ЮРТИМИЗДА ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ ЖАМИЯТДАГИ ЎРНИ ТОБОРА МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА

Туман янгиликлари

Хотин-қизларнинг жамиятда ва оилада тутган ўрнини мустаҳкамлаш, ижтимоий фаоллигини ошириш, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 18 февраль санасида имзолаган “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишларни олиб боришда муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг 30 сентябрь куни туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимида ушбу фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, оила ва хотин-қизлар билан ишлаш иш ҳужжатларининг, жумладан, “Aёллар дафтари”нинг юритилишига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Семинарни туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Муқаддас Бекназарова олиб борди. Унда тумандаги фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари иштирок этдилар. Иштирокчиларга иш ҳужжатларининг юритилиши ҳамда туманда “Aёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш борасида тавсиялар берилди.


Шунингдек, семинар давомида туманимиздаги 663 нафар ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизлар “Aёллар рўйхати”га киритилганлиги, шундан 163 нафари 1-сектор ҳудудига, 238 нафари 2-сектор, 165 нафари 3-сектор, 97 нафари эса 4-сектор ҳудудига тўғри келиши ҳақида маълумот берилди. Рўйхатга киритилган аёлларнинг 88 нафари кам таъминланганлиги, 336 нафари ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганлиги, 111 нафари боқувчиси бўлмаганлиги, 78 нафари ажрашган аёллар, 26 нафари ёлғиз оналар, 4 нафари ногиронлиги бўлган, 16 нафари ногирон фарзандини тарбиялаётган, 4 нафарини нотинч оилалардаги аёллар ташкил қилиши ҳақида айтиб ўтилди. Жорий йилнинг шу давригача “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлардан 331 нафарининг бандлиги таъминланганлиги маълум қилинди.
Семинарда таъкидланганидек, юртимизда хотин-қизларни, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг жойлардаги бўлинмаларида ишсиз, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган хотин-қизларнинг алоҳида “Aёллар рўйхат”лари шакллантирилиб, рўйхатга киритилган аёлларнинг бандлигини таъминлаш борасида салмоқли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан бири сифатида Олий таълим муассасаларига киришда қизлар учун ажратилаётган ўринларнинг кўпайтирилганлиги, қолаверса, тавсиянома асосида имтиёзли равишда ОТМларга қабул қилинаётганлиги ҳам яққол мисол бўла олади.


Хусусан, туманимиздаги Ўрта қалъа овулида яшовчи Диёра Тўрабаева тавсиянома асосида берилган имтиёз бўйича 170,1 балл билан Нукус Давлат Педагогика институти Хорижий тил ва адабиёти, инглиз тили йўналишига қабул қилинди. Шунингдек, Дурунки маҳалласида яшовчи Барно Қадамбоева ҳам тавсиянома асосида берилган имтиёз бўйича 173,4 балл тўплаб, Қорақалпоқ Давлат Университетининг математика йўналишида  ўқиш бахтига муяссар бўлди. Эндиликда Диёра ва Барно ўзлари танлаган ушбу олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида ўқишади.


Туманда жорий йилда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсиянома олиш мақсадида 184 нафар хотин-қиз томонидан мурожаатлар қабул қилиниб, тегишли ҳужжатлар топширилди. Бу бўйича ташкил қилинган ишчи гуруҳ томонидан мазкур ҳужжатлар батафсил ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижасида 90 нафар хотин-қизларнинг белгиланган мезонларга тўла мос келиши аниқланди ва бу бўйича хулосалар тайёрланди. Шундан сўнг, ушбу хулосаларга кўра тайёрланган рўйхат Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига тақдим қилинди ҳамда туманимиздаги 90 нафар хотин-қизларга ошкоралик, адолатлилик, шаффофлик тамойилларига асосланган ҳолда тавсияномалар берилди.

Чарос АРСЛОНОВА, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.