Аҳолини рўйхатга олиш – олдимиздаги муҳим вазифа

Туман янгиликлари

Мамлакатимиз аҳолиси сонини аниқ ҳисоблаб чиқиш, уларнинг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти, турмуш даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари бўйича ягона маълумотлар базасини яратиш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармон имзоланди.

Мазкур ҳужжат билан тасдиқланган концепцияга асосан Ўзбекистонда 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш ишлари олиб борилиши кўзда тутилган.

Концепцияга кўра, ҳар бир масъул ташкилотларга тегишли вазифалар белгилаб берилган ва аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳисобланади.

Мазкур жараён 3 босқичда амалга оширилиши назарда тутилган бўлиб, аҳолини рўйхатга олиш баробарида, яна бир муҳим вазифани бажариш кўзда тутилган. Бу ҳудудларда хариталаш, аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузиш билан боғлиқ масала, турар ва нотурар жойларнинг аниқ сони, ҳолати, фойдаланилмай ётган ёки муддатини ўтаган биноларни белгилаб олиш билан тегишли ҳудудларда уй-жой, саноат объектларини қуриш ҳамда таъмирлаш масалаларига ойдинлик киритиш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланди. Мазкур фармон билан мамлакатимизда 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика ва жойларда ҳудудий комиссиялар ташкил этилди. Уларнинг асосий вазифалари ҳудудларда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, ўтказиш ва натижаларни эълон қилишга доир чора-тадбирларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилишини таъминлашдир.

Рўйхатга олиш олиш жараёнида тўпланадиган статистик маълумотлар эндиликда ягона электрон аҳборот тизимига киритилади. Натижада республикамизнинг шаҳари, туманидан тортиб, маҳалласию кўчасигача, чекка қишлоғу олис овулларигача алоқадор барча маълумотни ўзида акс эттирган ягона ахборот базасига эга бўлади. Бу қимматли маълумотлар эса бугун, эртага ва яқин келажак авлодларимиз учун жуда зарурдир.

Ҳ.Хайтимбетов, Амударё тумани статистика бўлими бошлиғи.