“Мадад” ННТ аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳат бермоқда

Туман янгиликлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра мамлакатимиз бўйлаб, шу жумладан туманимизда ҳам ташкил этилган “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти қисқа вақтда ўз фаолиятини кенг йўлга қўйди. “Мадад” ННТ аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳат ҳамда амалий ҳуқуқий ёрдам кўрсатади. Муассаса фуқароларга бевосита ҳамда онлайн режимда бепул ҳуқуқий маслаҳат беради. Ҳуқуқий маслаҳат беришга оид мурожаатларни таҳлил қилган ҳолда қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади. Бундан кўзланган асосий мақсад, аҳолига ҳуқуқий масалалар бўйича бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиб, халққа хизмат қилишдир. Адлия вазирлиги ҳузурида ташкил этилган ташкилотнинг туман бўлими туман ДХМ биносида фаолият юритиб, юртдошларимизга ҳуқуқий маслаҳатлар бериб келмоқда.

Юртдошларимизнинг ҳуқуқий маданиятини, билимларини янада ошириш, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиб, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш орқали масалага ечим топишга йўл-йўриқ кўрсатиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, туман адлия бўлими ва “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари туманимиздаги маҳалларда уйма-уй юриб, аҳоли муаммолари ўргандилар ҳамда бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бердилар.

Айтиш жоизки, Адлия органлари ва муассасаларининг асосий вазифаларидан бири – фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича чораларни кўриш, ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, аҳолига қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини етказиш, аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигини йўқ қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобланади.

Жорий йилнинг 8 октябрь куни Ӱзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев раислигида жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида ишчиз ёшлар ва хотин-қизларга ҳуқуқий кўмак бериш муҳимлиги, бунда уларга туман (шаҳар) адлия бўлимлари орқали бепул ҳуқуқий маслаҳатларни бериш тизимини ташкил қилиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди. Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги ташаббуси билан “Бепул ҳуқуқий маслаҳат билан ҳар бир уйга” шиори остида мутлақо янги ҳуқуқий маслаҳат бериш тизимини ташкил қилинди. Ушбу тизим орқали аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишларни янги даражага кўтариш мақсадида республика бўйича махсус ишчи гуруҳлар шакллантирилди ҳамда карантин талабларига қатъий амал қилинган ҳолда аҳоли билан мулоқот шаклида тегишли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда Адлия вазирлиги ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан мамлакатимиздаги 170 ортиқ маҳаллаларда жами 1530 та фуқароларга тегишли тартибда бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, мурожаатлар ижобий ҳал қилинмоқда.

Таъкидлаш керакки, “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти “Ҳуқуқий мадад - ҳаммага, ҳар доим, ҳамма жойда!”, “Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!” каби шиорлар остида аҳолига беғараз ҳуқуқий маслаҳатлар ва тушунтиришлар кўрсатиш орқали уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга кўмаклашиб келмоқда. 

Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.