Яқинда қўшни келинчак эндигина чилласидан чиққан чақалоғининг иситмаси чиқиб, тинмай йиғлаётганини айтиб, қандай йўл тутиш борасида маслаҳат сўради.
Бечора ёш она нима қиларини билмас, қўлидаги чақалоқ эса хархашасини қўймасди. Пешонасига қўлимни қўйиб кўрсам, ҳарорати юқори эканлиги билиниб турарди.
Мен дарров овулимиздаги фаолияти тугатилган "Тўлқин” ҚВП биносида иш бошлаган туман Тиббиёт бирлашмаси "Тез тиббий ёрдам” бўлимининг шохобчасига қўнғироқ қилишни маслаҳат бердим. Келинчак шундай қилди. Ҳадемай шохобча ходимлари етиб келишди. Чақалоқни обдон текшириб, тиббий ёрдам кўрсатишди. Анча ўзига келиб қолгач, онасига болани шамоллатиб қўйганини айтиб, даволатиши лозимлигини таъкидлаб, парваришлаш борасида маслаҳатлар бериб кетишди.
Чақалоқ муолажадан сўнг жони ором топиб, тинчланиб қолди. Унинг бир маромда нафас олиб, қўл-оёқларини ўйнатиб ётганини кўриб, биз ҳам енгил нафас олдик. Яхшиям овул аҳолисининг бахтига "Тез тиббий ёрдам” бўлими шохобчаси бор. Ахир соғлиғида муаммо туғилган одам туман марказига бориб, туман Тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилгунича орадан анча вақт ўтиб кетади-да.
Шу боисдан ҳам "Тўлқин” қишлоқ врачлик пункти фаолияти тугатилаётган вақтда бироз ташвишга тушган ҳам эдик. Кўп ўтмай ташвишимиз ўринсиз эканлигини англадик. Албатта, соҳада амалга оширилган ўзгаришлар яъни ҚВПлар ўрнида "Тез тиббий ёрдам” бўлими шохобчалари, кўптармоқли оилавий поликлиникалар ташкил этилгани тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга хизмат қилаётир.
Умуман, барча соҳаларда ҳам амалга оширилаётган ислоҳотлар инсонлар манфаатлари учун, уларнинг бахтиёр ва фаровон яшашлари учун эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.
Жонгил РАЖАБОВА, таълим фахрийси.
(Фото - http://www.medicalexpress.uz)