодринг, помидорлар гуллаб, ҳосил  тугаётган бўлса, карам, помидор, булғор қалампири, қовун, тарвуз, ҳандалак, бақлажон кўчатлари очиқ майдонга кўчириб ўтқазишга тайёр бўлди. Овулдошлари бу кўчатларни яхши ниятлар билан сотиб олиб, томорқасига ўтқазишмоқда. Иссиқхонадаги ишларда турмуш ўртоғи Нигора Шукурлаева, қизи Насибалар яқин кўмакчи.

Фарҳод Отажонов ҳам овулдаги томорқасини мўл даромад манбаи дея ҳисоблайдиган, ернинг тилини биладиган инсонларнинг бири.

Унинг 16 сотихлик томорқасидаги  қўлбола иссиқхонасида ҳозир редиска етилиб, истеъмолга яраб қолди. Эртаги  карам, булғор қалампири, помидор, бақлажон кўчатларини эса кўчириб ўтқазишни бошлаб юборишди. Шунингдек, олма, узум, ўрик, нок каби дарахтларнинг меваси оилани ёз бўйи таъминлабгина қолмай бозорда сотишга ҳам ортади.

Шифокорлар коронавирус инфекцияси кенг тарқалиб кетмаслиги учун одамларни иложи борича уйда бўлишга, жамоат жойларига боришдан сақланишга чорлаётган бир вақтда тўлқинликлар яхши кунлар умиди билан томорқасига рўзғори учун зарур бўладиган сабзавот, полиз экинларини экиш ва мўл ҳосил олиш учун тинмай меҳнат қилмоқдалар.

Эрта эксанг, эрта ўрасан, дейди халқимиз. Ўз оиласи эҳтиёжидан орттириб, эртаги экинлар ҳосили билан юртдошлармиз дастурхонни тўкинлигига  ҳам ҳисса қўшишга интилаётган барча деҳқонларга ҳам меҳнатларингиз баракасини берсин, деб қоламиз.

О.PАЖАБОВА.