КАСБ БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

Туман янгиликлари

КАСБ БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

27-июнь 2017 йил, 08:12. Ўқилди: 20 марта

XIX аср охири – ХХ аср бошларида сиёсатчилар орасида "Дунёни ким бошқаради?” деган саволга "Ким темир йўлга эгалик қилса, ўша бошқаради” деган жавоб берилар эди. Бугун эса бу саволга "Ким ахборотга эгалик қилса, ўша дунёни бошқаради”, деб жавоб берилмоқда. Дарҳақиқат, ҳалқнинг нуқтаи назари ҳар қандай демократик давлатдаги ижтимоий-сиёсий барқарорликка бевосита таъсир ўтказадиган ҳозирги даврда оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик фикрини шакллантиришдаги ўрни ва аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.

Туман ҳокимлиги бугунги куннинг мана шундай талабларидан келиб чиққан ҳолда туманимиздаги оммавий ахборот воситалари таҳририятларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, уларнинг янада ривожланиши учун барча шароитларни яратмоқда. Натижада илгари фақат вақтли матбуот нашрини чоп қилиш ва тарқатиш билан шуғулланган туман газетаси таҳририяти эндиликда миқдор ва мазмун жиҳатдан кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Кейинги йилларда туман ҳокимлигининг амалий ёрдамлари билан "Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририятининг молиявий аҳволи яхшиланди, моддий-техника базаси кучайди. Газетанинг адади сезиларли даражада ошиб, даврийлиги илова нашри – "Менинг оилам” газетаси билан бирга ойига 4 мартага етказилди ва қамров ҳудуди кенгайиб, туманимизнинг барча овул ва маҳаллаларига кириб бормоқда.

2010 йилда фаолиятини бошлаган Амударё телевидениеси таҳририяти бугун ҳақли равишда туманимиз аҳлининг олқиши ва ҳурматига сазовор бўлиб келмоқда. Ҳар ҳафтада 5 кун, кунига 10 соат эфирга узатилаётган телеканал дастурлари орасидан жой олган информацион, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, мусиқий-кўнгилочар йўналишдаги кўрсатувлар телетомошабинларга манзур бўлмоқда. Рақамли телевидениега босқичма-босқич ўтиш режасига асосан яқин йилларда севимли каналимиз теледастурларини рақамли форматда эфирга узатиш йўлга қўйилади. Бу эса теледастурларнинг тарқатилиш ҳудудини, шу билан бирга таҳририят имкониятларини янада кенгайтиради.

"Тараққиёт кўзгуси” газетасининг ижтимоий-оммабоп йўналишдаги "Менинг оилам” иловаси чоп қилинаётганига эндигина 3 йилдан ортиқроқ вақт бўлган бўлишига қарамасдан, газета муштарийлар кўнглидан чуқур жой олишга улгурди. Таҳририят ходимлари ҳаётий ва қизиқарли мақолалари орқали жамиятнинг муҳим бўғини бўлмиш оилани кўз қорачиғидек асраш, фарзандларимизни комил инсонлар қилиб тарбиялаш, ёшларни ватанпарварлик, миллий урф-одат ва анъаналарга ҳурмат руҳида вояга етказиш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни таъминлашдек масъулиятли ишларга ҳисса қўшиб келмоқда.

"Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти” давлат корхонасининг таркибий бўлинмаси сифатида бундан 5 йил олдин ташкил қилинган amunews.uz веб-сайти, айтиш мумкинки, интернет тармоғида туманимизнинг кўзгусига айланди. Веб-сайтдаги 2500 га яқин саҳифаларда жойлаштирилган мақолалар, фото ва видео лавҳалар туманимизда рўй бераётган янгиликларни, қўлга киритилаётган ютуқларни, амударёликларнинг бугунги ҳаётини Ўзбекистон ва жаҳон миқёсида интернет фойдаланувчилари эътиборига етказмоқда.

Жорий йилда "Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти яна бир катта лойиҳани амалга оширди – туманимизда яна бир оммавий ахборот воситаси – "Жайхун садоси” интернет-радиоси иш бошлади. www.jayxun-sadosi.uz веб-сайти орқали узатилаётган тезкор янгиликлар, долзарб мавзулардаги эшиттиришлар, маънавий-маърифий, маданий-кўнгилочар йўналишдаги дастурлар тингловчиларга манзур бўлмоқда.

Таҳририят яқин келажакда ўз дастурларини FM тўлқинлари орқали тарқатишни режалаштирмоқда. Бу эса интернетга уланиш имкониятига эга бўлмаган тингловчиларга ҳам оддий радио қабул қилгич ускуналари орқали радио-эшиттиришларни тинглаш имкониятини тақдим этади.

2015 йилда "Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти ходимлари ва тумандаги бир гуруҳ фаол ижодкорлар ташаббуси билан "Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил қилинган эди. Ушбу ташкилот туманимиздаги шоир ва ёзувчилар, журналистлар, ҳаваскор шоирлар ва ҳаваскор ёзувчиларни, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий салоҳиятларини рўёбга чиқариш орқали жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшмоқда. Ташкилот "Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти билан ҳамкорликда ташкил қилинган, 4 мингдан ортиқ китоб фондига эга кутубхона орқали эса ёшларнинг маънавиятини, дунёқарашини юксалтиришга ҳисса қўшмоқда. Шу кунгача 600 нафардан ортиқ ёшларимиз мазкур кутубхонага аъзо бўлгани, китоб фонди ва китобхонлар сафининг кун са-йин ортиб бораётгани янада қувонарли ҳолдир.

Шуниси қувонарлики, оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилоти аъзолари бир неча марта Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг грант танловларида ғолиб бўлиб, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, тиббий ва санитария маданиятини юксалтириш, жамиятда тотувлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини қарор топтиришдек хайрли ишларга ҳисса қўшиб келмоқда.

Бу каби ютуқ ва муваффақиятлар ҳақли равишда эътироф қилиниб, рағбатлантириб келинмоқда. "Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти 2010 ва 2015 йилларда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. 2014 йилда "Тараққиёт кўзгуси” газетаси мамлакатимиздаги босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликлари ўртасида ўтказилган "Эътироф” Республика танловида "Ўзбекистоннинг энг яхши ҳудудий газетаси” деб эълон қилинди. Таҳририят ходимлари орасида фахрий унвонлар, давлат мукофотлари соҳиб ва соҳибалари бор.

Фурсатдан фойдаланиб, туманимиз матбуотининг ана шундай фидойиларини, бутун мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситаларининг фаол ижодий ва техник ходимларини 27 июнь – касб байрамлари – матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий табриклаб, келгусидаги ижодий ишларида омад ва зафарлар ёр бўлишини тилайман!

Султонбой ЙЎЛДАШЕВ, туман ҳокими.