ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМГА ҚАРШИ КУРАШ БЎЙИЧА СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ

Туман янгиликлари

Мамлакатимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик умуммиллий ғояларимиздан бири ҳисобланади. Бизга аждодларимиздан улкан диний-маънавий мерос қолган. Буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбандийлар томонидан яратилган фиқҳий, диний-аҳлоқий асарлар барча мусулмон мамлакатларида диний-маърифий ишларда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Ислом дини вужудга келганига мана 14 аср бўлибдики, у маърифат дини сифатида қадрланмоқда. Аммо минг афсуски, диний мутассибликка берилган, динни ҳокимиятни қўлга киритиш усули сифатида  кўришга уринаётган айрим кимсалар ислом динини нотўғри талқин қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланиб келмоқдалар. Бугунги кунда жамият ва давлат тинчлиги, унинг хавфсизлигига тахдид солишга уринаётган турли хил диний-экстремистик оқимларни аниқлаш, уларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйиш мақсадида бутун дунё тараққийпарвар кучлари томонидан ҳамкорликда кўплаб тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Маълумотларга қараганда ер юзида сўнгги ўн йилликда дунёнинг 112 та мамлакатида  14 минг 934 та террорчилик акти содир этилган.

Туман Ички ишлар бўлими масъуллари томонидан Фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамда Миллий гвардия ходимлари иштирокида диний экстремизмга қарши кураш мавзусида ўтказилган семинарда иштирокчиларга бу борада кенг маълумот ва тушунчалар берилди. Хусусан, мамлакатимизда диний экстремизмга қарши кураш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳаётий мисоллар орқали кўрсатиб берилди.

Ўзбекистон ҳудудида диний экстремистик ташкилотларнинг фаолияти кучайиши мустақилликнинг илк йилларига бориб тақалади, айнан совет тузумидан янги мустақил давлатга ўтиш давридаги бўшлиқ сабаб айрим ҳокимиятпараст кучлар қўзғалишга уринганлар. Аммо давлат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг фаол ҳаракати боис, уларнинг фаолиятига чек қўйилган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 20 дан ортиқ диний-экстремистик ташкилотларнинг фаолияти таъқиқланиб келинмоқда. Илм-фан ривожланиши, ахборот технологиялари соҳасидаги янги ютуқлар боис, ХХI аср кибертерроризмнинг кучайишига олиб келди ва интернет тармоқлари орқали 100 мингдан ортиқ диний адоват, терроризм, сепаратизмни тарғиб қилувчи материаллар инсонлар онгини заҳарламоқда. Турли хил мессенжерлар орқали ўзларининг пуч ғояларини ёшлар онгига сингдиришга диний экстремистик ташкилотлар томонидан ҳаракат қилишлар кучаймоқда. Улар интернет тармоқлари орқали ўз тарафдорларини кўпайтириб, портловчи моддаларнинг қандай тайёрланиши, жиҳод амали ҳақидаги видеодарсликларни жойлаб, уларни келгусидаги жиҳодий ҳаракатларга  даъват қилиб келмоқдалар. Терроризм ва экстремизмнинг дунё бўйлаб ёйилиши ички ва ташқи омилларга бориб тарқалади. Яшаш ҳудудидан узоқ муддатга чиқиб кетаётган айрим фуқаролар, афсуски, диний тушунчаси заифлиги боис, баъзи экстремистик гуруҳ аъзоларининг нишонига айланиб, алдов қурбони бўлмоқдалар.

Семинар давомидаги маърузаларда бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олишда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки жамоат бирлашмалари, давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамкорликда профилактик тушунтириш ишларини кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, ҳозирги даврда миссионерлик фаолияти билан шуғулланувчи гуруҳлар ўз динларини ёйиш мақсадида ҳар қандай давлатга ўзини ниқоблаган ҳолда кириб, фуқароларни даъват этиб келишаётгани, Республикамизда 120 дан ортиқ конфессиялар мавжудлиги, уларнинг қонуний фаолиятига ҳеч қандай тўсқинликлар қилимаётган бўлса-да, айрим ноисломий конфессиялар ўз эътиқодларини ёйишга уринаётганлиги тўғрисида сўз юритилди. Шу ўринда масъуллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаол хизматлари давомида ушбу ноқонуний диний конфессияларнинг фаолиятига чек қўйилиб келинаётгани ҳам айтиб ўтилди.

Фуқароларнинг бундай миссионерлик фаолияти қурбонларига айланишининг олдини олиш, барчани огоҳликка чорлаш, уларнинг диний билимларини кенгайтириш мақсадида туман ИИБ ходимлари, бир қатор жамоат ташкилотлари ва маҳалла имом-хатиблари билан ҳамкорликда шу каби тушунтириш ишларини олиб боришмоқда.

Бўлиб ўтган  семинарда овул ва маҳаллалар раислари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, шу баробарида аҳолининг фаол вакиллари билан туман ИИБ, ФВБ ҳамда Миллий гвардия ходимлари ўртасида доимий ҳамкорликка амал қилиш, уюшмаган ёшлар билан ишлашиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, аҳоли бандлигини таъминлашга асосий эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Отабек Бекчанов, туман ИИБ терроризм ва экстремизмга қарши курашиш гуруҳи ката тезкор вакили.