ҲУШЁPЛИК – ҲАP ҚАНДАЙ ХАВФ-ХАТАPНИНГ ОЛДИНИ ОЛАДИ

Ҳаёт – тасодифларга тўла. Эрталаб яхши кайфият билан ишга, ўқишга, шахсий режаларимиз ёки оила ташвишлари билан уйимиздан чиқиб кетамиз. Лекин бир қадам, балки ўн қадам... нарида бизни қандай синов ёки тасодифий ҳолат кутаётганини билмаймиз. Айниқса, йўлда. Озгина эҳтиётсизлик туфайли бинойидай соғлом, чопқиллаб юрган инсон  бир умр ногирон ёки қисқа ва узоқ муддатга соғлигини йўқотиб, тўшакка михланиб қолиши ҳеч гап эмас.

Халқимиз айни пайтда коронавирус пандемиясига қарши карантин қоидаларига амал қилиб, қисман  уйда бўлиб турибди. Ҳар куни телевидение каналлари орқали берилаётган тезкор хабарлардан Ўзбекистонда бу касалликка чалиниш ҳолатлари ҳам, ўлим ҳолатлари ҳам кун сайин ошиб бораётганидан барчамиз хабардормиз. Агар алоҳида эътибор берадиган бўлсак, тожли вирусдан ҳам кўра, йўл-транспорт ҳодисаси қурбонлари кунлик ўсиши юқори эканлигини кўрамиз. Вирусга эътиборсизлик ҳам, йўл ҳаракати қоидаларига эътиборсизлик ҳам жиддий оқибатларга олиб келиши барчамизга аён.

Хусусан, 2020 йил 3 июнь куни соат 10 лар чамасида туманимизнинг Хитой овулида яшовчи фуқаро Қўчқоров Комилжон Ҳайтбаевич “Нексия” русумли, давлат рақам белгиси 95 Т 485 GA бўлган автомашинасини Амударё туман Ўрта қалъа ОФЙ, Қаршили хўжа аҳоли пункти ички йўлида бошқариб кетаётиб, олдинда велосипедда ҳаракатланаётган вояга етмаган. 2007 йилда туғилган, Ўрта қалъа овулида яшовчи Нозима Саидабуллаевани уриб юбориб йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган. Натижада вояга етмаган Саидабдуллаева Нозима Каримбой қизи тан жароҳати олиб туман тиббиёт бирлашмасига келтирилган.

2020 йил 17 июнь куни соат 23 лар чамасида Ўрта қалъа овулида яшовчи фуқаро Шуҳрат Матқурбонов фуқаро Матқурбанов Шавкат Pимбоевич номида бўлган “Дамас” русумли, давлат рақам белгиси 95L116JA бўлган автомашинани 4P160 Урганч-Манғит-Туркманистон чегара йўлининг Ўрта қалъа овули ҳудудидан ўтган 74-км.да амалдаги йўл ҳаракати қоидаларининг 7- ва 77-бандларига риоя қилмасдан, ишончномасиз ва ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқариб бораётиб, бошқарувни йўқотиши натижасида йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилган. Натижада фуқаро Шуҳрат Матқурбанов олган тан жароҳати туфайли туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

2020 йилнинг 14 июнь куни соат 19лар чамаси туманимизнинг Тўлқин овулида яшовчи фуқаро Ҳайитбай Юлдашов “Фарход Бабаниязов” фермер хўжалигига тегишли МТЗ-80 русумли, давлат рақам белгисисиз тракторни Тўлқин овулининг “Жангал қалъа” аҳоли пункти ички йўлида бошқариб кетаётиб, олдинда, йўлни велосипедда кесиб ўтаётган вояга етмаган, Тўлқин овулида яшовчи, 2013 йилда туғилган Шоҳсанам Собировани уриб юбориб, йўл-трансорт ҳодисаси содир қилган. Натижада вояга етмаган Шоҳсанам Собирова тан жарохати олиб туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилди.

Шунингдек, 2020 йил 18 июнь куни 18лар чамасида Куюк кўпир овулида яшовчи фуқаро Мансур Юлдашев “Нексия” русумли, давлат рақами 95 Х537 GA  бўлган автомашинасини 4P160 Урганч-Манғит-Туркманистон чегара йўлининг 65-км.да амалдаги йўл ҳаракати қоидаларининг 7- ва 64-бандларига риоя қилмай, ҳайдовчилик гувоҳномасисиз боқшариб бораётиб олдинда, қарама-қарши йўналишда келаётган Ўрта қалъа овулида яшовчи фуқаро Одилбек Хайтаков бошқарувидаги “Восход” русумли, давлат рақам белгисисиз мотоцикл билан тўқнашув содир қилган. Натижада мотоцикл ҳайдовчиси Одилбек Ҳайтаков тан жарохати олиб, туман тиббиёт бирлмашси шифохонасига ётқизилган.

Азиз юртдошлар, коронавирусга чалинган бемор вируснинг қаердан, қандай келиб танасига ёпишганини билмаслиги оқибатида ҳаётини хавф остига қўйса, йўл-транспорт ҳодисасини содир этган фуқаро эса кўриб-билиб туриб, эҳтиётсизлиги оқибатида ўзининг ва ўзганинг ҳаётини хатарга қўяди. Натижада эса юқоридаги каби аянчли ҳодисалар юзага келади. Ҳар қандай кўнгилсизликнинг олдини олиш эса ўз қўлимизда. Демак, биз ўзимиз хушёр бўлсак, вирусни ҳам енгамиз, йўлларимизда эса хавфсизликни ҳам таъминлаймиз.


Д.АМИНОВ, ИИБ ЙҲХБ бошлиғи.