Амударё тумани хокимлиги ички меҳнат тартиби ҚОИДАЛАРИ
I. Умумий қоидалар.
1.1.Ички меҳнат тартибининг ушбу қоидалари Меҳнат кодексига, меҳнат тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатларига, «Жойлардаги давлат ҳокимияти тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонуни», «Жойлардаги давлат ҳокимияти тўғрисидаги +орақалпоғистон Республикаси қонуни» га мувофиқ ишлаб чиқилди ва меҳнат шартномасини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни, иш вақти ва дам олиш вақтидан фойдаланишни, меҳнат интизомини ҳамда иш берувчи билан ходим ўртасида юзага келадиган бошқа ҳуқуқий муносабатлар масалаларини тартибга соладиган асосий қатъий меъёрий ҳужжат ҳисобланади.
1.2.қоидалар корхонанинг касаба уюшма қўмитаси билан келишиб тасдиқланган кундан бошлаб кучга киради ва корхонада қўлланилади.
1.3.қоидаларга риоя қилиш иш берувчилар ва ходимлар учун мажбурий ҳисобланади, уни бажармаслик қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
1.4. Иш берувчининг мажбуриятлари:
1.4.1.Ходимларнинг меҳнатини ташкил этиш;
1.4.2.қонун ҳужжатлари ва бошқа меъёрий ҳужжатларда, меҳнат шартномасида кўзда тутилган меҳнат шарт-шароитларни яратиш;
1.4.3.Ходимга у бажарган иш учун корхонада белгиланган мехнатга ҳақ тўлаш шартларга мувофиқ вактида ва тўлиқ ҳажмда ҳақ тўлаш.
1.4.4. Меҳнат ва ишлаб чикариш интизомини, меҳнатни муҳофаза қилиш шарт-шароитини таъминлаш;
1.4.5.қонунчиликка жамоа ва меҳнат шартномасига мувофиқ ходимлар томонидан дам олиш ҳуқуқини амалга оширишни уларга кафолатли ва бадал тўловлари тўланишини таъминлаш;
1.4.6.Меҳнат мажбуриятларини бажариши муносабати билан унга етказилган зарар учун ходимга ҳақ тўлаш ;
1.4.7.Ходимларнинг ваколатли органлари ҳуқуқларига риоя қилиш, уларнинг фаолиятига кўмаклашиш, меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича музокаралар олиб бориш;
1.4.8.Меҳнат кодексига мувофиқ жамоа шартномаларини тузиш.
1.5.Ходимнинг мажбуриятлари:
1.5.1.Ўзининг хизмат вазифаларини виждонан бажариш;
1.5.2.Меҳнат интизомига риоя қилиш, иш берувчининг қонунга мувофиқ келадиган фармойишлари ва кўрсатмаларини ўз вақтида ҳамда аниқ бажариш;
1.5.3.Меҳнатни муҳофаза қилиш, хавфсизлик техникаси ва ишлаб чиқариш санитариясига доир қоидаларга риоя қилиш;
1.5.4.Корхонанинг мол-мулкига авайлаб муносабатда бўлиш;
1.5.5.Меҳнат жамоасининг аъзолари, корхона мижозлари ва иш жараёнида алоқа қиладиган бошқа шахслар билан хушфеъл муносабатда бўлиш.
2. Меҳнат шартномасини (контрактини) тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби.
2.1.Ишга қабул қилиш иш берувчига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш орқали амалга оширилади.
2.2.Ишга қабул қилинаётганда ишга кирувчи қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши шарт:
2.2.1.Паспорт (ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат), ва яшаш жойидан маълумотнома.
2.2.2.Ишга биринчи марта кираётган шахслардан бошқалар меҳнат дафтарчасини тақдим этадилар.
2.2.3.Ҳарбий билет ҳарбий хизматчилар учун ёки қайд гувоҳномаси (армияга чақирилувчилар учун);
2.2.4.Бажариш учун қонунчиликка мувофиқ фақат махсус маълумотга ёки махсус таёргарликка эга бўлган шахсларгина қўйилиши мумкин бўлган ишга киритиш пайтида маълумот тўғрисидаги давлат намунасидаги ҳужжат;
Иш берувчи ишга кираётган шахсдан бошқа ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас.
2.3.қуйидаги ҳолларда ишга қабул қилишда йўл қўйилмайди:
2.3.1.Мазкур қоидаларнинг 2.2-бандида кўрсатилган ҳужжатлар бўлмаганда;
2.3.2.Агар уларнинг иши бевосита бўйсуниш ёки бирининг икинчиси назорати остида бўлиш билан боғланган бўлса, ўзаро яқин қариндош бўлган шахслар (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар, эр-хотинлар, шунингдек, эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари)
2.3.3.қонунчиликда кўзда тутилган бошқа ҳолларда.
2.4.Меҳнат шартномаси томонларининг келишувлар бўйича музокараларида тубандагилар белгилаб олинади:
иш жойи;
ишга кирувчининг меҳнат мажбуриятлари, у ишлайдиган ихтисослик, малака,лавозим;
меҳнатга ҳақ тўлашнинг миқдори ва шартлари;
меҳнат шартномасини муайян муддатга тузиш вақтида унинг амал қилиш муддати;
ишни бошлаш куни;
Меҳнат шартномасини тузиш пайтида меҳнатга доир бошқа шартлар ҳам тилга олиниши мумкин (ишга қабул қилиш пайтида олдиндан синаш, иш режими, меҳнат шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш ҳолатида жарима тўлаш, тўлиқ иш вақтида ишлаш, касблар(лавозимлар)ни ўриндошлик асосида олиб бориш, бажарилаётган иш ҳажмини кўпайтириш, таътилнинг давом этиш муддатини узайтириш ва ҳ.к.)
2.5.Меҳнат шартномасида кўзда тутилган меҳнат шартлари даражаси қонунчиликда, жамоа келишувида, шунингдек, жамоа шартномасида, корхонада қабул қилинган бошқа қатъий ҳужжатларда (ички меҳнат тартиби қоидалари, меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом, мукофотлаш тўғрисидаги низом ва бошқалар) белгиланган даражадан паст бўлиши мумкин эмас.
2.6.Агар меҳнат шартномасида унинг амал қилиш муддати кўрсатилмаган бўлса, у номуайян муддатга тузилган деб ҳисобланади.
2.7.Фақат қуйидаги ҳолларда муддатли меҳнат шартномалари тузилиши мумкин:
бўлажак иш муддатли характерда бўлганлиги сабабли шартномани ноаниқ муддатга тузиш мумкин эмас;
ишни бажариш шартлари айни муддатли меҳнат шартномасини тузишни талаб қилса (касаллиги, малакасини ошириш учун юборилганлиги таътилда, шу жумладан, болага қараш бўйича таътилда бўлган вақтинчалик иш жойида бўлмаган бошқа ходимнинг ўрнига ишга қабул қилиш ва ҳ.к.);
ходим ана шундай шартнома тузишдан манфаатдор бўлса ва унинг ёзма аризаси мавжуд бўлса;
муддатли шартномани тузиш қонунда кўзда тутилган бўлса.
2.8.Томонлар ўртасида меҳнат шартномасини тузиш тўғрисида келишиб олинганидан ходимга гувохномани расмийлаштириш учун зарур миқдордаги суратларни тақдим этиш таклиф этилади.
2.9.Ишга қабул қилинаётган ҳар бир ходим билан меҳнат шартномаси бир хил кучга эга бўлган, камида икки нусхада ёзма шаклда тузилади, улар томонларнинг ҳар бирига сақлаш учун топширилади.
Меҳнат шартномаси ходим ва раҳбарнинг имзолари билан тасдиқланади. Раҳбарнинг имзоси корхонанинг муҳри билан тасдиқланади.
Ходимнинг талабига кўра меҳнат шартномаси у билган тилда тузилади ва давлат тилида тузилган шартнома нусхаси билан бир хил юридик кучга эга бўлади.
2.10.Ходим билан тузилган меҳнат шартномаси уни томонлар имзолаган пайтдан бошлаб кучга киради. Ходим меҳнат шартномаси кўрсатилган кундан бошлаб меҳнат мажбуриятларини бажаришга киришади. Агар унда ишнинг бошланиш санаси кўрсатилмаган бўлса, ходим шартнома имзоланган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай ишга тушиши керак.
Ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилган мансабдор шахс томонидан ёки унинг рухсати билан ишга қабул қилишни тегишлича расмийлаштирмасдан туриб ишга қўйилган шахс, ишга тушган биринчи кунидан бошлаб ишга қабул қилинган деб ҳисобланади.
2.11.Меҳнат шартномаси тузилгандан кейин иш берувчи меҳнат шартномасининг мазмунига аниқ мувофиқликда ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради ва ҳодимга имзо қўйдирган ҳолда бундан хабардор қилади.
2.12.Ишга қабул қилиш пайтида меҳнат шартномасида, дастлабки синов тўғрисидаги шарт таъкидланиши мумкин. Бундай таъкид бўлганда синов шарти ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқда акс эттирилади.
Дастлабки синов муддати уч ойдан ошмайдиган муддатга белгиланиши мумкин. Дастлабки синов муддатининг аниқ давомийлиги (уч ой доирасида) меҳнат шартномаси томонларининг келишуви бўйича белгиланади. Томонлар томонидан синов муддати белгиланган даврда иш берувчи ҳам, ходим ҳам меҳнат шартномасини бекор қилиб, бу ҳақда бошқа томонни уч кун олдин ёзма равишда огоҳлантиришга ҳақлидир. Бунда иш берувчи синовнинг қониқарсиз натижаси хусусида ишончли исботларга эга бўлиши керак. Ходим ишни давом эттиришдан бош тортиш сабабини иш берувчига тушинтиришга мажбур эмас.
Агар томонлар тарафидан белгиланган синов муддати тугагунига қадар томонларнинг биронтаси меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида баёнот бермаса, шартноманинг амал қилиши давом этади.
Ходим узрли сабаблар билан (вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик, ҳарбий йиғинларда қатнашиш, донорлик вазифаларини бажариш, суд маслаҳатчиси сифатида судда қатнашиш ва ҳ.к.) ишга бўлмаган даврлар дастлабки синов муддатига киритилмайди.
Дастлабки синов шарти билан ишга қабул қилинган ходим бошқа ходимлар билан баравар меҳнат қонунчилигида белгиланган барча ҳуқуқлардан фойдаланади ва жавобгар бўлади.
2.13.Ишга биринчи марта тушган ва корхонада беш кундан ортиқ ишлаган шахсларга иш берувчи меҳнат дафтарчаларини юритиши шарт.
Иш берувчи етти кунлик муддатдан кечиктирмай ходимнинг меҳнат дафтарчасига тегишли ёзувни киритишлари ва у киритилиши керак бўлган шахсий варақа Т-2 шаклига имзо қўйдирган ҳолда ёзувнинг меҳнат дафтарчасидаги ёзув билан аниқ мувофиқлигини таништириши шарт.
Ходимнинг хоҳишига қараб меҳнат дафтарчасига корхона ичида ўриндошлик бўйича ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ ёки бошқа корхонада ўриндошлик бўйича ишлаш тўғрисидаги маълумотнома асосида ўриндошлик бўйича ишлаш даврлари тўғрисидаги ёзув киритилади.
2.14.Иш берувчи ва унинг манфаатларини ҳимоя қиладиган бошқа мансабдор шахслар ходимдан унинг мехнат мажбуриятларига кирмайдиган ишларни бажаришни, қонунга зид ҳаракатларни содир этишни, шунингдек, ходимнинг ёки бошқа шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўядиган, ор-номуси ва шаънини камситадиган ҳаракатлар содир этишни талаб қилишга ҳақли эмаслар.
2.15.қуйидаги ҳолларда ва тартибда иш берувчининг ёки ходимнинг талабига кўра меҳнат шартларини ўзгартиришга йўл қўйилади:
2.15.1.Иш берувчи, агар меҳнат шартларини сақлашнинг имкони бўлмаса, ёки бундай ўзгаришларни технологиядаги ва меҳнатни ташкил этишдаги, ходимлар сонини ёки иш тарзини ўзгартиришга олиб келган ишлар (хизматлар) ҳажмини қисқартиришдаги ўзгаришлар белгиланган бўлса, уларни ўзгартиришга ҳақлидир. Меҳнат шартларини кейинги ўзгартириш тўғрисида ходим камида икки ой олдин ёзма равишда тилхат берган ҳолда огоҳлантирилади.Бу муддатни қисқартиришга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади.
Бу ҳолда меҳнат шартномасини бекор қилишга қуйидаги мажбурий шартлар мавжуд бўлганда йўл қўйилади:
агар ходим меҳнатнинг янги шарт-шароитида ишлашни давом эттиришга рози бўлмаса;
агар корхонада меҳнатнинг илгариги шарт-шароитини сақлаб қолиш мумкин бўлмаса.
2.15.2.Ходим қонунчиликда кўзда тутилган ҳолларда меҳнат шартларини ўзгартиришни ёзма равишда талаб қилишга ҳақлидир (ҳомиладор аёл ёки 14 ёшгача боласи бўлган(16 ёшгача ногирон боласи бўлган) аёллар илтимосига кўра тўлиқ бўлмаган иш кунини ёки тўлиқ бўлмаган иш ҳафтасини белгилаш, тиббий хулосага кўра ҳомиладор аёлларга иш меъёрларини камайтириш ва ҳ.к.).
Иш берувчи ходимнинг талабини у берилганидан кейин уч кун ичида кўриб чиқади. Талабни қондиришдан бош тортилган ҳолда иш берувчи ходимга бош тортиш сабабини маълум қилади.
2.16.Ходим иш берувчи томонидан меҳнат шартлари ўзгартирилиши, шунингдек, унинг ходим талабига кўра меҳнат шартларини ўзгартиришни рад этиши хусусида судга шикоят қилишга ҳақлидир.
2.17.Иш берувчи ходимни фақат унинг розилиги билан бошқа доимий ёки вақтинчалик ишга ўтказиши мумкин.
2.18.Томонларнинг келишувига биноан ишга қабул қилиш пайтида ҳам, ундан кейин ҳам ходим томонидан асосий иш бўйича вазифалардан ташқари бажариладиган ишлар ҳажмини кўпайтириш тартибини, қўшимча мажбуриятлар бажаришини келишиб олиниши мумкин.
Кўрсатилган ишларни ходим асосий иш учун ажратилган вақтда бажаради. Уларни бажариш тартибини ва меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори томонларнинг келишуви билан белгиланади.
2.19.Ходим мазкур қоидаларнинг 2.20-бандида белгиланган тартибда меҳнат шартномасини исталган вақтда бекор қилишга ҳақлидир.
2.20.Ўзининг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги нияти хусусида ходим тегишли аризани иш берувчига икки ҳафта олдин топшириб, ёзма равишда огоҳлантиришга мажбурдир. Бу муддатни узайтиришга йўл қўйилмайди.
Бундай аризани корхонада белгиланган ҳолда ходим ўзи ишда бевосита бўйсунган мансабдор шахсга топширишга ҳақлидир.
2.21.Ходим томонидан берилган ариза у берилган кундан кейинги кундан кечиктирмай раҳбарга топширилади.
Ходимнинг аризаси узрли сабаблар бўйича ишни давом эттириш мумкин эмаслиги билан шартланган ҳолда у иш берувчига уни топшириш кунида берилади ва иш берувчи меҳнат шартномасини аризада курсатилган муддатда бекор қилишга мажбурдир.
Узрли сабабларга қуйидагилар киради:
ўқув юртларига ўқишга қабул қилиниш;
пенсияга чиқиш;
сайланадиган лавозимга сайланиш;
ходим ёки унинг яқин қариндошларининг бири тиббий хулосага кўра парваришга муҳтож бўлганлиги сабабли (бу хулосани ВТЭК, ВКК беради);
мазкур ишни давом эттириш мумкин эмаслигини белгилайдиган бошқа узрли сабаблар.
қонун билан белгиланган огоҳлантириш муддати ходим билан иш берувчи(ёки ишга кабул килиш ваколати берилган мансабдор шахс) ўртасидаги келишувга кўра қисқартирилиши мумкин, бу эса ходимнинг аризасида меҳнат шартномасини бекор қилишнинг аниқ санасини кўрсатган ва иш берувчининг тегишли рухсати кўринишида акс эттирилиши керак.
2.22.Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризани ходим исталган вақтда, шу жумладан, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик, таътилда, хизмат сафарида бўлган даврда ва ҳоказоларда топширишга ҳақлидир. Кўрсатилган даврнинг ҳаммаси меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида белгиланган огоҳлантириш муддатига ҳисобланади.
2.23.Огоҳлантириш муддати мобайнида меҳнат шартномасининг шартларини томонлар одатдаги тартибда бажаришни давом этадилар.
Ходимнинг огоҳлантириш муддати мобайнида аризани қайтариб олиш ҳуқуқи сақланади.
Агар мазкур қоидаларнинг 2.20 ва 2.21 -бандларида кўрсатилган муддатлар тугаганидан сўнг меҳнат шартномаси бекор қилинмаса, меҳнат муносабатлари давом эттирилади.
2.24.Иш жойи сақланиб турадиган ходимнинг йўқлиги вақтига тузилган меҳнат шартномасининг муддати ана шу ходим ишга қайтиб келган кундан бошлаб тугайди.
2.25.Номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини, шунингдек, муддатли меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра унинг муддати тугашидан олдин бекор қилишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:
Меҳнатни ташкил қилишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штатлари) ўзгаришига олиб келган иш ҳажмларининг қисқариши;
малакаси етарли эмаслиги ёки соғлиғининг ёмонлиги оқибатида ходимнинг бажарилаётган ишга мувофиқ эмаслиги;
ходимнинг айбли ҳатти-ҳаракатлари.
2.26.Меҳнат шартномасини мазкур қоидаларининг 2.25-бандида кўрсатилган асослар бўйича бекор қилишга, корхонани тугатиш ва корхона раҳбари билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳолатидан ташқари,касаба уюшма қўмитасининг олдиндан розилигини олмасдан туриб йўл қўйилмайди. Иш берувчи меҳнат шартномасини касаба уюшма қўмитасининг розилигини олган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмай, айбли хатти-ҳаракатлар учун эса, бундан ташқари,-интизомий жазони белгилаш учун кўрсатилган муддатлардан кечиктирмай бекор қилишга ҳақлидир.
2.27.Иш берувчининг ташаббусига кўра қуйидаги ҳолларда меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилмайди.:
вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврида ёки ходимнинг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ёки бошқа меъёрий ҳужжатларда кўзда тутилган таътилда бўлган вақтида. Бу қоида корхонани тўлиқ тугатиш ҳолатига татбиқ этилмайди;
корхона тўлиқ тугатилиб, ходимларни мажбуриятли равишда ишга жойлаштириш билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳоллардан ташқари;
ҳомиладор аёллар ва уч ёшгача болалари бўлган аёлларга нисбатан, меҳнат шартномаси бекор қилинмайди.
2.28.Иш берувчи ходимни меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти тўғрисида ёзма равишда (тилхат олиб) қуйидаги муддатларда огоҳлантириши шарт;
меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, иш ҳажмларининг қисқариши, ходимлар сони (штати) ўзгариши ёки ишлар тарзининг ўзгариши муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилаётганда, камида икки ой олдин;
ходимнинг малакаси етарли эмаслиги ёки соғлиғининг ёмонлашгани оқибатида бажараётган ишига мувофиқ келмаслиги муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинаётганида, камида икки ҳафта олдин.
Ходимни огоҳлантириш муддатига вақтинчалик лаёқатсизлик даврлари киритилмайди.
2.29.Агар тиббий хулосага кўра ходимнинг ўз зиммасига юкланган ишни бажаришни давом эттириши мумкин бўлмаса, иш берувчи меҳнат шартномасини огоҳлантиришсиз бекор қилади ва ходимга унинг икки ҳафталик иш хақи ҳажмида бадал тўлайди.
Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра ушбу қоидаларнинг 2.23-бандида кўзда тутилган огоҳлантириш муддатлари ҳам уларнинг давом этиш муддати билан ўлчанадиган пулли бадал билан алмаштирилиши мумкин.
2.30.Ходимнинг айбли хатти-ҳаракати оқибатида меҳнат шартномасини бекор қилишда иш берувчи камида уч кун олдин ходимни меҳнат муносабатларининг бекор қилиниши тўғрисидаги хабардор қилади ёки бунинг ўрнига керакли ҳажмда бадал тўлайди.
2.31.Иш берувчи ходим айбли хатти-ҳаракатлар қилган тақдирда у билан меҳнат шартномасини қуйидаги асослар бўйича бекор қилишга ҳақлидир:
ходим ўзининг меҳнат мажбуриятларини мунтазам бузиб келган бўлса;
ходим ўзининг меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузган булса.
2.32.Меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузганлик деб қуйидагилар тушунилади:
ижро интизомини бузиш (Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, фармойишлари ва топшириқларида, Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг қарорлари ва фармойишларида, юқори орган ва ҳокимнинг қарорларида қўйилган вазифаларни амалга оширишни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда таъминламаганлик);
ишга узрсиз сабаблар билан чиқмаслик (ишда узрсиз сабаблар билан иш куни мобайнида узликсиз ёки вақти-вақти билан жами 4(турт) соатдан кўпроқ бўлмаганлик);
Ишга алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик ёки заҳарвандлик воситаларини истеъмол қилиб келиш, буни гувоҳларнинг кўрсатмалари ёки тиббий хулоса тасдиқлаган бўлса;
Иш жойида корхонанинг мол-мулкини ўғирлашни содир этиш.
ходимларнинг, шу жумладан, тартиббузарнинг ҳам ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдирадиган тарзда хавфсизлик техникасини, қўпол равишда бузиш;
ходим томонидан меҳнат мажбуриятлари бузилиб, Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг 5 (беш) баравар микдорида моддий зарар етказилиши;
махфий тутилиши лозим бўлган хизмат сирининг ходим томонидан ошкор қилиниши;
бевосита пул ёки товар бойликларига хизмат кўрсатадиган ходим томонидан содир қилинган айбли хатти-ҳаракатлар иш берувчи томонидан унга нисбатан ишончнинг йўқолиши учун асос бўлса.
2.33.Меҳнат шартномаси қуйидаги ҳолларда ҳам бекор қилиниши мумкин:
ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилганда;
илгари шу ишни бажарган ходим ишга қайта тикланганда ;
ходим илгариги ишини давом эттиришига имкон бермайдиган жазога ҳукм қилинган суд ҳукми қонуний кучга кирганда, шунингдек, суднинг қарорига кўра ходим ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасига юборилганда;
ишга қабул қилишнинг белгиланган қоидалари бузилганда, агар йўл қўйилган бузилишни бартараф этиш мумкин бўлмаса ва ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса;
ходим вафот этганида;
2.34.Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқда Меҳнат кодекси ёки бошқа меъёрий ҳужжатларнинг тегишли банди ва моддасига мувофик меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асоси кўрсатилади.
Меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббусига кўра мазкур қоидаларнинг 2.26-бандида кўзда тутилган узрли сабабларга кўра ва қонунчиликда муайян имтиёзлар ва афзалликларни бериш билан боғлиқ бошқа сабабларга кўра бекор қилинганида меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқда ушбу сабаблар кўрсатилади.
3. Меҳнат интизомини таъминлаш ва жавобгарлик
3.1.Муассасада меҳнат интизоми меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига, жамоа шартномаси шартларига, ушбу қоидаларга ва меҳнатни муҳофаза қилиш, хавфсизлик техникаси, шунингдек, ҳар бир ходим билан тузилган меҳнат шартномаси шартларига риоя қилишни ўз ичига олади.
3.2.Меҳнат мажбуриятларини тегишли равишда бажариш, меҳнатда юқори натижаларга эришиш, корхонада узоқ муддат намунали ишлаш ва ишдаги бошқа ютуқлари учун ходимларга нисбатан қуйидаги рағбатлантиришлар қўлланиши мумкин:
миннатдорчилик;
пул мукофоти билан тақдирлаш;
қимматбаҳо совға билан мукофотлаш.
Жамият ва давлат олдидаги алоҳида хизматлари учун ходимлар қонунчиликда белгиланган тартибда давлат мукофотларига тақдим этилиши мумкин.
3.3.Тақдирлашлар ходим ишлаётган мажмуа раҳбарининг ёки ходимлар вакиллик органининг илтимосномасига кўра иш берувчи томонидан чиқариладиган буйруққа биноан эълон қилинади.
3.4.Меҳнат интизомини бузганлик учун иш берувчи ходимга нисбатан қуйидаги интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақлидир:
хайфсан эълон килиш;
ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдоригача жарима солиш;
меҳнат интизомини мунтазам бузганлик учун, шунингдек, ушбу қоидаларнинг 2.32-бандида кўзда тутилган холларда ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдоригача жарима солиш;
меҳнат шартномасини бекор қилиш.
3.5.Жазо чораси қўлланилишига қадар ходимга йўл қўйилган қонунбузарлик сабаблари ва ҳолатини ёзма равишда тушунтириш имконияти берилади. Тушунтириш беришдан бош тортиш унга нисбатан содир этилган ҳаракат учун чора кўришга тўсқинлик қилмайди. Ходимнинг тушунтириш беришдан бош тортиши далолатнома билан расмийлаштирилади.
3.6.Иш берувчи ҳар бир ҳаракат учун ушбу қоидаларнинг 3.4.-бандида кўрсатилган интизомий жазонинг фақат биттасини қўллашга ҳақлидир.
3.7.Интизомий жазонинг амал қилиш муддати уни қўллаш кунидан бошлаб бир йилдан ошиши мумкин эмас. Агар шу муддат давомида ходим янги интизомий жазога тортилмаса у интизомий жазо олмаган деб ҳисобланади. Бундай ҳолда интизомий жазони бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилмайди. Интизомий жазони қўллаган иш берувчи уни бир йил тугашишига қадар ўзининг ташаббусига кўра, ходимнинг илтимосига кўра, ходимлар вакиллик органи, ёки ходимнинг мажмуа раҳбари илтимосномасига кўра бекор қилишга ҳақлидир. Ходимдан интизомий жазони муддатидан олдин олиб ташлаш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
3.8.Интизомий жазо устидан ходим ушбу қоидаларнинг 5.1.-5.6-бандларида кўзда тутилган тартибда шикоят қилиши мумкин.
3.9.Иш берувчига ходим бевосита тўғридан-тўғри зарар етказган ҳолда интизомий жазо ва таъсир кўрсатишнинг бошқа чораларини қўллашдан қатъи назар, ходим, бундан ташқари, қонунчиликда белгиланган тартибда моддий жавобгарликка ҳам тортилиши мумкин.
3.10.Меҳнат интизомини бузганлик учун ходимларга нисбатан, интизомий жавобгарликдан ташқари, лоқал ҳужжатлар билан таъсир кўрсатишнинг бошқа чоралари ҳам қўлланиши мумкин (мукофотдан, иш якунлари бўйича йил учун мукофотдан тўлиқ ёки қисман маҳрум қилиш ва ҳ.к.).
4. Иш вақти ва дам олиш вақти
4.1.Ходим ушбу қоидаларга, навбатчилик жадвалларига ва меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ ўзининг меҳнат мажбуриятларини бажариши керак бўлган вақт иш вақти ҳисобланади.
4.2.Корхонада ҳар кунги иш вақти 8 соатни ташкил этадиган беш кунлик иш ҳафтаси белгиланган.
Барча ходимлар учун дам олиш кунларини хафтанинг шанба ва якшанба кунлари ташкил этади.
4.3.Ҳар кунги ишнинг давомийлик вақти қуйидаги ҳолларда бир соатга қисқартирилади:
байрам (дам олиш) кунлари арафасида;
Жамоа шартномасида кўзда тутилган бошқа ҳолларда.
4.4.Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишув бўйича ишга қабул қилиш пайтида ҳам, кейинчалик ҳам тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгиланиши мумкин.
Иш берувчи қуйидаги ҳолларда тўлиқсиз иш вақтини белгилаши мумкин:
ҳомиладор аёллар;
14 ёшгача боласи (16 ёшгача ногирон боласи) бўлган аёллар, шу жумладан, унинг ҳомийлигида ёки тиббий хулосага мувофиқ оиланинг касал аъзосини боқаётган шахснинг илтимосига кўра, қонунчиликда, шунингдек, жамоа шартномасида кўзда тутилган ҳолларда.
Тўлиқсиз иш вақти шароитида ишлаш ходим учун ҳар йилги таътил муддатини меҳнат стажини ҳисоблаш ва бошқа меҳнат ҳуқуқларини бирор бир тарзда чеклашларга сабаб бўлмайди ва ишланган ишга мутаносиб равишда хак туланади
4.5.Ҳар кунги ишнинг бошланиш ва тугаш ҳамда овқатланиш учун танаффус вақти қуйидагича белгиланади:
Иш вакти: соат 09.00 дан 18.00 гача
Танаффус вакти: соат 13.00 дан 14.00 гача
4.6.Ҳар кунги иш вақтидан ортиқча белгиланган иш ходим учун иш кунидан ташқари меҳнат вақти ҳисобланади.
Иш кунидан ташқари меҳнат қилишга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади.
4.7.Ходимларнинг айрим тоифаларини дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб этишга фақат фавқулодда ҳолларда иш берувчининг ёзма фармойиши билан жамоа шартномасида кўзда тутилган асосда ва тартибда йўл қўйилади.
4.8.Хомиладор аёллар ва 14 ёшгача болалари бўлган аёллар кўрсатилган ишларга фақат уларнинг розилиги билан жалб этилиши мумкин.
4.9.Ходимнинг иш вақтидан ташқари, дам олиш ва байрам кунларидаги меҳнатига ҳақ тўлаш жамоа шартномасига мувофиқ амалга оширилади.
4.10.Барча ходимларга иш жойи ҳамда ўртача иш ҳақки сақланган ҳолда ҳар йилги меҳнат таътиллари берилади.
4.11.Ҳар йилги таътиллар (асосий ва қўшимча) вақти, уларга ҳақ тўлаш ва ҳисоблаш тартиби, шунингдек, таътил олишга ҳуқуқ берадиган иш стажини ҳисоблаш қонунчиликда кўзда тутилган тартибда амалга оширилади
4.12.Ходимнинг аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг қанча давом этиши томонларнинг келишуви билан белгиланади.
4.13.Ҳар йилги асосий таътил қуйидагича берилади:
ишланган биринчи йил учун-олти ой ишлагандан кейин;
иккинчи ва кейинги йиллардаги иш учун-таътиллар жадвалига мувофиқ.
4.14.Таътил ҳар йили у бериладиган иш йили тугашига қадар берилиши керак. Таътил ходимнинг ёзма аризасига кўра қисмларга бўлиниши мумкин. Таътил қисмларидан бири камида 12 иш кунини ташкил этиши керак.
Муддатидан олдин таътилдан чақириб олиш фақат ходимнинг розилиги билан амалга оширилади. Таътилнинг фойдаланилмаган қисми жорий йилда берилади ёки кейинги йил таътилига кўшиб берилади.
4.15.Ходимнинг хоҳишига қараб иш вақтида энг кам муддатдан (15 иш кунидан) ортиқча йиллик таътил учун пул бадали тўланади.
4.16.Ҳар йилги таътилларни беришдаги рағбатлар календарь йили бошланишига қадар корхона раҳбари касаба уюшма қўмитаси билан келишиб тасдиқлайдиган жадвалга биноан белгиланади. Ана шу тартибда жадвал ярим йил тугаганидан кейин ана шу даврда ишга янги қабул қилинган ходимларни ҳисобга олиб тўлдирилади.
Ходим таътилни бериш вақти тўғрисида унинг бошланишидан кўпи билан 15 кун олдин хабардор қилиниши керак.
4.17.Таътил учун ҳақ таътил бошланадиган кундан олдинги кунда тўланиши керак.
Ходимнинг аризасига кўра таътил бошқа муддатга кўчирилиши мумкин, агар у бу ҳақда ўз вақтида хабардор қилинмаган ёки унга таътил бошланишига қадар таътил вақти учун ҳақ тўланмаган бўлса.
4.18.Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра меҳнат шартномаси бекор қилинганда (шу жумладан, унинг муддати тугаши муносабати билан ҳам) ходимнинг хоҳишига кўра меҳнат муносабатларини кейин тугатган ҳолда ҳар йилги асосий ва қўшимча таътиллар берилиши кўзда тутилиши мумкин.
Мазкур ҳолда таътилнинг тугаш куни меҳнат шартномасини бекор қилиш санаси деб ҳисобланади.
Кейин ишдан бўшатиш шарти билан таътилга чиққан вақтда ходим, қонунчиликда белгиланган ёки томонларнинг келишувига кўра белгиланган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш муддати тугаган бўлса, меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризани қайтариб олишга ҳақли бўлмайди.
5. Меҳнат шартномаси томонлари ўртасидаги ихтилофларни ҳал этиш
5.1.Ҳар бир ходим қонунчиликда, мазкур қоидаларда, корхонанинг бошқа лоқал ҳужжатларида ва меҳнат шартномасида кўзда тутилган меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан, судда ҳимоя қилиш, шунингдек, малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эгадир.
5.2.Ўзининг ҳуқуқларини бузилган деб ҳисоблаган ходим мустақил равишда ёки касаба уюшмаси қўмитаси орқали иш берувчига оғзаки ёки ёзма шаклда мурожаат қилишга ҳақлидир.
5.3.Ёзма жавоб ходимга унинг мурожаати моҳиятига кўра, бевосита кўриб чиқилгандан кейин юборилади.
Меҳнат шароитларини ўзгартириш тўғрисидаги мурожаатга жавоб ходимга уч кундан кечиктирмай жўнатилиши керак.
Ходим билан иш берувчи ўртасида кўрсатилган ҳолдаги ихтилоф пайтида ёки иш берувчининг жавобидан қониқмаганда ходим ўзининг танлашига кўра меҳнат низосини ҳал этиш учун судга, шунингдек, ходимлар хукукини ҳимоя қилишга ваколатли бошқа органларга мурожаат қилишга ҳақлидир.
5.4.Ходим судга қуйидаги муддатларда мурожаат қилишга ҳақлидир:
ишга тиклаш тўғрисидаги низолар бўйича ходимга у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг кўчирма нусхаси топширилган кундан бошлаб кўпи билан бир ой ичида;
бошқа низолар бўйича-ходим ўз ҳуқуқининг бузилгани тўғрисида билган ёки билиши керак бўлган кундан бошлаб уч ойдан кечиктирмай;
ходимнинг соғлиғига етказилган зарарни тўлаш тўғрисидаги низолар бўйича судга мурожаат қилиш муддати белгиланмайди.
Мазкур бандда кўрсатилган муддатларни узрли сабаблар билан ўтказиб юборилган тақдирда улар суд томонидан тикланиши мумкин.