Нутқ ва маърузалар

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг

33 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган

байрам тадбиридаги нутқи

 

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

Сизларни, сизлар орқали бутун халқимизни мустақиллик байрами билан самимий муборакбод этаман!

Бугун Сиз билан энг улуғ ва энг азиз байрамимиз – Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида учрашиб турганимиздан мамнунман!

Миллий давлатчилигимиз тарихига назар ташлайдиган бўлсак,
ота-боболаримиз азалдан мустақиллик учун курашиб, ўз юртига, ўз ерига ўзи эгалик қилишни асрлар давомида орзу қилиб келган. Халқимизнинг неча-неча мард ўғлонлари ўз юртини ҳимоя қилиб, босқинчиларга қарши мардона курашганлар.

Бундан 33 йил олдин – 1991 йил 1 сентябрь куни ота-боболаримизнинг асрлар давомидаги орзулари ушалиб, дунё харитасида Ўзбекистон деган мустақил давлат пайдо бўлди.

Бугун дунёнинг турли бурчакларида, атрофимизда содир бўлаётган турли уруш ва низолар, қарама-қаршиликлар ва келишмовчиликлар барчамизни янада огоҳ ва хушёр бўлиб, мустақиллигимизни, давлатимизнинг ҳудудий яхлитлигини кўз қорачиғидай асрашга ундамоқда. Чунки, айнан мустақиллигимиз шарофати билан Ватанимиз жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш имконига эга бўлдик.

Муҳтарам Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган оқилона ички ва ташқи сиёсат натижасида мамлакатимиз дунё давлатлари орасида ўз нуфузига эга бўлиб, халқимиз тинч ва фаровон яшамоқда. Барча соҳаларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида шаҳар ва қишлоқларимиз кундан-кунга обод бўлиб, халқимизнинг ҳаёт сифати янги босқичга кўтарилмоқда.

2022-2030 йилларга мўлжалланган “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” доирасида “Инсон қадри учун” деган тамойил асосида халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиётни ва тадбиркорликни жадал ривожлантиришга қаратилган улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, туманимизда ўтган 7 ой давомида 12 та, 21,2 млрд. сўмлик лойиҳалар ишга туширилди ва 117 та янги иш ўринлари яратилди. Улар томонидан йилига 5 млрд. 216 млн.сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди ҳамда хизматлар кўрсатилди.

Шунингдек, 10,7 млн. доллар миқдорида, шундан саноат маҳсулотлари 8,4 млн. доллар ва мева-сабзавот маҳсулотлари 2,3 млн. доллар миқдоридаги маҳсулотлар экспорт қилинишига эришилди.

Тумандаги 313 та фермер хўжаликлари томонидан 16 минг
358 тонна ғалла ҳосили етиштирилди. Жорий йилда туман аҳолисининг турмуш фаровонлигини янада ошириш борасида қарийиб 45,8 млрд.сўмлик 3 та мактаб, 2 та мактабгача таълим ташкилоти ва 1 та оилавий поликлиникаларни реконструкция қилиш, 1 та фавқулодда вазиятлар объектини қуриш, 2 та маҳаллада ичимлик суви тармоқларини тортиш, 1 та маҳаллада унверсал спорт майдончаси қуриш ҳамда “Мангит арна” ва “Қоракўз” каналларини реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Давлат дастурлари асосида 2024 йилда жами 34 км ички йўлларни таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, шундан бугунги кунда 20,1 км ички йўлларни таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, куни кеча туман Тиббиёт бирлашмаси тасарруфида янгидан барпо этилган 90 ўринли туғруқхона биноси фойдаланишга топширилди.

Бундай ижобий ўзгаришлар, албатта, хурматли Президентимизнинг халқимизга бўлган юксак эътибори ҳамда олийжаноб ва оқкўнгил хамюртларимизнинг меҳнатлари самарасидир.

Азиз юртдошлар!

Мамлакатимизда амалга оширилаётган бу каби ўзгариш ва янгиланишларнинг асоси – мустақиллик дея аталмиш буюк неъматдир.

Мамлакатимиз бундан 33 йил аввал ўз эркини қўлга киритиб, ўз тақдирини ўзи белгилаш, тараққиёт йўлини ўзи танлаш имконига эга бўлди.

Бугун юртимизнинг ҳар бир қишлоқ ва маҳалласида “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” деган ғоя асосида мустақиллигимизнинг 33 йиллик байрами кенг нишонланмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни яна бир бор мустақиллик байрами билан чин қалбимдан табриклайман!

Озод ва обод Ватанимиз ҳамиша тинч, бағрикенг ва меҳнаткаш халқимиз доимо соғ-омон бўлсин!

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

 

Эътиборингиз учун раҳмат!