ТУМАНДАГИ МАКТАБЛАРГА 70 ХИЛ НОМДАГИ ЖАҲОН ВА ЎЗБЕК АДАБИЁТИГА ДОИР КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ

Туман янгиликлари

Китоб – қалбларни ёритувчи нур, тафаккурни бойитувчи хазина, камолот чўққиси ва маънавий комилликка етакловчи ҳамроҳдир. Китоб – инсоннинг эркин фикрлаши, дунёқарашининг кенгайиши, ақлан етук бўлиши, маънавиятининг шаклланишида асосий ўринни эгаллайди. Китоб ўқиган инсоннинг ақли чархланиб, маънавияти бойиб, етуклик сари илдамлайверади. Шу сабабли ҳам мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшларимизни китоб мутолаа қилишга, бадиий асарлар ўқишга жалб қилиш энг устувор вазифалардан бирига айланди.

Жорий йилнинг 27 октябрь санасида туман Халқ таълими бўлимига қарашли 38-сонли умумтаълим мактабида ташкил қилинган маросим ҳам шу мақсадларга йўналтирилди. Шу куни Халқ таълими вазирлиги билан Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси ҳамкорлигида Амударё туманидаги барча умумтаълим мактаблари учун жўнатилган 70 хил номдаги жаҳон ва ўзбек адабиётининг дурдона асарларидан иборат жами 2 минг 407 дона бадиий адабиётлар карвони туманимизга етиб келди.

Тумандаги 38-сонли умумтаълим мактабида мазкур китобларни мактабларга тарқатиш маросими ташкил қилинди. Ушбу тадбирда туманимиздаги мактаблардан кўплаб ўқитувчи ҳамда ўқувчилар иштирок этдилар. Туман Халқ таълими бўлими масъуллари китобларни белгиланган миқдорда тақсимлаб, мактабларга тарқатдилар. Бу каби тадбирлар ўқувчи-ёшларимизда китобга бўлган меҳр ҳамда китоб ўқишга қизиқишларининг янада ошишига хизмат қилиши, шубҳасиз. 

Буюк шоир ва мутафаккир бобомиз Aлишер Навоий таъбири билан айтганда: “Китоб - беминнат устоз. Ҳар дақиқа у бизни донишмандларнинг билим хазинаси билан ошно эта олади”. Дарҳақиқат, китобдан олинадиган билим ва маънавий қувватни ҳеч бир манба бера олмайди. Ҳатто бугунгидай шиддат билан ривожланаётган замонда ҳам бу бебаҳо неъмат ўқувчининг доимий ҳамроҳи бўлиб келмоқда. Китоб ўқиган ўғил-қиз борки, фикри теран, ўқиши намунали, сабоқларни ўзлаштириши тахсинга лойиқ бўлади. Қолаверса, бадиий адабиёт орқали ўзини тутиш, одоб ва ахлоқ меъёрларидан ҳаётий мисоллар орқали бохабар бўлиш, ўрганиш, ибрат олиш мумкин. Шу туфайли ҳам ҳозирги кунда юртимизда китоб билан боғлиқ масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ёшларни баркамол авлод руҳида тарбиялаш учун китоб ўқиш масаласи ёшлар орасида кенг тарғиб қилинмоқда.

Жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни чуқур қарор топтиришга, хусусан, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда, она Ватани, халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори бу борадаги ишларни амалга оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Туман Халқ таълими бўлими томонидан тарқатилган китоблар таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчи-ёшларимизнинг дунёқарашини янада кенгайтириб, маънавий дунёсини бойитишга хизмат қилиши, шубҳасиз. Таълим масканларига ушбу китоблар етказилганидан сўнг, ўқувчилар ўртасида китобхонликни янада тарғиб қилиш, уларда миллий ва жаҳон адабиёти дурдоналарини мутолаа қилишга қизиқиш уйғотиш мақсадида мактабларда “Китоб тақдимоти”, “Китоб ҳафталиги”, “Мен севган адиб” каби тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.