Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлари илғор теримчиларга совғалар берди

Туман янгиликлари

Амударёлик деҳқонлар йил-ўн икки ой даладаги машаққатли меҳнатлари самарасида етиштирган ҳосилини қисқа кунларда йиғиб-териб олишга интилмоқдалар. Дала бошларида теримчиларга барча шароитлар яратилиб, иссиқ овқат, чой ташкил этилмоқда ва терим пуллари ўз вақтида бериб борилаётир. Оппоқ бўлиб очилган пахталарни теришнинг ҳам ўзига яраша завқи бор. Айниқса, меҳнатлари муносиб рағбатлантириб борилса.

12 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Зафар Абдиримов, Бахитбой Алдамуротов, Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмалари федерацияси вакили Абдувоҳид Йўлдошевлар Ўрта қалъа овулидаги “Камолов Гулмирза” фермер хўжалиги пахта даласида бўлишиб, илғор теримчилар билан суҳбатлашиб, совғалар топширдилар.

Мазкур хўжаликнинг пахта далалари 25 нафар пудратчиларга бўлиб берилган. Ҳозирги кунла улар кунига 80-100 килодан пахта териб топширишмоқда.

Шунингдек, депутатлар Чойкўл овулидаги “Ғулом Али” фермер хўжалиги ишчилари ҳузурида ҳам бўлишиб, кунига 100 килодан зиёд пахта теришга эришаётган Гуласал Матназарова, Меҳрибон Қиличева каби илғорларга совғалар топширдилар.