Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш

Туман янгиликлари

Жорий йилнинг ноябрь ойида «Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш» ғояси остида тарғибот тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Туманимизда ҳам ушбу шиор асосида ташкил қилинаётган маънавий-маърифий тадбирлар тобора қизғин тус олмоқда.

Маданият, санъат, адабиёт, таълим намояндаларидан иборат тарғибот гуруҳлари туманимиздаги маҳаллаларда бўлиб, аҳолини юртимизда ва дунёда бўлаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий вазиятдан хабардор қилишмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказишмоқда ҳамда халқимизга хос азалий қадриятларни аҳоли орасида тарғиб қилишмоқда.

16 ноябрь куни Чойкўл маданият марказида, Тўлқин номли маҳалла гузари биносида, Дўстлик номли маҳалладаги Aмударё муҳандислик техникумида ҳамда Дарё бўйи маҳалласидаги 21-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган тадбирларда маҳаллалардаги аҳоли вакиллари катта қизиқиш билан иштирок этдилар. Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида Босув маҳалласидаги 26-сонли мактаб биносида, Қипчоқ овулидаги 1-сонли касб-ҳунар мактабида, Aмир Темур овулидаги 4-сонли мактабда ҳамда Уйшин маданият марказида ташкил қилинган тарғибот учрашувларида, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган аҳоли вакиллари ҳамда ёшлар кенг жалб қилинди.

Айтиш керакки, маҳаллаларда ўтказилаётган маданий-маърифий, тарғибот тадбирларига аҳоли, биринчи навбатда, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар, уюшмаган ёшлар, эҳтиёжманд хотин-қизлар, кекса авлод вакилларини жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Пандемия даврида давлатимиз томонидан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, биринчи навбатда эҳтиёжманд қатлам вакилларига катта эътибор қаратиш, шунингдек, ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, унинг ҳар бир киши ҳаёти, фарзандлари келажагига таъсирини тушунтириш мақсадида ташкил этилган ушбу тадбирларда адабиёт, санъат, маданият вакиллари томонидан шеърлар куй ва қўшиқлар ижро этилмоқда.

“Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остида юртимиз бўйлаб ўтказилаётган тарғибот тадбирларида юртдошларимизга янги Ўзбекистоннинг – янгича юксалиш йўлида дадил одимлаётгани, Ўзбекистон буюк алломалар ва мутафаккирлар юрти экани, келгусида, албатта, аждодларга муносиб авлодлар шу заминда камолга етиши, эришилаётган ҳар бир юқори натижа халқимизнинг меҳнати ҳамда жасорати туфайли қўлга киритилаётгани ҳақида сўз юритилмоқда.

Тарғибот тадбирлари туманимизнинг овул ва маҳаллаларида давом этмоқда.

Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.