Хитойда сув тошқини натижасида 188 минг киши эвакуация қилинди

Хориж янгиликлари

Хитойнинг шимоли-шарқидаги Ляонин провинциясида сел ёмғирлари натижасида юзага келган сув тошқинлари туфайли 188 мингга яқин киши эвакуация қилинди. "Синьхуа" агентлигининг хабар беришича, яна 3 киши ҳалок бўлган. 

Табиий офат натижасида умумий ҳисобда провинциянинг 570 минг аҳолиси зарар кўрган - 1000 уй ва 66,4 минг гектар экин майдонига зиён етган. Қатор аҳоли пунктларида автойўллар ва алоқа линиялари зарар кўрган, электр энергия узатиш тизими ишдан чиққан. 

Табиий офат асоратларини бартараф қилиш бўйича операцияларда қутқарувчи ва ҳарбийлар иштирок этишган, дарё бўйидаги муҳандислик коммуникациялари мониторинги кучайтирилган. 

Сел келиши ва ер кўчиши эҳтимоли ошиши туфайли ҳудуддаги фавқулодда хизматлар юқори даражали тайёргарлик режимига ўтказилган. 

Manba: kun.uz