Туман ҳокими ҳудудларга ташриф буюриб, аҳоли билан мулоқот қилди

Туман янгиликлари

2017 йилнинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши муносабати билан Амударё тумани ҳокими ҳудудларга ташриф буюриб, аҳоли билан мулоқот қилди.

Туман ҳокими Султонбой Йўлдошев "Олмазор” маҳалласида бўлиб, аҳоли хонадонларига ташриф буюрди. Ташриф давомида маҳалла ҳудудини ободонлаштириш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишнинг аҳволи ўрганилди. Халқ билан самимий мулоқот қилиниб, саволларига жавоблар берилди.

Халқимизда азалдан маҳалла-кўй озодалаги, ҳудудлар орасталигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келинади. Айниқса, бу анъана шодиёналар арафасида ташкил этилиши юртимиз файзига файз қўшиш билан бирга, байрамни муносиб кутиб олишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига мувофиқ, мамлакатимизда март-апрель ойлари ободонлаштириш ва тозалик ойликлари деб эълон қилинган эди. Шунга мувофиқ туман ҳокимлиги томонидан тузилган режа асосида мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллиги олдидан тозалик ва ободонлаштириш ишлари кўламини янада кенгайтириш, муассаса, корхона ва ташкилотлар ҳудудини ободонлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларни ўрганиш мақсадида кўргазмали семинарлар ўтказилмоқда.

Олмазор маҳалласи ҳудудида ҳам шу каби семинар ўтказилди. Унда таъкидланганидек, ўзаро аҳиллик, бирдамлик, яратиш ва яшнатиш иштиёқида яшаётган халққимиз қутлуғ сана муносабати билан юртимизнинг ҳар бир қарич ерини обод масканга айлантиришга бел боғлаган. Бу эса юртимиз ободлиги ва турмушимиз фаровонлигига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.

Кўргазмали семинарда маҳалла ҳудудида жойлашган аҳоли хонадонлари, уй олди томорқа ерлари, ҳудуддаги ижтимоий инфратузилма иншоотлари ҳолати кўздан кечирилди.

Ҳоким ва туман фаоллари маҳалла ҳудудида жойлашган "Баркамол авлод” болалар марказида бўлиб, марказ фаолияти билан яқиндан танишдилар. Бу ерда муассаса ҳудудининг ободонлаштирилиши, фан хоналарининг безатилиши кўздан кечирилди.

Туман электр таъминоти корхонасида ҳам шу каби семинар ўтказилиб, корхона ҳудудини ободонлаштириш, ташриф буюрувчилар ва ишчилар учун зарур шароитлар яратиш бўйича амалга оширилган ишлар кўздан кечирилди.