ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ СПИКЕРИ ЎРИНБОСАРИ АКТАМ ҲАИТОВ ТУМАНИМИЗГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Туман янгиликлари

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этиш, ҳудуддаги бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жадал ривожлантириш мақсадида Нукус шаҳрига ташриф буюрган эди.

Ушбу сессияда коронавирус пандемияси бутун дунёда бўлгани каби юртимизга ҳам йўқотишлар олиб келгани, лекин ҳаёт давом этиши, шу шароитга муносиб бўлиб, тўғри йўл топиш зарурлигини таъкидланиб, Қорақалпоғистонда барча соҳаларни жадал ривожлантириш бўйича келгуси 3 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар ишлаб чиқилганини маълум қилинди. Шунга кўра, ҳар бир туманда 2 тадан фаолият тури ўзига хос “ўсиш нуқта”си этиб белгиланиб, республикадаги 16 та туманни янада равнақ топтириш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳарни жадал ривожлантиришга кучли туртки бериш, муаммоларни тезкор ҳал этиш учун уларга вазирлар ва банклар бириктирилди.

Хусусан, Aмударё туманини барча соҳаларда жадал ривожлантириш мақсадида ҳудудга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, OʼzLiDeP фракцияси раҳбари, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Aктам Ҳаитов масъул этиб тайинланди.

6 октябрь куни Aктам Ҳаитов туманда ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ўзгаришлар, муаммо ва камчиликлар билан танишиш, уларнинг бартараф қилинишини таъминлаш мақсадида туманимизга ташриф буюрди. Спикер ўринбосари дастлаб туман ҳокимлигининг мажлислар залида OʼzLiDeP туман Кенгаши фаоллари билан учрашди. Учрашув чоғида Aктам Ҳаитов партия дастурида белгиланган вазифаларнинг тумандаги ижроси билан танишиб, масъулларга зарурий тавсия ҳамда йўл-йўриқлар бериб ўтди. Шунингдек, OʼzLiDeP туман Кенгашида намунали фаолият олиб бораётган, партия фаолларини совғалар билан рағбатлантириб, уларнинг келгусидаги ишларига муваффақиятлар тилади. 

Шундан сўнг, Aктам Ҳаитов тумандаги “TAMARA-TEKSTIL” МЧЖда олиб борилаётган ишлар билан танишди. Тадбиркорлик субъектида иш унумини ошириш учун яратилаётган шарт-шароитлар, келтирилган замонавий технологиялар меҳмонларни мамнун қилди. Масъуллар тадбиркор ҳамда корхонада фаолият юритаётган ходимлар билан суҳбатлашиб, уларда қандай муаммо ҳамда камчиликлар мавжудлиги билан қизиқди. Суҳбат якунида Aктам Ҳаитов корхонага янги тўқув дастгоҳи олиб келишда ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сотиш учун шаҳар марказида дўкон очишга амалий ёрдам берадиган бўлди.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида ҳудуддаги туманлар ва маҳаллаларни жадал ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш, ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш соҳаси салоҳиятини тўлиқ ишга солиш каби устувор йўналишлар қаторида, айниқса, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Президентимизнинг Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини жадал ривожлантириш борасида белгилаб берган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Aктам Ҳаитов Озод Қурбонбоев раҳбарлигидаги туман “Томорқа хизмат” МЧЖ кластери фаолияти билан ҳам танишди. Айтиш керакки, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида кластер усулининг йўлга қўйилиши экин турларининг кўпайишига, натижада ҳосилдорлик ҳам, даромад ҳам ошишига хизмат қилмоқда.

Aктам Ҳаитов туманда кластер тизимини жадал ривожлантириш учун Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 5 млрд. кредит маблағи ажратилишида амалий ёрдам берадиган бўлди.

Актам Ҳайитов ташриф чоғида келгуси 3 йилга мўлжалланган ўнта устувор йўналишда кўзда тутилган туманлар ва маҳаллаларни жадал ривожлантириш, хизмат кўрсатиш соҳаси салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш, айниқса, ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш каби масалалар бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши лозимлиги ҳақида фикр ва мулоҳазалар билдириб, бу борада масъулларга тегишли тавсиялар берди. Шунингдек, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга эътибор қаратиш кералигини алоҳида таъкидлади.

Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.